Қобуснома – қадимий одобнома
Унинг ёшлар тарбиясида аҳамияти катта
Аждодларимиз қадимдан ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор бериб келишган. Юрт тақдири, равнақи ёшлар таълим-тарбиясига чамбарчас боғлиқ эканини дилдан ҳис этган.
Дарҳақиқат, биз ҳам ота-боболаримиз анъаналарига амал қилиб фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратаяпмиз. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан китобхонлик маданиятига, китоб орқали болаларни тарбиялашга эришмоқдамиз. Бу борада биздан олдин ўтган дунё илм-фани, маданияти, адабиёти ва санъатига муносиб ҳисса қўшган улуғ сиймолар яратган ишлари биз учун асосий қўлланмага айланмоқда. Ана шундай нодир асарлардан бири Кайковуснинг “Қобуснома”сидир. Афсус бугун баъзи ёшларимиз ушбу китоб мазмунидан бехабар қолмоқдаларки, бу айнан уларнинг “оммавий маданият”га кўр-кўрона, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай эргашаётганларида билинмоқда десак, айни ҳақиқатни гапирган бўламиз.
Мазкур асар ҳаёт синовларида тобланган инсоний туйғулар ҳақида. Хусусан, китобда шоҳ Кайковус ўзининг ҳаётий тажрибалари билан ўғли Гилон шоҳни тарбиялашни истайди ва ўзининг бу панд-насиҳатларини дилбанди учун энг қимматбаҳо мерос деб таъкидлайди. У ўз асари “Қобуснома”да фарзанди Гилон шоҳга мурожаат қилиб дейди: “Эй фарзанд, умидим шуки, сен шу пандларни қабул қилгайсан. Билгилки, халқни русми, одати шундайки, югуриб-елиб, қидириб-ахтариб дунёдан бирор нарса ҳосил қиладилар ва нарсаларини ўзларининг яхши кўрган кишисига қолдириб кетадилар. Мен дунёда мана шу сўзларни ҳосил қилдим, сен менинг учун энг қимматбаҳо хазинасан. Менга сафар вақти яқинлашди, дунёдан нима ҳосил қилган бўлсам, сенинг олдингга қўйдим, токи ўзингга бино қўймагайсан ва ўзингга номуносиб ишларни қилмагайсан”.
Шоҳ Кайковус бола тарбиясига катта эътибор қаратган. Айни унинг “Қобуснома” асарида тарбия, ахлоқ масалалари асосий ўринни эгаллайди.
Китоб 44 бобдан иборат. Кайковус “Ота-онани ҳурматлаш ҳақида” бобида ғоят муҳим бир фикрни баён қилади. Бу ўринда ўзбек ва тожик халқларининг “Нима эксанг, шуни ўрасан” деган машҳур бир мақолини ишлатади. Унга кўра киши одамларга яхшилик қилса, катталарга ҳурмат, кичикларга мурувват қўлини чўзса, унинг бу эзгу ишлари бошқалардан қайтади, ёмонлик, дилозорлик каби қилмишлари ҳам, албатта, ўзига ўзгалардан қайтади.
Кайковус яна ушбу бобда ўғлига насиҳат қилиб дейди: “… ўз фарзандинг сени ҳурмат қилишини истасанг, сен ҳам ота-онангни ҳурматини жойига қўй, зеро сен уларга қандай муносабатда бўлсанг, худди шундай ўзингга қайтгай”. У бу билан ота-онанинг кўнглини ранжитмасликка, уларни ҳурматини қилиб, ширинсўз билан хушмуомала бўлишга ундайди.
Кайковус ўғлини халққа яқинлашишга, унинг манфаатини кўзлашни фарзандига уқтиради: “Халқнинг озгина яхшилигини кўп кўргил, қайси нарса халқ манфаатига яқин туришини ўрган”, – дея ёзади.
Баланд мартабага эришишни насл-насаб билан боғламайди, балки ақл-идрок ва ҳунар билан боғлайди.
Кайковус ўз асарида тарбияга алоҳида эътибор қаратар экан, тарбияни инсон ақлини ва шахсий ҳаётни шакллантирувчи омиллардан деб билади. Бунда инсон руҳиятини юксакларга кўтаришни илгари суради, салбий иллатларнинг сабабларини излайди. Хусусан, инсоннинг камол топишида тарбиянинг таъсир ўрни юқори эканлигини эътироф этишни бурч деб билади. Унинг фикрича, ёшларга тарбия беришдан мақсад уларни нафақат бугун, балки келажак учун ҳам керакли шахслар қилиб вояга етказишдир. Шунинг учун муаллиф асарда ёшларнинг хулқ-атворига, феълига алоҳида эътибор беради. Шунингдек, асарда дўсту душманга қандай муносабатда бўлиш каби масалалар ҳам ёритилган. Бола бошидан дегандек, фарзандни туғилгандан тарбиялаш, унга одоб-ахлоқ меъёрларини ўргатиш, илму ҳунарли қилиш, боланинг меҳнатга бўлган кўникмасини ҳосил қилиш зарурлигини, акс ҳолда “кечиккан” тарбиянинг ҳеч бир таъсири бўлмай, зарур самарани бермаслигини Кайковус айтиб ўтган. “Қобуснома”да ёшликда бор куч-қувватни билим олиш, касб-ҳунар ўрганишга сарфлаш айни муддао эканлиги таъкидланган.
Ёшларни миллий қадриятлар, шарқона одоб-ахлоқ руҳида тарбиялашни истар эканмиз, бу каби асарларни уларга улашиш бу борадаги энг эзгу ишлардандир.
Малоҳат БАДАЛБОЕВА,
Республика ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти
Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси