Оромбахш мусиқа – руҳ озиғи

Қадимда маъноли сўз ва мумтоз мусиқа барча халқларда муқаддас саналган. Дунё сўз туфайли яралган бўлса, одам жисмига жон мусиқа ёрдамида кирган, деган ривоят азалдан кўпгина халқларнинг битикларида мавжуд.

Инсон ҳаётида қўшиқнинг ҳамиша ўз ўрни, ўз вазифаси бўлган. Қўшиқ кишиларни яшашга, курашга чорлаган, меҳнатга, муҳаббатга руҳлантирган, уларнинг дарду қайғусига малҳам, бахту қувончига шерик бўлган…

Ўтмишда қўшиқ матнини халқнинг энг донишманд, энг тажрибали, энг машҳур шоирлари ёзишган. Улар гўзал, энг маъноли, энг таъсирчан сўзларни танлаб-танлаб олишган. Булбул билан баҳс бойлашадиган моҳир бастакорлар уларга куй басталаган, қумрини доғда қолдирадиган ҳушовоз ҳофизлар уларни жўшиб ижро этган.

Қўшиқ дунёда ана шундай муқаддас, илоҳий бир мўъжиза саналади. Ундан том маънода завқланиш учун мумтоз ва замонавий ашулачиликда уч муҳим жиҳат-теран маъноли ва таъсирчан шеър, гўзал ва оромбахш мусиқа, ёқимли ва жарангдор овоз ўзаро мувофиқ келиши керак.

Кимдир санъатга ошно бўлибдими, демак, унинг кўнглида бировга ёмонлик қилиш нияти бўлмайди. Чунки, қўшиқлар энг аввало инсон қалбига эзгулик, инсонийлик каби туйғуларни олиб киради. Гўзалликни теран англаган инсон оддий бир баргнинг шивирини тинглаб ҳам ҳаловат топиши мумкин Лекин инсон учун у дунёга келгач, илк бора эшитадиган қўшиғи – бу алла ҳисобланади. Алла эшитиб, улғайган йигит-қизларга онаси ўзининг юрак тубидаги энг инжа тилакларини билдиради. Пок қалбдан чиққан сўзлар эса эзгу дуолардек ижобат бўлса не ажаб.

Тадқиқотчилар Абу Али ибн Синонинг мусиқага оид асарлар яратиб, уларнинг фақат бир қисми бизгача етиб келганлиги ҳақида маълумот берадилар. Шулардан бири “Мусиқа билимига оид тўплам” бўлиб, бунда аллома товушнинг сезги аъзоларига таъсири, унинг ёқимли ва ёқимсизлиги, уни эшитганда лаззатланиш ёхуд ғазабланиш ҳиссининг пайдо бўлиши каби масалаларга тўхтайди. Бу асарда мусиқанинг киши ҳаётига қанчалик зарурлиги ҳақида ҳам фикрлар баён этилади. Унинг фикрича, инсон табиатан ёқимли нарсалар орқали енгил тортса, унинг акси ҳолатида эса ороми йўқолиб, руҳи безовта бўлади. Инсон маънавий-руҳий камолотга мусиқа санъатисиз эриша олмайди.

Ҳомила асаб тизимининг тўғри ривожланишига ва унинг фаолияти такомиллашишига кўп нарсалар таъсир қилади. Бироқ, биз уларга доимо эътиборсиз бўламиз. Масалан, кўпчилик кишилар кундалик эшитадиган миллий мусиқаларимизни асабга қандай таъсири борлиги хусусида бош қотиришмайди. Ваҳоланки, меъёрида эшитилган мусиқа соғлом кишиларга қанчадан қанча куч-қувват бахш этади. Ҳаттоки, бемор асабларини даволашга ҳам ёрдам беради. Швейцар этнографи О. Штель “Гипноз ва тетиклик вақтида омма онгига таъсир ўтказиш” китобида қадимги Хоразм табиблари ўлим тўшагида ётган беморларни сурнай, ноғора, доира ёрдамида тетиклаштиришга ҳаракат қилганларини ёзиб қолдирган. Фақат унда қандай мусиқа чалинганлиги ёзиб ўтилмаган. Балки, бу мусиқа “Сурнай навоси”дир ёки “Сурнай лазгиси”дир, деган тахминлар бор. Чунки, бундай мусиқа оҳангларида шундай куч борки, у фақатгина соғлом кишини куч-қувватга тўлдириш эмас, балки беморни жонлантириш ва ҳаракатга келтириш хусусиятига ҳам эгадир. Ўтмишда турли миллатларда аскарлар жангга отланганда уларни руҳлантириш учун мусиқа чалинган. Аждодларимиз карнай ва ноғора садолари остида душман билан олишган.

Яна ўқинг:  Курсантлар қасамёд қабул қилишди

Бундан бир неча йиллар муаддам германиялик мутахассилар ҳомиладор аёлларга классик мусиқаларни эшиттириб кўришган. Тақдиқотларда иштирок этган бўлажак оналарнинг фарзандлари кейинчалик руҳан соғлом, асаблари тинч бўлиб ўсганлиги кузатилган. Аммо рэп йўналишидаги оғир мусиқалар инсон феъл-атворига салбий таъсир этиб, уни жазавага солади, ҳамда руҳиятда тажовузкорликни уйғотади. Ҳомила ва гўдаклар учун бундай қўшиқ ва мусиқаларни тинглаш ҳатто, ҳалокатли таъсир этиши мумкин. Шундай экан фарзандингиз қандай мусиқа тинглашига бефарқ бўлманг, азиз ота-оналар!

Табиблар қайси чолғу асбоби қайси касалликка ижобий таъсир қилишини яхши билишган.

Масалан, улар вазмин мусиқа оҳанги қон босимини пасайтирса, шўх мусиқа эса аксинча қон босимини ошириш хусусиятига эгалигини англаганлар.

Ҳозирги вақтда руҳшунослар (психологлар), руҳшунос-шифокорлар (психотерапевтлар)нинг кўпчилиги турли таъсирчан мусиқа оҳангларидан бемор саломатлигини тиклашда фойдаланишаётир.

Қаршихон ХОЛХЎЖАЕВ,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: