Tинчлик – болалар нигоҳида
Ўзбекистон Бадиий Академиясида Республикамиздаги умумтаълим мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида «Ер куррасида тинчлик» анъанавий расмлар кўрик танлови бўлиб ўтди.
Мазкур танлов «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу кўрик танловдан кўзланган мақсад болаларнинг санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тасвирий санъат ва бадиий ижодга бўлган қизиқишини мустаҳкамлашдан иборатдир. Танлов икки босқичда ўтказилиб, биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари қатнашишди. Шундан 9 нафар ғолиблар ва 7 нафар номинациялар бўйича ғолибларнинг энг яхши ишлари 30 май куни танловнинг якуний босқичида эълон қилинди. Танлов 3 та ёш категорияси бўйича ўтказилди: 3 ёшдан — 6 ёшгача, 7 ёшдан — 11 ёшгача, 12 ёшдан — 15 ёшгача.
Ушбу танловда иштирокчилар ўзларининг ижод намуналари билан юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақидаги тасаввурларини ранглар орқали тасвирлашга ҳаракат қилишди.
Тадбир сўнггида ташкилотчилар томонидан барча ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Майна ҲАСАНОВА,
“Соғлом авлод” мухбири