Творог қачон пайдо бўлган?
Творог қадимий сут маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, уни тайёрлашни Қадимги Рим аҳолиси, славянлар ва бошқа халқлар ҳам билишган. Лекин дастлабки творог қандай олинганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолмаган.
Қадимги Русда творогни оддий ачитилган сутдан олинган. Уни кўзага солиб бир неча соат қиздирилган ва зардобини сузиб олиш учун иссиқ ҳолатда махсус қопга солинган. Кейин уни пресслаш орқали творог олинган. Бу усулдан ҳозирги кунда ҳам фойдаланилади.
Творог таркибида оқсил, минерал моддалар, сут шакари, ёғ, ферментлар ва витаминлар мавжуд. Творогда жами 12 та витамин: А, Д, С ва В гуруҳидаги витаминлар, шунингдек, калций, темир, фосфор элементлари ҳам бор.
- Ёғсиз творог кўплаб парҳезлар таркибига киритилган.
- 500 грамм сутдан 200 граммга яқин творог олинади. Шунга мос равишда, творогда озиқ моддалар миқдори сутга қараганда анча кўп бўлади.
Творогнинг минерал моддалари суяк тўқималарини шакллантириш ва мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Аминокислоталар жигар касалликларини даволашда, В гуруҳидаги витаминлар эса атеросклероздан ҳимояланишда ёрдам беради.
Творог таркибидаги ачитилган сут бактериялари ошқозон-ичак йўллари фаолиятини яхшилайди. У жигар, буйрак, юрак-қон томир касалликларидан азият чекувчи инсонлар учун фойдали. Творог қондаги гемоглобин миқдорини кўпайтириш ва асаб тизими фаолиятини меъёрга келтириш хусусиятига эга. Бундан ташқари, ундан бадан ва юз териси учун крем сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.