Болакайнинг сабоғи

Бир чол ўғлиникига кўчиб келди. Ўғли уйланган, тўрт яшар фарзанди ҳам бор эди. Чолнинг ёши бир жойга бориб қолган, қўллари қалтирар, кўзлари хира кўрар, оёқларини зўрға судраб юрарди.

Оила дастурхон атрофига тўпланган пайтлари қариянинг аҳволи янада ёмонлашарди. Қошиғидан тўкилган овқатлар полгача тушар, пиёласидаги ширчой дастурхонни доғларга тўлдириб борарди. Буни кўриб хуноби ошган ўғил ва келин ўзаро маслаҳатлашишди.

– Бирор нима қилмасак бўлмайди, – деди ўғил. – Отамнинг тўкиб овқат ейиши, ҳар томонга сочиб юбориши жонимга тегди.

Эр-хотин хона бурчагига битта кичик хонтахта қўйишга қарор қилди. Қария шу ерда бир ўзи овқатлана бошлади. Икки марта коса синдирганидан кейин, тунука идишда овқат сузиб берадиган бўлишди. Бир куни бехосдан ўғилнинг кўзи отасига тушиб қолди: бечора қариянинг кўзларида “милт-милт” ёш айланар, хонтахтанинг четига тикилганича тишсиз милкларида овқатни у ёқдан бу ёққа олиб ўтирарди. Ўғилнинг юрагида кимдир бош кўтариб, “мана шу мажолсиз чол сенинг отанг-ку, уни бир четга суриб қўйгани уялмайсанми”, дегандай бўлди. Бироқ, у бу ҳайқириққа эътибор бермади. Фақат чолни камроқ тергайдиган бўлди.

Невара ён-атрофида бўлаётган воқеаларни жимгина кузатарди.

Бир куни ишдан қайтган ота боласининг ўйинчоқларини ўйнаб ўтирганини кўрди. У болғачаси билан ёғоч косачасини урар, идиш зарб таъсирида у ёқ-бу ёққа юмалаб кетарди.

– Нима қиляпсан, ўғлим? – деб сўради ота меҳр билан.

– Онам билан сизга овқат ейдиган идиш ясаяпман. Катта бўлсам, сизларга овқат солиб бераман, – деди болакай ғурур билан. Сўнг бир жилмайиб қўйди-да, яна ўз ишига киришди.

Мурғак гўдакнинг гаплари ота-онани ларзага солди, икковлари ҳам мум тишлаган, нима дейишни билишмасди. Уларнинг кўзларидан қайноқ-қайноқ ёшлар томди. Гарчи бирор оғиз сўз айтишмаган бўлса-да, нима қилиш кераклигини яхши англаб туришарди.

Кечки овқат пайти ўғил қария отасининг қўлидан ушлаб, дастурхон бошига олиб келди. Яхши сўзлар айтиб, кўнглини олди, ухлаш пайти ўринга ҳам ўзи етаклаб бориб ётқизиб қўйди.

Энди қариянинг қўлидан қошиқ тушиб кетса ёки сутчойи тўкилса, ўғил ҳам, келин ҳам асабийлашмасди. Келин тушиб кетган қошиқни янгисига алмаштириб берар, ўғил эса кўпинча отасини ўзи овқатлантириб қўярди.

Яна ўқинг:  Онамнинг юлдузи

 

Ориф ТОЛИБ тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: