Экоҳаракат фаолияти қандай самара бермоқда?

Жорий йил 2 август куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташкил этилганига 9 йил тўлди. Ўтган даврда мазкур жамоат ташкилоти қандай фаолият юритди? Ҳаракатнинг иши самарадорлиги нималарда намоён бўлмоқда?

Пойтахтимиздаги Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги мулоқот шу мавзуга бағишланди. Унда Ўзбекистон Экологик ҳаракати масъул ходимлари, Экоҳаракатнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи аъзолари, Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда экология йўналишидаги қатор халқаро ташкилотлар вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган давр мобайнида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, давлат дастурларини амалга ошириш, табиий ресурслардан оқилона ва унумли фойдаланиш, аҳолини атроф-муҳит ишларига жалб этиш, экологик маданиятни, таълим-тарбияни кучайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экоҳаракатнинг депутатлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида уларнинг ташаббуси билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга оид 12 қонун қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Экоҳаракат фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ушбу Ҳаракат томонидан юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, шу соҳада қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси юзасидан парламент назоратини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилганини қайд этиб, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш каби масалалар бугунги кунда долзарб ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаоллари ҳамкорлар билан бирга, жумладан, ёшларни жалб этган ҳолда умумий майдони 88 гектар бўлган 20 дан ортиқ экобоғ барпо этган. Ёшлар ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя”, “Онажоним табиат” танловлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ҳаракат муассислигида “Булоқча” (“Родничок”) болалар экологик журнали чоп этилади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳам фаол иш олиб боради. Хусусан, 2016 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида аҳолининг экологик хабардорлигини ошириш мақсадида Ахборот-ресурс маркази очилди. Эндиликда бу каби ресурс марказлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Яна ўқинг:  Марказий Осиё мамлакатлари халқаро стандартлаштириш жараёнларида фаол иштирок этмоқда

Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва “SEMAK Equipment’s and Technology” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Меморандумдан кўзланган асосий мақсад чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари С.Сангинов. – Унга кўра чиқиндиларни халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган қайта ишлаш технологиялари олиб келинади, Тошкент, Жиззах вилоятларида корхоналар барпо этилади. Бу атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга, миллий маҳсулотларимиз турлари ошишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Улуғбек Асроров,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: