ЭЛ ДАРДИГА МАЛҲАМ ОДАМЛАР

Шифокорлик улуғ ва шарафли касб. Инсон саломатлигини асраш — масъулиятли вазифа. Дунёда соғлиқдан ҳам катта бойлик борми? Жонингиз оғриса кўзингизга олам қоронғу кўринади. Кўнглингизга қил ҳам сиғмайди. Шундай дамларда оппоқ халатли шифокорлар сиз учун барча яқинларингиздан ҳам азиз бўлиб туюлади. Сабаби у сизнинг дардингизни юракдан ҳис этиб, бор маҳоратини қўллаб ёрдам қўлини чўзади. Шундай инсонларни яхши кўрмай бўладими?!

Шарқ мамлакатлари қадимдан ўз алломаю оқил донишмандлари билан жаҳонгга машҳур. Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ёққан зиё машъали мана неча асрки авлодлар йўлини ёритмоқда. “Медицина” сўзи ҳам Европага “мадади Сино” сўзининг ўзгарган шакли бўлиб кириб борган десак, муболаға бўлмас. Буюк бобокалонимизнинг шифокорлар хусусида айтган ушбу сўзлари ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Яъни, “Шифокорда бургутнинг нигоҳи, қизнинг қўллари, илоннинг донишмандлиги, шернинг юраги бўлиши шарт”.

Ана шундай сифатларга эга бўлган машҳур замондошимиз, академик Наби Мажидов ва унинг муносиб издошлари хусусида сўз юритар эканмиз, беихтиёр инсоннинг босиб ўтган нурли йўли унинг қандай яшаганлигидан далолат эканлигига яна бир бор амин бўлдик.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ҳамда Европа ва Осиё Медицина Фанлари Академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наби Мажидовни танимаган одам бўлмаса керак.Чунки, бу машҳур инсон жаҳон тиббиёт тарихида ҳам ўзининг илмий ишлари билан ёрқин из қолдирган. Шу сабабли “Дунёнинг машҳур 500 кишиси” китобида номи қайд этилди.

Ўзбекистонда неврология фанига асос солган олим Тошкент шаҳрида 1928 йилда хизматчи оиласида таваллуд топди.

Тошкент Тиббиёт Академияси (Собиқ ТошМИ)ни 1952 йилда тугаллаган Н. Мажидов устозларидан олган сабоқларини амалиётда қўллаб беморлар дардига шифо излади. Қўли енгил, ёш шифокорга оёққа туриб кетган беморларнинг миннатдорлик сўзлари қанот бағишлар эди. Кундуз кунлари беморларни муолажа қилиш билан банд бўлган бўлажак олим тунлари китоб устига мук тушиб баъзан тунларни тонгларга уларди. Унинг машаққатли илм йўлидаги меҳнатлари бесамар кетмади.

Институтнинг “Асаб касалликлари” кафедрасида фаолият юритаётган Наби Мажидовга устозлари катта ишонч билдиришди. Ассистентлик лавозимидан доцент даражасига кўтарилган лавҳамиз қаҳрамони 1966 йилда ўзи ишлаётган кафедра мудирлиги вазифасига тайинланди. Изланувчан ва иқтидорли шифокорнинг ўтган йиллар мобайнида кўплаб илмий мақолалари ҳамда монографиялари илмий журналларда чоп этилди. 1965 йилда Н. Мажидов устози, машҳур невролог, профессор М. Рапоппорт бошчилигида “Калла суяги орқа чуқурчасининг сурункали фиброзланувчи лептоменингитлари” мавзусидаги докторлик диссертациясини Москвада Тиббиёт Фанлари Академиясида ҳимоя қилди.

Яна ўқинг:  Боладек беғубор бобо

Н.Мажидов ўзининг илмий салоҳиятини неврология фанининг асосий йўналишларидан бири бўлган церебрал лептоменингитлар ва хориоэпендиматитларнинг этиологияси, патогенези, клиник манзараси, кечиш даври ва даволаш муаммоларига бағишлади. Олимнинг бош мия қоринчаларининг клиник-анатомик хусусиятларига бағишланган илмий кашфиёти фанда ўчмас из қолдирди. Бу оламшумул кашфиёт жаҳон миқёсида неврологлар томонидан эътироф этилиб, ўтган асрнинг 86-йилида Россия Тиббиёт Фанлар Академиясининг “Катта тиббиёт энциклопедияси”да “хориоэпендиматитлар” номли атама сифатида эълон қилинди. Асаб касалликларини даволашда олим ферментатив препаратларни ишлатишни тавсия этди. Лептоменингитлар таснифини ишлаб чиқди. Бу тасниф собиқ Иттифоқ миқёсида қабул қилинди. Академик Наби Мажидов турли чет мамлакатлар (Нью-Йорк, Чикаго, Канзас-Сити, София, Плодив, Варна)да невропатологларнинг нуфузли халқаро анжуманларида маърузалар қилди. Устоз 1972 йилда собиқ Иттифоқ Невропатологлар ва психиатрлар жамиятининг раиси этиб тайинланди. У Россияда чоп этиладиган “Катта медицина энциклопедияси”нинг неврология бўлими муҳаррирларидан бири эди. Н. Мажидов раҳбарлигида 63 та номзодлик ва 12 та докторлик диссертациялари тайёрланди ҳамда жуда кўплаб амалиётчи шифокор-неврологлар устоздан сабоқ олишди. Кашфиётчи олим 8 та илмий ихтиро, тиббиёт олий ўқув юртлари учун 4та дарслик, 60 та методик тавсия, тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган 30 та монография, 40 та тематик тўплам, 500 дан зиёд илмий ишлар муаллифи сифатида жаҳонда ном қозонди. Америка Биография институтининг бош таҳририяти томонидан унинг номи “Дунёга машҳур 500 киши” китобига киритилди. Шунингдек, Н. Мажидов Ўзбекистон тарихида илк бор 1998 йилда ташкил этилган “Неврология” илмий-амалий журналининг муассиси ҳам эди. Устоз умрининг охиригача ушбу журналда бош муҳаррирлик вазифасини адо этди. Таниқли олим ва жамоат арбоби ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Устоз олим Ўзбекистон Неврологлар Ассоциацияси раиси сифатида ҳам самарали фаолият юритди.

“Оила-қўш устунли айвон”, дейди доно халқимиз. Юқорида Наби Мажидовнинг эришган ютуқларини бир-бир тилга олар эканмиз, бу эзгу фаолиятда устоз олимнинг умр йўлдоши Ойдин опа Мажидованинг ҳам улкан хизматлари борлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Тажрибали болалар неврологи, Тошкент Врачлар малакасини ошириш институти доценти бўлган О.Мажидова устозни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Унга руҳан мадад бўлиб, оила осойишталигини таъминлади. Бу зиёли оилада вояга етган фарзандлар ҳам ота-она изидан бориб илм йўлини танлашди. Ҳозирда академик Наби Мажидовнинг қизи тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова Тошкент Педиатрия Тиббиёт институтининг “Неврология, болалар неврологияси ва тиббий генетика” кафедрасини бошқаради. У “Неврология” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Неврологлар Ассоциацияси раиси ўринбосари, ЕвроОсиё Тиббиёт Фанлари Академияси мухбир аъзоси, “Спектра неврология” клиникаси бош шифокори бўлиб ишлайди. Олима Ёқутхон Мажидованинг умр йўлдоши Турғун Шаҳобиддинов ҳам тиббиёт фанлари доктори, профессор. Тошкент Педиатрия Тиббиёт институтида “Тери-таносил касалликлари” кафедрасида фаолият юритади. Бу оилада ҳам уч нафар фарзанд камол топмоқда. Юлдузхон мамлакатмиздаги нуфузли Вестминстер университетининг магистратура босқичини имтиёзли битириб, ҳозирда пойтахтдаги “Ла Споза” тўй либослар салонини бошқармоқда. Нодирахон ҳам шифокорлик касбини танлаган. Ҳозирда у Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида клиник ординатурани ўтамоқда. Кенжа фарзанд Темур “Интерхауз” лицейи ўқувчиси.

Яна ўқинг:  Уйғониш даври

Болаликдан ота-онасининг китобга ўзгача меҳр қўйганини илғаган Ёқутхонда ҳам ўқишга иштиёқ баланд бўлди. Ҳар ҳолда билимга чанқоқлик унга қондан ўтгани бежиз эмас. Чунки, зукко ва донишманд падари бузруквори ва волидаи муҳтарамаси илму зиёга умрларини бахшида этган инсонлар эди. Ана шу нурафшон оилавий муҳит фарзандлар учун ибрат мактаби бўлди. Ҳамда уларнинг ҳаётдаги ўз йўлларини топишда, касб танлашларида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилди. Машҳур сулоланинг муносиб издоши, ҳақли равишда ҳозирдаги дарғаси Ёқутхон Мажидовадан ташқари яна тўрт нафар қиз ҳам ўз умрини илмга бағишлади. Ўзбекистон илмий тиббиётига ўз муносиб ҳиссасини қўшган олималар тиббиёт фанлари доктори, невропатолог Раъно Мажидова, тиббиёт фанлари номзоди, кардиолог Гўзал Миржўраева, тиббиёт фанлари номзоди, невропатолог Дилбар Ҳидоятова, педагог-дефектолог Ойниса Аминова каби фидойи юртдошларимиздан биз ҳам фахрланамиз.

Ҳар бир ота-она аввало оилада фарзанд тарбиясида вақтдан унумли фойдаланиш, ҳамда китобга меҳр қўйиш, инсонларни севишни ўргатса, одамийлик илмидан нафақат болалари, шогирдларига ҳам мукамммал сабоқ берса академик Наби Мажидов ва доцент Ойдин Мажидова каби доимо номи яхшилик ила ёд этилади. Мангуликка дахлдор бу инсонларнинг номлари Ўзбекистон илмий тиббиёти тарихига зарҳал ҳарфлар ила битилганига ишонамиз.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: