Педагоглар малакасини ошириш янги босқичга кўтарилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори матбуотда эълон қилинди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 211 та “Баркамол авлод” маркази мавжуд бўлиб, уларда жами 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида педагог кадрларни тайёрлаш бўйича 5 та давлат педагогика институти, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича 14 та ҳудудий институт фаолият юритмоқда.

Амалдаги тартибга асосан халқ таълими муассасалари педагоглари камида 5 йилда бир маротаба ўз малакаларини оширадилар. Ўқитувчилар малака ошириш давомида мамлакатимизда ва жаҳонда педагогика, психология ҳамда ўқув фани бўйича эришилган энг янги ютуқларни чуқур ўрганиб, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг имкониятларидан хабардор бўлган ҳолда уларни амалиётга татбиқ этиб келмоқдалар.

Аммо ўтказилган таҳлиллар педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларида халқ таълими ва олий таълим тизимлари ўртасида узлуксизлик ва узвийлик таъминланмаганлигини кўрсатди. Натижада умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари фаолияти давомида фанларни ўқитиш методикаси, таълим ва тарбия назарияси янгиликларидан, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан, илғор хорижий тажрибалардан бехабар қолмоқдалар.

Шу боис, ушбу ҳужжатда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Нукус давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Жиззах давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти ва Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига бериш;

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларини тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасалари тасарруфига бериш ҳамда улар негизида Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларини ташкил этиш;

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти ва Республика илмий-педагогика кутубхонасини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфига бериш кузда тутилган.

Яна ўқинг:  Торч ҳақида нима биламиз?

Ташкил этилган Ҳудудий марказларнинг мақсад, вазифалари ҳамда юридик мақомлари белгиланган.

Қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик норматив асосларини ишлаб чиқиш, таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олиб, ижодий тафаккурни ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юклатилган.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Ҳудудий марказлар учун халқ таълими тизими ходимларининг касбий билимлари ва малакаларини ошириш ишларига илмий-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш, намунавий ўқув режа, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланган.

Ҳудудий марказлар фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг намунавий ташкилий тузилмасини тасдиқлаш ҳамда уларни малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш бўйича вазифалар ва муддатлар белгиланган.

Иш ҳажмини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг штатлар бирлиги янгидан тасдиқланган.

Қарор Ўзбекистон Республикасида таълим соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини кўтаришга хизмат қилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: