Бир тадбирли минг кишини бой қилар
Мен Урганч шаҳридаги “Тозабоғ” маҳалласида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб фаолиятимни бошлагач, ҳудудимизда жойлашган “Тараққиёт” аёллар ва ёшлар маркази ҳамда “Мансура-нур” ўқув маркази билан ҳамкорликда самарали ишларни йўлга қўйдик. Хусусан, аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида марказ раҳбари Дилбар Бекчанова билан маслаҳатлашдим. У маҳалла аёлларини бичиш-тикиш, бисер тўқиш, каштачилик, шунингдек, қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаш сирларини ўргатиши, қолаверса, бандлиги таъминланмаган аёллар учун бепул курслар ташкил қилиб, уларга касб-ҳунар ўргатиш режаси борлиги ҳақида гапирди.
Бу бизга жуда қўл келди. “Тараққиёт” аёллар ва ёшлар маркази томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида 2012 йилда маҳалламиздан 150 нафардан зиёд хотин-қиз бепул касб-ҳунар ўрганди, ўқув-семинарларида фаол қатнашдилар. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган эди. Ҳунар ўрганган ҳамда “Бизнесни қандай бошламоқ керак?” мавзусида сабоқ олган кўпчилик аёллар ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этди. Айримлари уйида турли пишириқлар пиширишни, баъзилар эса чеварлик қилиб, маҳалладошлари ҳожатини чиқаришни йўлга қўйди.
2013 йил маҳалламизда ва унга яқин ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактаби, академик лицей, касб ҳунар коллежлари ва Урганч Давлат университети филиалларида мутахассислар билан ҳамкорликда “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш” мавзуларида тадбирлар ўтказдик.
Йил якунида эса “Миллий калом, миллий таом, миллий либос” мавзусида қизлар танлови ўтказилди. Бу танловда мактаб, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ва Урганч давлат университети талабалари қатнашди. Кўрик-танловда қизларнинг марказда олган билимлари яққол намоён бўлди.
Гулора ИСМОИЛОВА,
Хоразм вилояти