Ёш истеъдодларнинг Испаниядаги ютуғи
Испаниянинг Ллорет-де-Мар шаҳрида 17-23 сентябрь кунлари бўлиб ўтган “Sea Sun Festival” (“Денгиз, қуёш, фестиваль”) номли халқаро фестиваль-танловда ўзбекистонлик ёш мусиқачилар иштирок этиб, совринли ўринларга сазовор бўлди.
Ёш ижодкор болалар иштирокидаги санъат байрами бир неча босқичда ўтказилиб, унда қатнашчилар хореография, рақс санъати, чолғу ижрочилиги, хонандалик, тасвирий ва амалий санъат, видео ва фотоижодиёт, модалар театри каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Фестиваль-танловда АҚШ, Болгария, Озарбайжон, Россия, Грузия, Словакия, Литва, Қозоғистон каби 12 давлатдан кўплаб иқтидорли ўқувчилар иштирок этди. Мазкур ижодий беллашувда Наманган шаҳридаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабининг ўқувчилари Гулшода Ҳалимжонова ва Ширин Набиева фортепиано бўйича 1-ўринни қўлга киритди. Шу мактабда билим олаётган Аҳрормирзо Раҳмонов скрипка ижрочилиги бўйича 2-ўринга муносиб топилди. Янгиқўрғон туманидаги 17-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Муҳриддин Акрамов мис пуфлама соз – труба ижрочилиги бўйича 2-ўринга сазовор бўлди.