Сергаклик инсон умрини узайтиради

Ҳалима хола ўғли Қодиржоннинг барвақт уйғонмаганига ҳайрон бўлди.

“Кеча ишдан толиқиб, кеч келганди, шунга ухлаб қолган бўлса керак”, дея хаёлидан ўтказди. Орадан ярим соат ўтгач, она ўғлининг уйғонмаганидан таажжубланиб, у ётган хонага бош суқди. Эшикни очаркан, димоғига газнинг аччиқ ҳиди урилди. Хаёлига келган даҳшатли фикрдан дарҳол сергак тортиб, тўшакда чалқанча ётган ўғлини турғизишга уринди. Бироқ, Қодиржон уйғонай демасди. Хола жон ҳолатда уйдагиларни ёрдамга чақирди. Яқинлари келгунича сабри чидамай, ўғлини даҳлизга бор кучи билан судрай бошлади. Қодиржон оила аъзоларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, ўзига келмади. Фақат “Шошилинч тиббий ёрдам” бригадаси шифокорларининг ўз вақтида кўрсатган муолажалари сабаблигина у омон қолди. Ўша куни Қодиржон хонани иситиш мақсадида туни билан ёқиб қўйилган газ ускунасидан чиққан ис гази оқибатида ҳушини йўқотган эди…

Юртимизда кунлар совий бошлаши билан аҳоли ўртасида турли иситиш ускунларидан фойдаланишга эҳтиёж ортади. Бу эса афсуски, айрим ҳолларда турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида турли ташвиқот-тарғибот ва профилактик тадбирларни мунтазам равишда олиб борилишига қарамай, юртимизда баъзан фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ҳамда айрим ҳудудларда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши натижасида портлаш ва ёнғин ҳолатлари кузатилмоқда.

Ёқилғи маҳсулотлари орасида нисбатан хавфлироғи табиий газ ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси ФВВ “Қамчиқ” МҚҚБ РКБ(б)М бўлинмаси бошлиғи Шерзод Қудратов. – Табиий газдан фойдаланганимизда гўёки, у тўлиқ ёнаётгандек тасаввур уйғонади. Аслида табиий газ тўлиқ ёнмаслиги натижасида хона ичида заҳарли газ тўпланиб, унинг оқими бехосдан узилиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Айрим фуқароларимиз газ плитасини ёқиб қаровсиз қолдиради. Иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш, ёнғин каби нохуш ҳолатлар содир бўлиши мумкин.

Маълумотларга қараганда ис гази (СО) истеъмолчилар фойдаланаётган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан вужудга келади. Тутун таркибида 3 фоиз, ишланган газда 13 фоиз, портловчи газлар таркибида эса 50-60 фоизгача ис гази бўлади.

Шунингдек, ис газининг 0,1 фоиз концентрацияси ҳам инсоннинг ўлимига сабаб бўлади. У юқори нафас йўллари ва тана аъзоларига кучли таъсир қилиб, бутун организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди. Заҳарланиш ис газининг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлиб, енгил, ўрта ва оғир даражада кечади. Ушбу газ гемоглабин ва кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма карбоксигемоглабинни ҳосил қилади. Натижада гемоглабиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксия, (тўқималарда кислород етишмовчилиги)га, оғир ҳолатларда эса аноксия ва ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  Туғруқ муассасалари: ота-оналар у ердан рози бўлиб чиқиб кетиши керак

Қайси даражада бўлишидан қатъий назар заҳарланган одамнинг боши қаттиқ оғрийди ва айланади. Шунингдек, унинг кўнгли айниб, қайт қилади, – дейди мутахассис Ш. Қудратов. – Баъзан бемор ҳушидан кетиб, унинг нафас олиши секинлашади. Яна инсоннинг аъзои бадани қизиб кетади, тана ҳолсизланади ва беморнинг кўзига уйқу келади. Айниқса, ис гази касалманд кишилар, кексалар ва болаларга тез таъсир қилади. Агар инсонда заҳарланиш кузатилса, унга тезлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш керак. Беморни зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Агар у юзаки нафас олаётган ёки нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, хастанинг сунъий нафас олиши учун шароит яратилади. Бемор ҳушида бўлса, танасининг юқори қисмидаги кийимларнинг тугмасини ечиш керак. Унга иссиқ чой ёки қаҳва ичирилади.

Шунинг учун ҳам аҳоли қиш мавсуми бошланиши билан мавжуд печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриларнинг тозалигига эътибор беришлари, носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланмасликлари лозим.

Унутманг, агар хонада табиий газ йиғилиб қолса, зудлик билан деразаларни очиб, уйни шамоллатиш, электр жиҳозларини ёқмаслик, агар улар ёнган бўлса ўчирмаслик лозим. Газ жўмракларини беркитиш, ёрилган, синган жойлар аниқланса, газ таъминоти идораси ёки авария-қутқарув хизматига зудлик билан хабар бериш керак.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: