Қўғирчоқлар “тилга кирганда”

Ёш авлодни эзгу ғоялар асосида тарбиялаш, уларни она Ватан ва эл манфаати йўлида фидойилик ва инсонийлик фазилатлари руҳида камол топтиришда, табиийки, санъатнинг таъсирчан воситаларидан бири – театрнинг аҳамияти беқиёс. Кичкинтой томошабинларнинг беғубор қалбларини мунаввар туйғулар билан ошно тутишида эса қўғирчоқ театрининг ҳам ўз ўрни бор. Чунки, болаликда олинган ҳар қандай таассуротлар бир умрга бола онгида мухрланиб қолади.

Тўғри, шиддат билан ривожланаётган ахборот ва техника асрида болажонлар учун қизиқарли саҳна асарларини яратиш катта меҳнат талаб этади. Профессионал ишланган мультфильмлар, интернет ўйинлар олдида бизнинг, оддийгина матодан ишланган қўғирчоқларимиз ёш авлоднинг диққатини торта олармикин, деб ўйлашимиз табиий. Аммо, театр томошаларига ташриф буюриб саҳнадаги ҳар бир қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатларини жон-дили билан томоша қилаётган, ундан руҳан озуқа олаётган мурғак қалбларни кўрган киши бундай фикрдан йироқдир.

Оддийгина қўғирчоқнинг гапириши, инсон сингари муомалага киришиши, ухлаши, кўзларини қимирлатиб ҳаракатланиши ҳайратланарли, албатта.

Бугун республикамиздаги мавжуд қўғирчоқ театрлари болажонлар учун бир-биридан қизиқарли спектаклларни саҳналаштирмоқда. Жумладан, бу борада Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театрида ҳам йил мобайнида болажонларга ана шундай спектакллар туҳфа этиб келинмоқда.

Ижодий жамоанинг ўзбек халқ эртаклари асосида саҳналаштирган «Мешполвон, «Качалполвон», И.Панчаев қаламига мансуб «Тўрт эгизак» асари, шунингдек, «Баджахл қуёнча» эртак томошалари ва «Қўғирчоқлар куйлаганда» номли шоу концертлари болаларга, айниқса, кўтаринки кайфият бағишлайди.

Ҳозирда театр ижодкорлари ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болажонларга ажойиб спектакллар намойиш этиб, ўқувчилар таътилининг янада мароқли ўтишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

– Ёшларнинг оромгоҳдан оладиган таассуротларини бойитиш мақсадида жамоамиз ижодий изланишда, – дейди театр директори Тўрамурод Маллаев. – Вилоятимизда қўғирчоқ театри 1994 йилда ташкил этилган. Ўтган йиллар давомида театрда етук ижодий жамоа шаклланди. Улар томонидан тайёрланган спектакллар болажонларга манзур бўлмоқда. Вилоят қўғирчоқ театри нафақат воҳамизда, балки республикамизда ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга. 2007 йилнинг октябрь ойида театр жамоаси «Чодир хаёл» умумжаҳон қўғирчоқ театрлари фестивалида «Мешполвон» спектаклини намойиш этиб, омма эътирофига сазовор бўлган.

Яқинда ушбу театрда Муҳсин Халилнинг «Уч опа-сингил» номли асари саҳналаштирилди. Унда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат туйғулари тўла-тўкис акс этган.

Яна ўқинг:  Tинчлик – болалар нигоҳида

Бола ишонувчан бўлади. Биз катталар мана шу хислатидан унумли фойдаланиб, уларни эзгу амаллар қилишга ўргатиб боришимиз лозим.

Зариф ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон Санъат ва маданият институти магистранти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: