Бола бошидан…

Фарзанд тарбиясида оиланинг тутган ўрни ниҳоятда муҳимдир. Инсоннинг келажакда қандай шахс бўлиб камол топиши эса бевосита оиладаги муҳитга боғлиқ. Оила жам бўлиб бир дастурхон атрофида йиғилган маҳалда, ҳамма ишлар ўртада ҳал қилинади. «Маслаҳатли тўй тарқамас» деганларидек, оила аъзоларининг ҳеч бири муаммоларига жавоб олмай қолмайди. Ҳамманинг фикри тингланиб, умумий бир тўхтамга келинади. Пул харажат қилинадиган ўринларда “Етти ўлчаб, бир кесилади”.

Оиланинг бу ўринларида камчиликлар кўзга ташланиб қолса, бўшлиқни тўлдириб, дарҳол тузатишнинг имкони бор. Аммо бир масала борки, унга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бугун сиз билан масалаҳатлашмоқчи бўлган мавзуимиз ҳар бир жамиятнинг келажаги бўлган ёш авлод тарбиясидир.

Режали ва узоқни кўзлаб қилинган ишлар, албатта, хайрли якун топади. Бунинг ҳаётдаги тасдиғини бугун кўзимиз билан кўриб, қалбан ҳис этиб турибмиз.

Ўзимиз бирор хайрли иш қилиб хурсанд бўлсак, фарзандимизнинг қилган яхши ишини кўриб ўн марта қувонамиз. Одамлардан фарзандимизнинг одоби, юриш-туриши, хулқи учун раҳмат эшитиш завқи қанчалик сурурли бўлишини гапирмасак ҳам бўлади. Бутун ҳаётимиз давомида ўғил-қизларимиз ортидан яхши сўз эшитишни истасак, бола тарбиясида тадбирли-тартибли бўлишни одат қилишимиз, бутун оила, тарбияда ҳамфикр бўлишимиз шарт.

Ўртоқлари билан кўча чангитиб, эгасидан сўрамай бировнинг дарахтидан мева узгани учун набирасига ўзгалар ҳаққини тушунтириб, насиҳат қилаётган отамизнинг гапи бизга эриш туюлиб, «Ёш бола-ку, олса олибди-да, бозорда арзимас пулга беради-ку дада, шунга шунчами? – деймиз. Афсуски, арзимаган нарсани олиб, дадасининг паноҳига кирган йигитча, эрта-индин каттароқ нарсани сўрамай олиши мумкинлиги бизнинг хаёлимизга келмайди.

Рост сўзлаш, ёлғон гапирмаслик ҳақида фарзандимизга жуда кўп гапирамиз. Ушбу ўринда ҳам аввал фарзандларга ўзимиз шахсий намуна бўлишимиз лозим. Телефон гўшагини кўтармоқчи бўлган боламизга «Мени сўрашса, уйда йўқ дегин», – деймиз.

Икки ўртада бола ҳайрон, бири бу ишни қилма деса, бошқаси пинагини ҳам бузмай қилавер, дейди. Хаёлидан бу ишни қилсам кимдир қилма деб мени уришса, бошқаси барибир менинг ёнимни олади деган, ўй ўтади. Боланинг суяги қилма, тегма, қилавер, ўйнайвер каби бир-бирига зид сўзлар билан қотади.

Бутун дунёга ўрнак бўладиган Шарқ маданиятида бежизга одоб-ахлоқ тушунчаларига катта эътибор қаратилмайди. Зеро, ана шу ахлоқ меъёрлари билан улғайган фарзандлар эртага бировнинг кўнглига озор бермаслиги, ўзгаларни ҳурмат қилиши аниқ. Ва шубҳасиз, келажакда ўз фарзандлари ва набираларига ҳам ҳудди шундай тарбия беради. Зеро, халқимиз «Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир» деб бежизга айтмаган.

Яна ўқинг:  ТУРОННИНГ АЛП ҚИЗЛАРИ

Фарзанд тарбиясида ота-оналаримиз қўллаётган услубга қарши чиқмаслигимиз керак. Улар сизни қандай тарбия қилишган бўлса, фарзандларингизни бундан яхшироқ тарбиялашларига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Агар улар бирор нарсани айтса-ю, сиз болага унинг аксини тушунтирсангиз унда болада ўз-ўзидан танлаш зарурати туғилади ва натижада бола аниқ бир қарорга келолмай қийналади. Авваламбор, фарзандингизга ўзингиз ўрнак бўлишингиз лозим. Унинг олдида ҳеч қачон ота-онангизга гап қайтарманг, тортишманг. Зеро, боланинг миясида демак ота-онага ҳам гап қайтариш мумкин, деган тасаввурни уйғотиб қўйишингиз мумкин.

Бола тарбияси учун бутун оила аъзолари масъулдир. Болани ота бир тарафга, она иккинчи тарафга тортқилаши унинг руҳиятида яхши иш учун ҳам ёмон иш учун ҳам бир хил муносабатни шакллантиради. Ёш ниҳолни парвариш қилсак, уни ўзимиз хоҳлаган шаклга сола оламиз. Аммо у ниҳол ўсиб катта дарахтга айлангандан кейин уни эгиб бўлмайди, эгсангиз синади.

«Қуш уясида кўрганини қилади», дейди доно халқимиз. Шундай экан, полапонларимизга фақатгина ширин муомила, яхши ва эзгу амалларимиз билан ўрнак бўлайлик.

Муҳаммадсобир АБДУМАЛИКОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: