Беҳуда орзу-ҳавас ёхуд қўшнининг сабоғи

Эрта тонг эшик қўнғироғининг баланд овозидан барчамиз сергак тортдик. Бориб очсак, ён қўшнимиз, онамнинг яқин дугонаси Шоҳсанам хола чиққан экан. Хавотирга тушган онам қўшни аёлдан ҳол-аҳвол сўради:

Келинг, Шоҳсанамхон тинчликми, эрта тонгдан безовта кўринасиз?! Болаларингиз яхшими? Неварангиз тузалиб қолдими?

– Тинчлик, тинчлик Санобархон, ўзим шунчаки. Кеча қўшнилардан тўй бошламоқчи эканлигингиз ҳақида эшитдим-у, сиз билан муҳим масалада гаплашиб олишни ўйладим. Ишонсангиз, базўр тонг отишини кутдим, кечаси билан ухлолмадим.

Онам ҳайрон бўлиб, қўшни аёлни меҳмонхонага бошлади…

Шоҳсанам уч йил олдин қизи Нафосатни ўзига тўқ оилага узатди. Тўй олдидан қизга қилинадиган сарпо-суруқни “бирозгина” ошириб юборди. Бу исрофгарчиликларнинг гувоҳи бўлган яқинлари уни йўлдан қайтаришга уринди. Бунга жавобан Шоҳсанам хола “Бошимда биргина қизим бўлса, ўзимга яраша орзу-ҳавасли инсонман. Бундан ташқари “тўйни қандай ўтказаркан” деб кўз тикиб турган дўст-у душманларим бор. Ёки тўйни яхши ўтказаётганимни кўра олмаяпсизларми?!”, – дея қариндошларидан хафа ҳам бўлган эди.

Данғиллама тўйдан сўнг, холанинг “дўстлар”и “ҳали ҳеч ким бунақа тўй қилмаганини, бу каби дабдабага ҳамманинг ҳам қурби етмаслигини”, – айтишганида, у гўё осмонларда учди.

Бундан руҳланган Шоҳсанам опа яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами ҳақида жиддий бош қотирди. Ўйлай-ўйлай қизининг кам-кўстини топа олмаган “бечора она” 20 кун олдин Нафосатнинг уйига илинган пардаларни “янгилаб” беришга қарор қилди. “Ҳа нима қипти, уйида бир кун қора қозон қайнамаса қайнамапти-да. Барибир биров бундан хабар топмайди. Эрта-индин хўжайини маош олади. Ахир, байрам байрамдек бўлсин, душманларим кўриб қўйсин”, дея кўнглига тугди.

Афсуски, душманларни куйдиришнинг ҳам ўзи бўлмади. Сабаби Ҳайит кетидан туғилган кунлар бошланиб кетди. Байрамлар байрамларга уланди. Бу орада холанинг қон босими тез-тез кўтариладиган бўлиб қолди. Энг ёмони Шоҳсанам холанинг ўғли Суҳробнинг дабдурустдан уйланаман деган кундан бошланди. Севган қизининг узатилиб кетишидан хавотирга тушган ўғил ота-онасини қўярга-қўймай, тўйга тайёргарлик кўришга ундади. Онаизор ўғлига “у деб кўрди, бу деб кўрди”, лекин фойдаси бўлмади. Тўй харажатларига келганда ота-она анчайин иккиланиб қолди. Ахир, бир йилда иккита тўй, бунинг устига данғиллама тўй қилиш осон эканми?! Эскилар “Қиз узатганга қирқ йил тегма” деб бежиз айтишмаган-ку ахир.

Яна ўқинг:  Озодалик – осойишта ҳаётимиз кафолати

Шоҳсанам хола якка-ю ягона ўғлининг тўйини қизиникидан кам қилмади. Болам ўксимасин, деди. Кўзига ўзлари яшаб турган хонадон ҳам кўринмади. Уни сотишга тўғри келди. Сотиб олган янги уй эгаси билан келишиб, бошпанасиз қолган оила ўз уйларига ижарачи бўлиб жойлашишди…

Рўзғор харажатлари, ижара тўловлари, шундоқ ҳам молиявий инқироз арафасига келган оилани анчайин қийнаб қўйди. Иқтисодий қийинчиликларга ўрганмаган ёш келиннинг овози кўчага қаттиқ-қаттиқ эшитиладиган бўлди. Оилавий жанжалларнинг бирида келиннинг қайнонасига қарата – “яшашга уйингиз йўқ-ку, яна менга ақл ўргатишингиз нимаси?!” – дея иддао қилиши қайнонанинг шундоқ ҳам тилка-пора бўлган юрагини парчалаб ташлади…

Шоҳсанам опа бировга дардини айтай деса, андиша қилади, ахир “дўст-бор, душман бор”. Қизиғи, данғиллама тўй қилганда оғиз кўпиртириб мақтаган “дўстлар” қийналиб юрган кезлари остона ҳатлаб ҳол-аҳвол сўрашни унутди. Корига ўша “яхши тўй ўтқизганини кўра олмаган,” уни исрофгарчиликдан сақлаб қолмоқчи бўлган қариндошлари яради. Уч йил бошпанасизликдан сўнг, кичик бўлсада, холага уй олишга кўмаклашишди…

Келган меҳмонга чой олиб кирганимда, у тўй бошлаш арафасида турган онамга тўйни иложи борича камхарж ўтказиш, ортиқча исрофгарчиликнинг охири “вой” бўлиши тўғрисида тинмай гапираётган эди…

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: