Шоир бўлиш шунча осонми?..

Газетамиз ўқувчилари асосан ёшлардан иборат бўлгани боис, таҳририятга келадиган мактублар ҳам кўпинча ёшлар томонидан юборилган бўлади.

Eнди ишга кирган пайтларим қўлимга конверт тутқазишса, унинг ичида гўё дунёдаги энг сирли битиклар жойлашиб олгандек, уларни биринчи бўлиб ўқиш шарафи менга насиб этаётгандек ҳаяжонланардим. Бу ҳолат узоқ эмас, бор-йўғи бир неча ой давом этди. Тўғри, аввалига, хат тарзида жўнатилган шеърларни (дарвоқе, лоф бўлмасину, ҳар ўнта конвертнинг тўққизтасида шеър бўларди) титроқ билан ўқирдим. Газетага хат жўнатишса, унинг ичида Ватан, ота-она, баҳор, оқил бобо, меҳрибон бувилар ҳақида шеърлар бўлса, қандай яхши! Лекин бора-бора бундай мавзудаги шеърлар шу даражада “оқиб” келардики, улар қанчалик кўп ва зерикарли бўлса, мен шунчалик ҳафсаласизлик, лоқайдлик билан, шунчаки мажбурият юзасидан ўқийдиган бўлдим.

Ҳайрон қолдиргани шеърлардаги бадиий савиянинг “юксак”лиги эмас, “ёш, келажаги оловдай порлоқ “шоир”га туппа-тузук номи чиққан ижодкорларнинг ёзган “оқ йўл”лари. Сўзим жуда қуруқ бўлиб қолмасин, бир мисол айтай. Икки йилча аввал, бир шоира келиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишга интилаётгани, шеърларини шахсан бир адибнинг ўзи (у адибни ҳамма билади, шоир эмас, ёзувчи) кўриб, оқ фотиҳа берганини айтди. Қарасак, ростдан ҳам машҳур ёзувчининг имзоси билан икки бет нимадир ёзилган. Қизиқиб ўқиб кўрдиму, турли гумонларга бордим. Севимли адибим, асарларини мириқиб ўқиган адибим шунчалар грамматик ва орфографик хатолар билан ёзар эканми? Қолаверса, бир ўринда жумла яхши бошлангану, қўшма гап бўлгани учунмикан, муаллиф гапининг давомида адашиб кетган. Шу гапни бирор иншомда ёзганимда, она тили муаллимимиз қизил ручка билан устидан чизиб ташлаган бўларди. Бу эса машҳур адибнинг қаламидан тўкилган жумла эди… Сизни ишонтириб айтаман, мен бу “оқ йўл”ни севимли адибим ўз қўли билан ёзганига шубҳа қилдим. Ҳа, энди, у зотнинг вақти йўқ бўлса, шоира келавериб безор қилиб юборгану, адибимиз ўзбекчилик қилиб: қизим, ўзингиз бир нима қоралаб келинг, қўл қўйиб бераман, деган бўлсалар керак-да, деб ўйладим…

Сўзларимни ўқиб, айрим ёш шоирлар ранжисалар ҳам айтаман, таҳририятга юбориладиган шеърларнинг аксарияти шеъриятнинг энг оддий талабларига ҳам жавоб бермаслиги етмаганидек, кўпчилигининг мазмуни саёз бўлади. Масалан, Ватан ҳақидаги шеърларнинг барида мазмун шундай: “Ватаним дунёда танҳо, унинг об-ҳавоси зўр. Қизлари чиройли, йигитлари мард, ўзи серқуёш!”. Бу шеърнинг боши ва ўртасидаги мазмун. Якунда: “Сенга жонимни фидо қиламан, бахтимга доим омон бўл!” дейилади. Агар ғазал бўлса, охирги байтда исмини ҳам чиройли миннат билан тиркаб қўйишади. Барака топкур, бекордан-бекорга жонингни фидо қилиб нима қиласан, ундан кўра эл-юртга қўлингдан келганча (майли, улкан бинолар қурма, унга битта ғишт узат!) хизмат қил, дегимиз келади.

Яна ўқинг:  Kulgu-shifo (2014/35-36)

Она ҳақидаги шеърларда, энди ўзингизга маълум, оналарнинг меҳрибонликлари, фидойиликлари мадҳ этилади. Гўё оналар шу қайтариқ мадҳларга муҳтож! (Тўйларда биласизми, “Мен шу икки ёшга улкан бахт тилайман” , дейишади. Йўқ нарса тиланади, бор нарсани тилаб нима қиласиз, акаси, демайди ҳеч ким. Улар шундоғам бахтли, уларга бахт тиламанг, бахтингиз бардавом бўлсин, денг, етади).

Йўқ, қаламкашларни носамимий, мақсадсиз ёки эрмак учун ёзишади десам, жуда ҳам тўғри бўлмайди. Мақола, шеър, ҳикоя ёзиб жўнатган ёки бевосита таҳририятнинг ўзига олиб келган муаллифларнинг кўпи бемақсад эмас. Дейлик, аксарият тенгдошларимиз ўз ижод намуналари билан бирор танловда қатнашишни мақсад қилган бўладилар. Албатта, бунда уларни қўллаб-қувватлаш керак. Бироқ бизни ўйга соладигани шуки, уларнинг ҳаммаси ҳам адабиётни севади, бадиий ижодни ўзларининг ҳаёти, қисмати, дарду қувончини ифода этишга гўзал бир восита, кўнгил иши деб билади, дейиш қийин…

Яқинда, таҳририятга бир шоир келди. Келадиганлардан фарқли равишда, ёши йигирма-йигирма бешда эмас, элликни қоралаб қолган, кўринишидан тажрибали қаламкаш.

Ватан ҳақида шеър ёзган экан. Ўқидик. Билдикки, муаллиф Ватанни жуда ҳам севар экан. Шеърда эл-юртга муҳаббат акс этган эди. Шеърнинг остига, билмадим, муҳаррир учун бўлса керак, шундай изоҳ ҳам берилибди: “Мен ушбу камтарона ёзган шеърим билан мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшмоқчиман”.

Шоирнинг улуғ ниятлари ижобат бўлмоғини тилаб, қачондир фойдаланиш мақсадида (илгари таҳририятлардан муаллифларга “шеърингиздан (мақола, ҳикоянгиздан) ўрни келса фойдаланамиз” деган жавоб келарди) уни “есдаликлар тортмаси”га яхшилаб жойлаб қўйдик…

Элмурод НИШОНОВ

Манба: saviya.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: