Тадқиқот: ёшликда югуриш билан шуғулланиш қариганда ақли заифликдан сақлайди
Ўсмирлик даврида югуриш билан шуғулланиш қариганда ақли заифликдан сақлайди, деб хабар беради Zee News нашри. Сичқонларда ўтказилган тажрибалар буни исботлади. Жониворларни махсус югуриш қурилмасида машқ қилдирилди.
Бундай амалиёт қариганда уларнинг хотираси яхши бўлишига ва нейронлар фаолиятининг жадаллашишига сабаб бўлди. Ёш жониворлар олти ҳафта давомида югуртирилди. Шундан сўнг уларнинг хотирасида узоқ муддатгача сақланиб қолувчи ижобий ўзгариш кузатилди. Шу билан бирга, ёш улғайган пайтда шаклланадиган нейронларнинг фаолияти ҳам кучайди.
Олимлар фикрича, одамларда ҳам худди шундай механизм бор. Ушбу тадқиқот “мия ресурслари ёш бўлган пайтдаги билиш захираси кейинчалик миянинг билиш функциясини заифлашишдан сақлайди” деган ғояни тасдиқлайди.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.