Соғлом оила – соғлом бола
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари давлат дастури тўғрисида»ги қарори ҳамда «Обод турмуш йили» давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий-ижтимоий маркази бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Куни кеча Тиббий-ижтимоий марказ ҳамда Миробод туман Тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида туманнинг «Чинор» маҳалласида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилалардаги туғиш ёшидаги аёллар, ўсмирлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида Сияра Жамбекова, Насиба Гаппарова, Нигина Саъдуллаева, Шоҳиста Маҳамаджонова, Зилола Мирзакаримова каби тиббиёт ходимлари аҳолини қизиқтирган барча саволларга жавоблар беришди. Шунингдек, туман аҳолиси ўртасида ўтказилган «Репродуктив саломатлик ҳақида», «Эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари», «Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нимаси билан хавфли?» мавзусидаги маърузалар барчада қизиқиш уйғотди. Кўрик давомида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий-ижтимоий маркази томонидан беморларга хайрия сифатида дори-дармонлар тарқатилди.
Ж. ҲАЙДАРОВА