“Баркамол авлод – 2017”: Катта спорт байрамига қизғин тараддуд

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ҳамда олий ўқув юрти талабалари ўртасида ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт мусобақалари ёшларни жисмонан ва маънан етук инсонлар этиб улғайтириш билан бирга, уларда жамоа бўлиб ҳаракат қилиш, ғалабага интилиш иштиёқини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, ўтган вақт мобайнида ушбу мусобақалар орқали юртимизнинг барча ҳудудларида спорт инфратузилмаси такомиллаштирилди, янги ва замонавий спорт иншоотлари барпо этилди. Улар зарур спорт инвентарлари билан тўлиқ таъминланди.

Жорий йил Жиззах вилоятида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларига пойтахтимиз ёшлари ҳам пухта ҳозирлик кўришмоқда. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 2 мингга яқин ёш спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

– Ҳар бир мусобақа биз ёшлар зиммасига катта масъулият юклайди, – дейди Сергели политехника коллежи 1-босқич ўқувчиси Камрон Ҳасанов. – Саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, “Баркамол авлод” ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганимда ўзимни худди Олимпия ўйинларига йўлланма олгандек ҳис этдим. Насиб бўлса, мусобақанинг якуний босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиб, устозларим ишончини оқлайман.

Пойтахт жамоаси таркибидаги спортчилар орасида мамлакат ҳамда Осиё чемпионлари ва совриндорларининг борлиги, уларни бу галги мусобақалардан кўзлаётган натижалари юксак эканини кўрсатади. Қолаверса, бу йилги “Баркамол авлод” спорт ўйинлари аввалгиларидан фарқли равишда спортнинг ўн олти тури бўйича ўтказилади. Мусобақа дастурига баскетбол, волейбол, футбол, гандбол, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, сузиш ва шахмат билан бир қаторда оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо WTF, эркин ва юнон-рум кураши турлари киритилди.

– Иштирокчи спортчилар бир неча босқичда ўтказилган саралаш мусобақалари орқали саралаб олинди, – дейди Сергели политехника касб-ҳунар коллежи жисмоний тарбия мураббийи Фазлиддин Довулов. – Айни пайтга келиб, барча жамоалар тўлиқ шакллантирилди. Мақсадимиз эса ўтган галги “Баркамол авлод” ўйинларида кўрсатган натижаларимизни янада яхшилашдир.

2020 йили Японияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ мамлакатимизда жадал оммалашаётган олимпия спорт турлари – бокс, оғир атлетика, таэквондо, эркин ва юнон-рум курашининг уч босқичли мусобақаларга киритилгани ушбу тизим жаҳон майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган маҳоратли спортчилар тайёрлаш мактабига айланганидан далолат беради. Бунинг замирида дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялашдек эзгу мақсад мужассам.

Яна ўқинг:  Жанубий кореялик офтальмологлар Фарғонада

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: