ОИЛА САЛОМАТЛИГИ – ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ

Она юрт тинчлиги, унинг фаровон ва мустаҳкам бўлиши оиладан бошланади. Оила тинчлиги ва мустаҳкамлиги эса икки ёшнинг дунёқараши, фикрлаш доираси ва тарбиясига боғлиқ.

Яқинда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Хоразм вилоят бўлими жамоасининг мазкур йўналишда олиб бораётган ишлари билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида ижодий сафарда бўлдик.

Ўзбекистон Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси вилоят бўлими раиси Комила Собирова, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими директори Наргиза Шарипова, вилоят “Оила” илмий маркази директори Жамила Матчонова, вилоят Халқ таълими бошқармаси масъул ходими Икром Юнусовлар билан ҳудуддаги қатор билим масканларида бўлиб “Соғлом авлод” газетаси кунлари тадбирларини ўтказдик.

Жумладан, Урганч туманидаги 1-сон умумтаълим мактаби, Гурлан туманидаги 6-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб, Янгибозор туманидаги 10-сон айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш” мавзусида суҳбат ўтказилди. Ўқувчиларнинг билим савияси, соғлом турмуш тарзи борасидаги билимлари, ўқишдан бўш вақтларини қандай ўтказаётганликлари билан қизиқдик.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими директори Н.Шарипова жамғарма фаолияти, мақсад ва вазифалари билан болаларни яқиндан таништирди. Бугунги кунда барча билиши керак бўлган репродуктив саломатлик, иммун танқислиги синдроми нималарга олиб келиши, унинг олдини олиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳамда юқумли касалликларнинг турлари, улардан қандай сақланиш мумкинлиги ҳақида тушунчалар берди.

Жамғарма фаолиятидан

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2009-2013-йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг бажарилиши бўйича “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими тасарруфидаги “Амбуланс” ТИП бригадаси жамоаси “Мустаҳкам оила йили”да Шовот, Хонқа, Қўшкўпир, Гурлан, Урганч туманлари ва Ҳазорасп туманига қарашли Тупроққалъа мавзеси маҳаллалари ҳамда Саримой ҳудуди, шунингдек, Урганч шаҳридаги маҳалла ва ташкилотларда бўлиб, кам таъминланган оилалар, репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда ўсмир ёшдаги қизларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Функционал ташхис усулида аниқланган касалликлар бўйича ўсмир ёшдаги қизлар, репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда бошқаларга амбулатор ҳамда стационар даволаниш учун тавсиялар берилди.

Яна ўқинг:  Бу касб фидойиликни талаб этади

Шунингдек, йил бўйи аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Репродуктив саломатлик”, “Эрта ва қариндош-уруғлар орасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти”, “Скрининг моҳияти”, “Оила мустаҳкамлиги”, “Мен соғлом турмуш тарафдориман” мавзуларида маърузалар ўқилди. Шунингдек, ёшлар онгини ғоявий таҳдид ва паст савияли “оммавий маданият”нинг зарарли таъсирларидан асраш мақсадида ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб бордилар.

Урганч шаҳридаги “Кўзи ожизлар жамияти”да, махсус 5-, 6-сонли мактабгача таълим муассасалари, 26-сон маҳаллада, Урганч туманидаги “Оилавий болалар уйи”да бўлдилар. Айниқса, Огаҳий номидаги вилоят театрида кам таъминланган оилаларга совғалар улашиб байрамона кайфият бахш этдилар.

Келажакка эътибор

“Мустаҳкам оила йили”да оилаларга, оилавий спорт билан шуғулланишга эътибор кучайди. Жорий йилда “Оила куни” муносабати билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят Кенгаши, вилоят “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси ҳамкорлигида “Соғлом оила – соғлом жамият” мавзусида стол тенниси спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди. Хива шаҳридаги ногирон болалар ўртасида “Соғлом авлод учун” кубоги учун футбол мусобақалари бўлиб ўтди. Болажонларга жамғарма томонидан совғалар, витамин ва гигиеник анжомлар тарқатилди.

Вилоят “Олимпия заҳиралари” коллежида 15-16 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилган “Футболимиз келажаги” республика кубоги мусобақасининг вилоят босқичи ғолибларига жамғарма томонидан уч турдаги мурувват ёрдами сифатида дори-дармонлар, гигиеник анжомлар ва болалар оёқ кийимлари тарқатилди.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Камалак жилоси”, “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танловлари, умумтаълим мактаблари орасида “Саломатлик бурчаги” кўрик-танловининг вилоят босқичини ўтказилишига ҳам жамғарма ходимлари муносиб ҳисса қўшдилар.

Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Сиз бизнинг келажагимиз” мавзусида Урганч шаҳридаги 26-сон маҳаллада, 96-мактаб-интернатда, “Оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш Ассоциацияси” қошидаги “Фарзандга эътибор” ўқув маркази, 6-сон мактабгача таълим муассасаси, Ногиронлар жамиятида рўйхатда турган кам таъминланган оила фарзандлари учун байрам тадбири уюштирилди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, таълим-фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят кенгаши билан ҳамкорликда болажонларнинг ёзги дам олиш мавсумида болалар оромгоҳларида дам олаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар фарзандларига вилоят Халқ таълими бошқармасига қарашли Янгибозор тумани спорт мактаб-интернати қошидаги “Шунқор” оромгоҳининг 140 нафарига жамғарма томонидан мурувват ёрдами ва китобчалар топшириб болаларга қувонч бахш этдилар.

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2012/51)

“Авесто” боғида ўтказилган “Намунали маҳалла” кўрик-танлови иштирокчиларига 40 дона, шунингдек, вилоят имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш жамиятида “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” шиори остида ўтказилган маданий-маърифий тадбир иштирокчиларига кийим-кечак, оёқ кийимлари ва комплекс витаминлар тарқатилди.

Вилоят “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ҳамда “Амбуланс” шифокорлари томонидан “Аҳолининг репродуктив соғлигини мустаҳкамлаш”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Соғлом она – соғлом бола» , “ОИТС ва гиёҳвандлик”, “Сил касаллиги профилактикаси”, “Йод танқислиги» ва “Скрининг – бу нима?” мавзуларида вилоятнинг ҳар бир тумани, чекка қишлоқ ҳудудларидаги аҳоли ўртасида суҳбатлар уюштирилди. Республика “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан мурувват ёрдами сифатида келтирилган кийим-кечак, оёқ кийимлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник анжомлар ҳамда комплекс витаминлар кам таъминланган оилалар, репродуктив ёшдаги аёллар, ўсмирлар ҳамда имконияти чекланган фуқароларга тарқатилди.

Яқинда Урганч шаҳридаги 29-, 30-маҳаллаларда ўтказилган тиббий кўрик натижасида аниқланган камқонлик, меъда-ичак тизими, буйрак хасталиклари бўйича аҳолига зарур дори-дармон, мультивитаминлар тарқатилди. 30-сон маҳалла раиси Ровия опа Сувонова ўтиб бораётган “Мустаҳкам оила” йилида участка шифокорлари билан ҳамкорликда “Соғлом она – соғлом бола”, репродуктив саломатлик, ёшлар ўртасида эрта никоҳнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатлари тўғрисида ўтказилган тадбирлар ҳақида гапирди. Беш нафар фарзанднинг онаси Ойшажон Қурбонова, Феруза Рўзимова, Ирода Хударгановалар тиббий-ижтимоий ходим Ойбиби опа Солаева, УТТ шифокори Юлдуз Меҳмонова айниқса, жамоа раҳбари Наргиза Шариповаларга бугунги тиббий кўрик учун ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Бугунги кунда жамғарма УТТ, ЭКГ, кольпоскопия, аудиометрия, тезкор лаборатория (гемоглобинни аниқлаш) тиббий ускуналари, дори-дармонлар, витаминлар билан таъминланган. “Амбуланс” автомашинаси билан мутахассислар узоқ чекка қишлоқларга бориб, юқорида қайд этганимиздек, кам таъминланган аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, турли касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Хоразм вилояти.

Муаллиф олган сурат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: