“Саломатлик” поезди: МАНЗИЛЛАРДА
Ҳамиша ўзимизга ва ўзгаларга яхши тилак изҳор этар эканмиз, аввало мустаҳкам соғлик-омонлик тилаймиз. Бунинг сабабини эса шоирнинг илиқ сатрлари ифода этади: «Дерлар, жон соғ бўлса, жаҳон топилғай…» Албатта, инсон бахтининг яна бир мезони унинг тўрт мучаси саломатлигида. Халқ саломатлиги эса мамлакат равнақи ва барқарорлигини таъмин этади.
Шу боис мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, тиббиёт таълимини такомиллаштириш каби юксак ишлар жадал олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда юртимизда фаолият юритаётган нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг ҳам ҳиссаси беқиёсдир.
Аввал хабар берганимиздек, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акционерлик компанияси (ДАК) билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг жануби — Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича пойтахтдан жўнаб кетган «Саломатлик» поезди фаолиятини якунлади.
Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан етук, юксак салоҳиятли этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш ва инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш мақсадида «Саломатлик» поезди Тошкент — Сурхондарё (Сариосиё-Қумқўрғон-Бойсун-Дарбанд) — Қашқадарё (Оқработ-Деҳқонобод) — Тошкент йўналишида ҳаракатланди.
Тиббий кўрик «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акционерлик компаниясининг «Саломатлик тиббий-санитария ёрдам поезди» шифокорлари, жамғарманинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ҳудудий филиалларининг тиббий ижтимоий патронаж бригадалари мутахассислари, шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг малакали шифокорлари томонидан амалга оширилди.
Мутахассислар томонидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган жами икки мингдан зиёд аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Малакали тиббий кўрик давомида шифокорлар томонидан жами 5 627 та тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг мутахассислари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вакиллари томонидан «Соғлом оилани шакллантириш», «Соғлом она — соғлом бола» ҳаракатининг моҳиятини аҳолига тушунтириш, ёшларни ҳам маънан ҳам жисмонан соғлом этиб тарбиялашга эришиш, камқонлик, эндемик бўқоқ, гижжа касалликларининг олдини олиш ва бошқа қатор мавзуларда аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Тадбирларда «Соғлом она — соғлом бола», «Бехатар оналик», «Скрининг текширувини биласизми?», «Бўлажак оналарга тавсиялар», «Фарзандимиз саломатлиги ўз қўлимизда», «ОИВ/ОИТС ҳақида эшитганмисиз?», «Қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва эрта турмуш қуришнинг зарарли оқибатлари» мавзуларидаги буклетлар тарқатилди.
Инсон манфаатлари, саломатлиги ва унинг ижтимоий ҳимояси, давлат сиёсати даражасига кўтарилган юртимизда хайрли ишларнинг ташкилотчи ва тарғиботчиларидан бири бўлган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг ана шундай эзгу ишлари бардавом бўлсин.
Ш. ХУДОЙҚУЛОВ