Санъаткор одоби ёш авлод маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши керак

Ўзбек эстрада оламидаги бугунги муаммолар, хонандаларнинг юриштуриши, кийиниш одоби, бир сўз билан айтганда, уларнинг маънавий дунёсидаги қусурлар мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири, десак асло муболаға бўлмайди. Балки сиз ҳамбу мавзу ҳақида ҳар ерда гапирилавериб сийқаси чиқиб кетдидейишингиз мумкин.

Лекин айрим эстрада хонандалари ижро этаётган савиясиз қўшиқлар фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган экан, бу ҳақда ҳали кўп бор гапиришга, бонг уришга тўғри келади.

– Авваллари телевидение ва радиоларда санъаткорларнинг қўшиқларини саралайдиган бадиий кенгашлар бўларди, – дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Дилором Омонуллаева. – Унинг аъзолари энг машҳур шоир ва бастакорлардан иборат эди. Кенгашда қўшиқ матнининг мазмуни, мусиқаси кўриб чиқиларди. Сўнг оркестр ижросидаги жонли мусиқа билан хонанданинг овози, ижро маҳорати эшитиларди.

Бугун нафақат хусусий, балки давлат телеканалларида ҳам ана шундай бадиий кенгашларга эҳтиёж бор.

Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш керак, ҳозир телевидение ва радиода хоҳлаган одам истаган қўшиғини куйламоқда. Аслида эса бу соҳа фидойилик, машаққатли меҳнатни талаб қилади. Шоу бизнесни санъат даражасига тенглаштириш учун юқоридаги камчиликларни бартараф этиш ва ижодкорлардаги ташқи ва ички маданиятни тарбиялаш лозим. Санъаткор тарбиячи бўлиши керак, тарбиясиз эмас!

Яқинда хусусий телеканаллардан бирида намойиш этилган кўрсатувни томоша қилдим. Унда эстрадада ижод қилаётган ёшлар қандайдир “COVER” йўналиши бўйича ўзаро беллашди. Финал босқичида ҳакамлик қилган Ўзбекистон халқ артистлари – Фаррух Зокиров ҳамда Насиба Абдуллаеваларнинг халқ олқишига сазовор бўлган бир неча қўшиқлари иштирокчилар томонидан шартга мувофиқ куйланди. Ажабланарлиси, устоз санъаткорлар ўз фарзандларидек бўлиб қолган қўшиқларини бузиб ижро этилганидан ҳайратга тушишди. Жумладан, Фаррух Зокиров: “Кечирасизлар-у, мени бу кўрсатувга чақириб бекор қилибсизлар. Чунки, мен бу жанр ҳақида умуман маълумотга эга эмасман. Бундан ташқари ушбу йўналишда ижод қилиш биз учун керакми, ўзи? Сизлар ўзи “COVER”, унинг туб моҳияти ҳақида нималарни биласиз? Бизда миллий эстрада шаклланиб бўлган. Аввало шуни қойиллатиб қўйиш керак. Сўнгра четдан келаётган жанрларни агар миллий менталитетимизга тўғри келсагина тарғиб қилиш лозим”, – деган фикрларни айтиб ўтди.

Насиба Абдуллаева ҳам ушбу мулоҳазаларга қўшилган ҳолда эстрада санъатига улкан ҳисса қўшган санъаткорларнинг қўшиқларини айтишдан олдин ёшлар ўзларида улкан масъулиятни ҳис этишлари кераклиги ҳақида фикр билдирди.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бугунги эстрада хонандаларининг фаолияти, уларнинг савияси ҳақида Юртбошимиз куюнчаклик билан сўз юритди. Йиғилишда эстрада санъатини ривожлантириш Маданият вазирлиги эътиборидан четда қолаётгани, бу соҳада ижод қилаётган аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб бораётгани таъкидланди. Жумладан, давлат раҳбари “Мен ўз тажрибамдан яхши биламан, катта байрамларимизни – бу Мустақиллик, Наврўз ёки Конституция байрами бўладими – уларни ўтказишда бизни энг қийнайдиган, хунобимизни чиқарадиган нарса – бу эстрада дастури эканини ҳаммангиз яхши биласиз. Минг афсуски, мана шу ҳолат ҳали ҳам барҳам топгани йўқ. Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат. Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?”, – деган фикрларни билдириб ўтди. Шунингдек, йиғилишда Президентимиз устоз санъаткорларнинг самарали меҳнатлари ҳақида гапирар экан, мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш вақти келганини таъкидлаб,

“Унвон беришда санъаткорнинг фақат тўртта қўшиғи эмас, унинг ижтимоий фаоллиги, муносиб шогирдлар тарбиялагани, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, санъатга садоқати устувор мезон сифатида белгиланиши шарт,

– дея айтиб ўтди.

Яна ўқинг:  Ҳайит муносабати билан беш нафар футболчига имкон берилади

– Яқинда бўлиб ўтган йиғилиш тарихий аҳамиятга эга десам янглишмаган бўламан, – дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Дилором Омонуллаева. – Президентимиз ушбу учрашувда эстрада санъати ҳақида куйиниб гапирди. Ўйлайманки, яқин келажакда хонандаларнинг билими, маънавий қиёфаси, улар ижро этаётган қўшиқларнинг тарбиявий аҳамияти жиддий назоратга олиниб, зарурий чоралар кўрилади. Қолаверса, Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам биз педагоглар зиммасига катта вазифаларни юклайди.

Ўйлаймизки, бундай ижобий ўзгаришлар санъат соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади.

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: