Кўнгилларга солинган кўприк

ХХI аср – интеллектуал ёшлар асри, маънавият ва маърифат асри, ахборот технологиялари асри, дея Юртбошимизнинг берган таърифи замирида бугунги давр ёшларининг теран ва юқори салоҳиятлари яққол намоён бўлмоқда. Шу боис мамлакат келажаги ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлий салоҳияти, чет тилларини, фан ва техника ҳамда технологиялар ютуқларини қай даражада ўзлаштираётгани билан боғлиқдир.

Мамлакатимизда таълим тизимида эришилаётган ютуқлар, кадр­лар тайёрлаш миллий дастурининг асосий мазмун-моҳияти замон талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган маърифатли, маънавиятли, салоҳияти, ўз билим ва кўникмалари билан она Ватан истиқболи йўлида самарали фаолият кўрсата оладиган кадрларни тайёрлашдан иборат.

Жиззах вилоят «Умид» ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб- интернати ҳам Жиззах шаҳридаги ана шундай навқирон таълим масканларидан. Чет тиллари чуқур ўргатиладиган бу масканда ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади.

Айни пайтда 742 нафар иқтидорли ўқувчилар таълим-тарбия олаётган ушбу таълим масканини бу йил ўнинчи маротаба «қалдирғочлар» битирмоқда. Айни даврда улар Украина, Россия, Анг­лия, Америка, Франция каби давлатларда, шунингдек, Ватанимизнинг турли олийгоҳларида таҳсил олиб, фаолият кўрсатмоқда.

Қайта реконструкциядан чиқарилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган мактаб-интернатда асосан инглиз тили, немис, француз ва араб тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўргатилади. Замон талаблари даражасидаги кимё, биология, физика лабораториялари, компьютер хоналари, шунингдек, турли фан, спорт ва санъат йўналишидаги тўгараклар ёш авлодни иқтидорини шакллантиришда хизмат қилмоқда.

– Тил билган дунёни англар, – дейди мактаб директори, Халқ таълими аълочиси Санобар Суярова. – Ҳозирги давр ёшлари ниҳоятда интилувчан ва тиришқоқ. Айниқса, уларнинг чет тилларини ўзлаштиришдаги иштиёқ ва салоҳиятлари қувонарли. Чет тилларини ўрганишда алоҳида ўрин тутадиган таълим усуллари, кўниктирма ва машғулотлар, саҳна кўринишлари, мулоқот ҳамда қўғирчоқ театрининг ўрни беқиёс. Чет тиллари сўзлашувига асосланган бундай машғулотларга ўқувчилар ижобий ёндашадилар. Ўқувчиларнинг бўш вақтларни мазмунли ташкил этишда ҳам уларни театр ва музейларга олиб бориш, ота-оналар ҳомийлигидаги бир пиёла чой устидаги суҳбатлар ўтказиш ҳам инглиз тилидаги суҳбат асносида олиб борилади. Айниқса, эртаклар асосида мулоқотга киришиш, эпизод ва қаҳрамонлар характерига инглиз тилида баҳо бериш ҳам ўқувчиларнинг эркин ва ўзаро мулоқотларини таъминламоқда.

Ҳа, ўқув масканида ҳар бир дарс, мавзу, ўқув фанининг ўзига хос технологияси, ўтиш мазуси ва режаси мавжуд. Ўқув жараёнидаги педагогик технология — ўқувчи талаб-эҳтиёжидан келиб чиқиб, бир мақсадга йўналтирилган, олдиндан лойиҳалаштирилган ва кутилган натижаларга эришишга қаратилган педагогик жараён ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Аёл омон бўлса, оила чароғон

Шу боис замонавий методлар ва таълим самарадорлигини оширишга ёрдам берувчи технологик тренинглар, машғулот ва суҳбатлар ҳамда ўйинлар ўқувчиларда қобилиятни ривожлантириш ва тафаккурни кенг шакллантиришга замин яратади.

«Умид» ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаб-интернатида ҳамкорлик асосида келиб, педагогик фаолият кўрсатаётган япониялик ўқитувчи – Кожис Ямамотанинг спорт ва санъат соҳасидаги билимлари ҳам ўқувчиларни спорт ва санъат соҳасини Европа даражасига олиб чиқишда, «Япон тили мулоқот клуби» эса япон ва ўзбек маданияти ўртасидаги ўзаро уйғунлик, таълим тизимидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим омил бўлмоқда.

Таълим масканида педагоглар салоҳиятини янада ошириш, ёш кадрларга эътибор, «Устоз-шогирд» анъаналарига амал қилиш яхши йўлга қўйилган. Соҳада фаолият кўрсатаётган 50 нафар педагогларнинг 12 нафарини чет тиллари мутахассислари ташкил этган ҳолда фаолият кўрсатаётган 4 нафар “Ўзбекистон халқ таълими аълочи”лари, тажрибали ўқитувчилар 20 нафар ёш педагогларга устозлик қилмоқда. Шу боис педагоглар қўлга киритган ютуқлар таҳсинга сазовор.

Жумладан, жорий йилда «Энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритган Инна Амановскаянинг республика босқичига йўлланма олгани, инглиз тили фани ўқитувчилари Гулчеҳра Суюндукованинг Буюк Британия элчихонаси ташаббуси билан ўтказилган «Инг­лиз тили – севимли тилим» кўрик-танловида 1-даражали диплом билан тақдирлангани, шунинг­дек, Феруза Тошпўлатова, Диана Мустафиналарнинг соҳада эришган ютуқлар диққатга сазовор.

Ўқувчилар эришаётган ютуқлар эса бундан-да қувонарли. 9-синф ўқувчиси Ильфина Назифова, Наввотой Мирзаева, 8-синф ўқувчиси Нодира Очилова, Ёрқин Маматқулов, 5-синф ўқувчиси Фарангиз Нўъмонжонова, Адиба Жамилова каби иқтидорли ўқувчиларнинг нафақат инглиз тилини, балки бошқа хориж тиллари ва фанларни юқори даражада ўзлаштираётганлари ёшларнинг тиришқоқ, билимдонлигидан даракдир.

Шунингдек, 8-синф ўқувчиларининг «Ўйла, изла, топ» кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика финал босқичида иштирок этгани, республика миқёсидаги «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаси гимнастика йўналишида Лида Петрованинг олтин медалга сазовор бўлгани, Бобур Ҳайитовнинг ўзбек жанг санъати, Малика Саъдуллаеванинг сузиш, Руслан Нуриллаевнинг стол тенниси, Нафиса Раҳматованинг гимнастика йўналишлари бўйича шаҳар, вилоят ва республика босқичларида ғолибликни қўлга киритганлари қувонарли.

Мактаб-интернатида узоқ-яқиндан келиб таълим-тарбия олаётган ўқувчилар учун мавжуд 100 ўринли ётоқхонада дарс тайёрлаш, бўш вақтларни мазмунли ўтказиш учун 12 нафар тарбиячи, шифокор ва ҳамшира масъул. Ётоқхонада яшовчи ўқувчилар учун ота-оналар ҳамкорлигида уч маҳал иссиқ овқат ташкил этилган бўлиб, кутубхона, ўқув зали, дам олиш ва бошқа хоналар уларнинг хизматида.

Яна ўқинг:  ОЛИС МАНЗИЛЛАРДА: САЛОМАТЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК КАРВОНИ

Ўқув даргоҳи қошида ташкил этилган «Ота-оналар университети» ота-оналарнинг мактабда ўтказиладиган тадбир, суҳбат ва тантаналарда иштирок этишларини таъминлаб, ёш авлоднинг ютуқ ва таълим кўрсаткичларидан воқиф этиб боради. Ота-оналар ва «Заргарлик» маҳалласи ҳамда ўқув маскани ҳомийлигида олиб борилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишлари эса мактаб, маҳалла ва оила ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамламоқда.

Таълим маскани жамоасининг келгуси режалари бисёр. Ёш авлодга чет тилларини, айниқса, инглиз тилини янада чуқур ва мукаммал ўргатиш ҳамда ўзлаштиришда замин яратадиган, олий ўқув юртларига тайёрлайдиган «Ўқув тайёрлов курси» очишни, шунингдек, ёрдамчи хўжалик сифатида иссиқхона ташкил этишни режалаштирган.

Эзгу ишнинг эртаси ёруғдир. Шундай экан таълим маскани ўқитувчилари ва ўқувчилари эртанги кун учун бугундан замин ҳозирламоқда.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: