Пойтахтимизда “Атроф-муҳитни ҳимоялаш ва барқарор ривожланиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзуида Марказий Осиё халқаро экология форуми иш бошлади

Инсоннинг яшаш тарзи, узоқ умр кўриши она табиат ва унинг мусаффолигига бевосита боғлиқ. Одамзотнинг яшиллик дунёси билан чамбарчас эканлиги унинг зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

Бу масъулият эса атроф-муҳит тозалиги, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраб-авайлашда намоён бўлади. Инсон ўз ақл-заковати туфайли қанчалик қудратга, оламшумул ютуқларга эришмасин, у барибир Ер сайёрасидаги тирик моддаларнинг таркибий қисми, биосферанинг бир бўлаги бўлиб қолаверади.

Ҳар йили 5 июнь санаси дунё бўйлаб “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонланади. Бу эса экологик муаммолар тобора глобаллашиб, инсониятга жиддий хавф туғдираётгани ва бу муаммоларни биргаликда ҳал этиш лозимлигидан дарак беради. Биргина Орол денгизининг қуриши туфайли қарийб 4 миллион гектар ҳудудда катта чўл пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолат минтақада мисли кўрилмаган экологик ва ижтимоий фожиаларни келтириб чиқармоқда. Жаҳон бўйлаб эса бундай экологик ва атроф-муҳит билан алоқадор муаммоларнинг бир нечтасини санаш мумкин.

Маълумки, бугунги кунда иқлимнинг кескин ўзгариши Ер сайёраси аҳолисини жиддий ташвишга солмоқда. Ушбу муаммони ечиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида республикамизда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлат бюджетининг 2017 йилдаги ижросида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга сарфланган жами харажатлар миқдори 966,6 миллиард сўмдан иборат бўлди. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармасининг даромадлари 189,9 миллиард, жами харажатлари 123,5 миллиард сўмни ташкил қилган. Сарфланган харажатлар Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда сифатини оширишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга 2018 йилнинг I чорагида давлат бюджети ҳисобидан табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 112 миллиард сўм сарфланган.

Она табиатни асраш, уни кейинги авлодга буст-бутун ҳолда етказишда экологик тарбия алоҳида ўринга эга. Юртимизда кенг кўламли тадбирлар ва форумларнинг ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад айнан табиатни асрашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, куни кеча пойтахтимизда “Атроф-муҳитни ҳимоялаш ва барқарор ривожланиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзуида Марказий Осиё халқаро экология форуми ўтказилишида ҳам айнан юқоридаги мақсадлар мужассам.

Экология форуми доирасида бир қанча тадбирлар, жумладан, ихтисослаштирилган кўргазма ва экологик тоза технологиялар бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада Ўзбекистон, Россия, Германия, Италия, Хитой, Франция, Корея Республикаси, Арманистон, Венгрия, Чехия Республикаси, Латвия ва Швейцария давлатларидан келган 40 дан зиёд ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Яна ўқинг:  “EXCLUZIVE EDUKATION AND BUZINES” халқаро мутахассислар эътирофида

 

Ойбек АДҲАМЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари:

Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад минтақани барқарор ривожлантириш стратегиясини биргаликда шакллантириш ва бу жараёнда давлат, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар, фуқаролик жамияти ва бизнес ўртасида мулоқотни мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.

Кейинги йилларда мамлакатимизда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ушбу соҳадаги вазифалар алоҳида белгилаб олинган. Айни пайтда республикамизда чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш баробарида, табиий муҳит мониторинги тизими модернизация қилинмоқда.

 

Рафаэль ЖОЗАН,

Тошкентдаги Француз тараққиёт агентлигининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари:

Бугунги кунда атроф-муҳит, экологияга алоқадор муаммолар борган сари ўткир масалага айланиб бормоқда. Табиат ҳамиша инсондан кучли бўлган ва шундай бўлиб қолади. Борлиқ билан муносабатларнинг асоси қарши курашиш эмас, балки ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлаш бўлиши кераклигини унутмаслигимиз лозим.

Мазкур форум минтақа давлатлари ўртасидаги турли экологик муаммоларни баҳамжиҳатлик билан ҳал этишда муҳим роль ўйнайди.

 

Мерген ЮСУПОВ,

Туркманистоннинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ер ресурслари бўйича давлат қўмитаси халқаро алоқалар ва режалаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари:

Атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиши йилдан-йилга ортиб бораётгани инсоният олдида турган жиддий муаммолардан биридир. Марказий Осиё мамлакатлари учун бу масаланинг ўта долзарб эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Форум доирасида ўтказилаётган “Чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари. “Атроф-муҳит муҳофазаси, энергия тежамкорлик ва энергия самарадорлик – Green Ecology Technologies Central Asia – GETCA – 2018” халқаро кўргазмаси ҳамда соҳада иш юритаётган илғор ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бизнес форуми ташкил этилгани унинг янада ишчан руҳда ўтишини таъминлайди. Шу билан бир қаторда чиқиндиларни бошқариш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, биологик хилма-хилликни сақлаш масалаларига доир лойиҳалар Марказий Осиё мамлакатларига дахлдор энг долзарб масалаларга ечим топишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

 

Назира АБДИЙЛАСОВА,

Қирғизистон Республикаси ҳукумати қошидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги Давлат экологик экспертизаси бошқармаси бошлиғи:

Яна ўқинг:  Баҳодир лаҳзалар этади давом

Ўтказилаётган ушбу форум мамлакатларимиз ўртасидаги экологик муаммоларни биргаликда бартараф этишда ўзининг муносиб ўрнига эга. Қирғизистон бугунги кунда ўз ресурсларини яхшилаш учун атроф-муҳит масалалари билан боғлиқ кўплаб минтақавий ва халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Таъкидлаш жоизки, дунёдаги экологик муаммолар айнан бир мамлакатга тегишли, бу фақат ўша мамлакат томонидангина бартараф этилиши керак, деган қараш нотўғри эканлигини бугунги замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Шуни унутмаслик керакки, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, озон қатламининг емирилиши, сув тақчиллиги билан боғлиқ экологик муаммолар ҳаётимиз фаровонлиги ва келажак авлодларга таҳдид солиши турган гап.

 

Кўргазма 7 июнга қадар давом этади.

 

Ҳуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: