Ер остида ҳам қалампир ўсадими?
Давоми. Боши.
Хрен илдизи косметологияда сепкил ва доғларни оқартириш учун қўлланилади. Бунинг учун унинг маълум миқдорда қайнатилган сув билан аралаштирилган эритмасидан фойдаланилади. Шунингдек, у ўт суюқлиги ва терни ҳайдаш хусусиятига эга. Ерқалампир таркибидаги учувчи, кучли антибактериал таъсирга эга табиий ўсимлик антибиотиги зарарли микробларга қирон келтиради. Бу фитонцидлар организмни юқумли касалликлардан асрайди.
Тавсиялар:
Бемор терлаши учун 30 фоизли сувли эритма тайёрлаш зарур. Кейин уни тўқ қоринга овқатлангандан сўнг бир кунда икки-уч маҳал 1/3 (стаканнинг учдан бир қисми) миқдорида ичиш зарур. Оғиз бўшлиғи раки (саратони)да бундай эритма билан ушбу аъзони чайиш керак. Хаста кишининг иштаҳаси пасайиб кетса бир ош қошиқ қирғичдан ўтказилган хрен илдизига икки стакан қайнаган сув солиш даркор. Кейин уни кунда тўрт маҳал 50 мл. дан овқатланишдан 10-15 дақиқа олдин бемор ичиши лозим.
Ерқалампир илдизи таркибидаги эфир мойлари кучли таъсирлантирувчи хусусиятга эга. Шунинг учун уни бўтқа ҳолига келтириб, тайёр бўлган маҳсулотга лимон шарбати аралаштирилади. Бунинг учун 150 грамм хрен илдизига 2-3 дона йирик-йирик лимон шарбати аралаштирилади. Бемор оч қоринга ½ (ярим) чой қошиқ миқдордаги ушбу шифобахш бўтқани кунда икки маҳал истеъмол қилади. Бундай аралашма бронхларда шиллиқ ва қуюқ балғам тўпланиб қолса, уни эритиб юборади. Шиллиқ қаватни таъсирлантирмайди ҳамда кучли пешоб ҳайдаш хусусиятига эга бўлгани учун шишларда ва истисқо (водянка)да самараси кучли.
Сурункали, аллергиясиз кечадиган тумовда бу аралашмани ½ чой қошиқ миқдорида кунда икки маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Уни истеъмол этгач, хаста киши 30 дақиқа давомида ҳеч нарса емаслиги ва ичмаслиги керак. Аммо, бир ҳафта давомида беморнинг кўзидан тинмай ёш оқади. Кўз ёшларини фақат тоза, пахта толали оқ мато билан артиш керак. Акс ҳолда кўзга инфекция тушиши мумкин. Кир қўллар билан ҳам кўзни ишқаламаслик лозим. Зеро, халқимизда “Кўзинг оғриса, қўлингни тий” деган мақол бежиз айтилмаган.
Бел оғриғи ва катта қуймич нерви яллиғланган (ишиас касаллиги)да оғриқли жойга ерқалампир баргини докага ўраб қўйиш даркор. Шунда бу соҳа қизиб, у жойда микроциркуляция (капилляр – қилтомирларда қон айланиши) фаоллашади. Шунинг ҳисобига яллиғланиш тез сўрилиб кетади. Оғриқли соҳага баргни қўйгач, беморнинг устини жун рўмол ёки шарф билан ўраб қўйиш мақсадга мувофиқ. Яна тананинг лат еган жойларига ва дерматомикоз (оёқ ва қўлларнинг замбуруғли касаллиги)да хрен баргини пластирдай боғлаб қўйиш керак.
Тиш оғриганда, оғиз бўшлиғининг яра касалликларида, невралгия (асаб толаларининг яллиғланиши), йирингли яраларда, себорея (тери хасталиги), калликда, терининг яллиғланиш жараёнларини даволашда хрен илдизи шарбатига бир ош қошиққа бир стакан миқдорда қайнаган сув солиб аралашма тайёрлаш зарур. Кейин уни юқорида тилга олинган касалликларни даволашда қўллаш мумкин.
Шунингдек, ерқалампир қонда қанд миқдорини меъёрлаштиради. Қандли диабет билан оғриган беморлар учун 1 литр қатиққа 100 грамм миқдорида қирғичдан ўтказилган хрен илдизини яхшилаб аралаштириб, табиий дори воситаси тайёрлаб бериш даркор. 1/10 нисбатдаги ушбу шифобахш малҳам оғзи маҳкам ёпилган ҳолда бир кеча-кундуз давомида салқинроқ жойда сақланади. Кейин уни дока ёки элакдан сузиб оласиз. Сўнгра ушбу шифобахш қатиқни бемор овқатланишдан ярим соат олдин кун давомида 3 маҳалдан ичиши шарт. Яна бир стакан қатиққа бир ош қошиқ ерқалампир шарбатини солиб ҳам ушбу дори воситасини тайёрлаш мумкин. Кун давомида хаста киши уч маҳалдан бир стакандан ушбу шифобахш дори воситасини ичиши зарур.
Қай ҳолатларда хренни истеъмол қилиш мумкин эмас?
Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ёш болаларга, шунингдек, меъда-ичак тизимида яллиғланиши мавжуд беморларга, аллергик касалликларга мойил хаста кишиларга ҳамда жигар ва айрим буйрак хасталикларида ерқалампирни тановул этиш тавсия этилмайди.
Бу ўсимлик юқори дозада қўлланилса қон босимини оширади. Шунингдек, оғиз бўшлиғи, меъда-ичак тизими аъзоларининг шиллиқ қаватини куйдириши мумкин. Жигар хасталигида ҳам уни истеъмол қилиш мумкин эмас.
Гулчеҳра ШИРИНОВА