Аҳолининг турмуш даражаси янада юксалади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида давлатимизнинг барқарор тараққиёти, ислоҳотларнинг давомийлиги ва изчиллигини таъминлашга қаратилган янги ғоялар, амалий ташаббуслар, лойиҳалар, кенг кўламли чора-тадбирлар ўрин олган.

Мазмун-моҳияти ва кўлами жиҳатидан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган саъй-ҳаракатлар жамиятимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйганлигини англатади. Унинг лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокида муҳокама қилинди. Шунинг ўзиёқ бу ҳужжатнинг халқчиллигини, том маънода инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилганлигининг ёрқин ифодасидир.

Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида қатор муҳим вазифалар белгиланган. Макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида ялпи ички маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш кўзда тутилган.

Ҳаракатлар стратегиясида илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, банк тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш, барқарорлигини таъминлаш, банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш вазифалари ҳам ўз аксини топган. Бу вазифалар ижросида банк-молия муассасаларининг фаол иштироки талаб этилади.

“Қишлоқ қурилиш банк”да Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга доир зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Дастурлар ва режалар ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Банкимизнинг 2017 йилнинг биринчи чорагидаги фаолиятини таҳлил қилишда ҳам асосий эътибор мазкур ҳужжатларнинг ижросига қаратилди.

Бугунги кунда “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида 42 филиал, 48 минибанк ва 176 шохобча фаолият юритмоқда. Улар 779 мингдан ортиқ мижозга кенг турдаги банк хизматларини кўрсатмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва банкнинг ликвидлилик, ишончлилик, тўловга қобилиятлилик каби қатор асосий кўрсаткичларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида биринчи чорак якуни бўйича банк капитали йил бошига нисбатан 3,4 фоизга ўсди.

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоялаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш “Қишлоқ қурилиш банк” фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб келмоқда. Банк тузилмалари истиқболли инвестиция лойиҳалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш мақсадида молиявий маблағлар йўналтирмоқда. Биринчи чорак давомида кичик бизнес субъектлари учун банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 131,5 миллиард сўмга ортди.

Яна ўқинг:  Шамолларни қувган варраклар

Банк ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш билан боғлиқ инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, қишлоқ жойларда замонавий уй-жойларни барпо этишда фаол иштирок этмоқда. Бу мақсадларга жорий йилнинг биринчи чораги давомида 158 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.

Ҳудудларни 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастурига асосан “Қишлоқ қурилиш банк” филиаллари биринчи чоракда 136 лойиҳага кредитлар йўналтириб, 800 дан зиёд иш ўрни яратишга кўмак берди.

Фуқароларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида банк ходимлари 344 минг 564 хонадонга бориб, суҳбат ўтказди. Натижада 34 минг 360 фуқаро банкдан кредит олиш истагини билдирди. Ҳозир уларнинг 26 минг 729 тасига молиявий сармоя ажратилди.

 

Банк кичик бизнес субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришга ҳам эътибор қаратиб, хорижий банкларнинг кредит линияларини жалб этмоқда. Халқаро тараққиёт уюшмаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки билан бу йўналишда ҳамкорлик қилинмоқда.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда, жумладан, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишда, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишда “Қишлоқ қурилиш банк” тузилмалари фаол иштирокини таъминламоқда.

Банкимиз замонавий уй-жойлар қуриш жараёнида ҳам ўз маблағлари билан фаол иштирок этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз аҳолисининг яшаш шароитларини янада яхшилашда янги босқични бошлаб берди.

Мазкур қарор қишлоқ аҳолисининг кенг қатламлари учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ва қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали (2, 3 хонали) уйлар, аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар, ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар юртдошларимизга манзур бўлиши шубҳасиз.

Агар 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастурига кўра уй қурувчининг дастлабки бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, янги дастурда ушбу бадал биринчи ва иккинчи турдаги уйларни қурувчилар учун 15 фоиздан иборат. Бу уйлар дастури қишлоқ аҳолисининг кенг қатламини жалб этишда муҳим омил бўлади.

Дастурда 2017 йилда 15 мингта янги уй ва квартира, жумладан, 4 минг 608 биринчи турдаги, 3 минг 739 иккинчи турдаги, 3 минг 672 учинчи турдаги уйни ҳамда 0,06 гектар майдонли 3, 4 ва 5 хонали 2 минг 981 бир қаватли уй қуриш назарда тутилган.

Ушбу уй-жойларнинг 5 минг 625 тасини “Қишлоқ қурилиш банк” молиялаштирмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 546 уй-жойнинг қурилиши ниҳоясига етди. Ушбу арзон уй-жойларни қуришда талабгорларни танлаб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни дастлабки танлаш бўйича тизимнинг очиқлиги ва ишончлилиги тамойилидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Яхшининг боғи абадий мева беради

Дастурга кўра арзон уй-жойлар мулк ҳуқуқи билан турар жойи йўқ ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшайдиган оилалар, бошқа оилалар билан бир уйда яшовчи оилаларга берилиши белгиланган. Бундай уйлар биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оилалар, кам таъминланган оилалар, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормага мувофиқ бўлмаган оилаларга ҳам берилмоқда.

Ҳар бир массивнинг бош режасида хизмат кўрсатиш объектлари, спорт майдончалари ва муҳандислик тармоқлари, ҳовли қисмида болалар майдони, уй эгалари дам олишлари учун шароитлар эътиборга олинган. Энергияни тежайдиган маҳаллий материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишнинг янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйларнинг таннархи пасайишига ҳамда аҳолининг барча қатлами учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда.

2017 йил 2 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Осиё тараққиёт банки иштирокида 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида арзонлаштирилган уй-жойлар қуриш дастурини амалга ошириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ҳозир 500 миллион доллар миқдорида узоқ муддатли имтиёзли кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишув музокаралари олиб борилмоқда.

Барча мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни арафасида уй-жойлар эгаларига топширилишини таъминлаш юзасидан зарурий ишлар амалга оширилмоқда.

 

Акбар ЭШОНҚУЛОВ,

“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки

бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари.

ЎзА.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: