189 нафар спортчимиз V Осиё ўйинларида иштирок этади
Жорий йилнинг 17-27 сентябрь кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимиз спортчилари ҳам иштирок этади.
Мазкур спорт мусобақага спортчиларимиз ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу нуфузли турнерда енгил атлетика, оғир атлетика, спорт курашлари (эркин, юнон-рум ва аёллар кураши), таэквондо, велоспорт (трек), от спорти, шахмат, сузиш, теннис, футзал, баскетбол (3х3), кураш, белбоғли кураш, туркман кураши, спорт рақси, кикбоксинг, муайтай, жиу-житсу, самбо ва боулинг бўйича ўтадиган спорт турларида 189 спортчимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Президентимизнинг жорий йил 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатларини муносиб тақдирлаш, уларнинг тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Юртимиз спортчилари 2009 йили Таиландда ўтказилган жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида тўртта олтин, бешта кумуш ва ўн иккита бронза медаль, Вьетнамда ўтган ёпиқ иншоотлардаги III Осиё ўйинларида бешта олтин, тўққизта кумуш ва ўнта бронза медаль жамғарган эди.
Илгари алоҳида ўтказиладиган бу икки нуфузли мусобақа 2013 йилдан бирга ташкил этилиши натижасида унинг дастуридан фақат дунё миқёсида жадал ривожланаётган спорт турлари жой олди.
Н.Норбобоев