Юкинг ерда қолмагай, она юрт, ота макон
Янги давр шиддатидан вақтнинг ҳам ўзига қарашга вақти йўқ. Вақт гўё азалий ва абадий маромидан кечиб, ўз жиловини замон шиддатлари ихтиёрига топширгандай – кўзларидан ўт, туёқларидан чақмоқлар чақнаётган тулпоргами ёинки жийрон қашқа дулдулга ҳам ўхшаб кетади. Ўзига ҳам аёвсиз бу учқур, кўкбўз отнинг чавандозию чопағони ҳам вақтнинг ўзи.
Боболар “Вақт табиб, даволайди…” дер эдилар. Бугунги замонамизнинг шитобу шаштларига қиёсан олганда, “табиб”имизнинг ўзи ўзини таҳрир қиладиганга ўхшайди. Бу дегани вақт энди даволамайди: ёвқур чавандоз, фуржанг борида ҳаракатингни қилмасанг, тезроқ эҳтиёт чорангни кўрмасанг, қараб ўтирмайди. Мангуликка йўл олган бўронсифат шу тулпорнинг кескир туёқлари остида чилпарчининг чиқиб, беному нишон қолиб кетмаслигинг учун ўз ниҳолинг, кўчатинг ва дарахтингни эзгулик боғига қадашга улгурмоғинг – ўзингга, фақат ўзингга боғлиқ.
“Ваҳки, умрум борча зоеъ бўлди эл коми била” дея афсус чеккан эканлар Алишербек бобомиз.
Буюк элпарварлигию оламшумул шоирлиги билан абадиятга қадар ном қолдирган Навоий ҳазратларики умримни елга совуриб, зоеъ кеткиздим деб турган эканлар, улуғ аждодимизнинг шу бир сатргина шеъри олдида бизлар киммиз, биз нима дея оламиз?!
“Элга эга керак, эга бўлмаса нега керак” дейилади қўҳна халқ мақолида…
Биринчи Президент. Буюк бунёдкор. Истиқлолимизнинг бош меъмори…
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари бўлиб ўтди.
“Буни қаранг-а, вақтнинг ўтишини, аёвсизлигини қаранг-а!.. Аллақачон бир йил бўлибдия ўтканларига?! Улуғ инсон эдилар, Худо раҳмат қилсин, жойлари жаннатларнинг тўрларидан бўлсин…”
Маҳалла отахонларининг бу гап-сўзлари тезоб-сершитоб вақтнинг ўткинчи гангур-гунгурларидай туюлса-да, аслида элу юртга, унинг Буюк фарзандига тааллуқлиги, оддий халқнинг меҳр ва эҳтироми ифодаси эканлиги билан ҳам беҳад қадрлидир.
Йигирма беш йил – чорак асрлик муддат давомида бир халқ, бир миллатнинг шараф тонглари отган бўлса, Йўлбошчининг сочлари буткул оқариб кетгани ҳам шундоқ кўз ўнгимизда рўй берган буюк тарихий ҳодиса, вақту замоннинг мангу мунаввар тимсолидир.
“Э, билмайсиз-да, шаир ука, халқнинг касаси оқармоғи учун, элнинг тонги отмағи учун Ислом Каримовнинг умри сарп бўлди, боши оқарди ахир… Э, ул кишига осон бўмаган. Шагирдиға ҳам осон бўмайди! Худойим куч-қувватдан берсин, умрини берсин! Тирмизий боваларни йўқлаб кепти, Бухорий боваларини зиярат қипти, илайим, шу юртнинг азиз-авлиёлари даим ҳамрайи бўсин! Омин!…”
Бу халқона, самимий сўзлар – оддий мўйсафид буванинг дилдан чиққан дуоси, дил тубидаги тилаклари…
“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” Нима учун айнан шу сўзлар мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрамини нишонлаш тўғрисидаги Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарорида бош ғоя, шиор сифатида алоҳида кўрсатиб ўтилгани замирида ҳам юксак инсонийлик ва ҳурмат-эҳтиромга йўғрилган теран мазмун ва ҳикмат яширинган. Яъниким, халқ учун, Ватан учун ҳамма нарсанинг баҳридан кечиб, ўзини, умрини бахш этган, фидо бўлган инсонлар бор, умримиз ўткинчи, шундай зотлардан ибрат олайлик, муҳаббат билан, садоқат билан шу азиз Ватанга, элга, халққа хизмат қилайлик деганидир бу…
Парвардигори олам маълум саналар ва рақамлар замирида буюк инсонлар, тарихий шахслар тимсолида бутун бошли миллатлар ва давлатларнинг тақдирини яшириб қўяркан. Кези келганда бу илоҳий саналар қаршисида вақт ҳам ожиз ва нотовон қолганлигига яқин ва олис тарихимиздан, миллатимизнинг улуғ сиймолари ҳаётидан кўп мисоллар келтириш мумкин.
Бизнинг бугунги сершиддат замонимизда вақту соат тушунчаси бутунлай ўзгарди. Тонг ва шом, тун ва кун, кеча ва кундуз сингари бобомерос сўзлар мумтоз ғазаллар аро қолиб кетгандай, воқеа-ҳодисалар, рўй бераётган янгиланишлару ўзгаришлар – барча-барчаси тонг ва кундан, аниқроғи, вақтдан ҳам илдамроқ содир бўлаётгани – янги даврнинг шитобларию шиддатлари эмасми? Бундайин бетиним ва беҳаловат замонани, айни пайтда пойқадами изларидан бутун бошли шаҳарлару мавзелар, ҳайратомуз иншоотлар, йўллар-кўприклар бино бўлаётган, кўркам-нурафшон манзилу маконлари одамларнинг ёруғ чеҳрасидай нур таратаётган ҳеч бир вақтни кўрганмисиз?.. Эрталабки янгилик, бунёдкорлик хабари пешинга борар-бормай бошқа хушхабар ва ё мужда билан алмашиняпти.
Донишманд халқимизнинг “Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон янги” деган пурҳикмат мақоли олдида ҳурмат ва эҳтиромимизни бажо келтириб, изн ва узр сўраган ҳолда айтиш мумкинки, янги давр, янги замон шиддати вақтнинг ҳам тизгинсиз суръатини лол қолдириб, қадим ва емирилмас ҳикматларга ҳам ўзгартиш киритиши муқаррар экан. Шу кеча-кундузда диёримизнинг қайси гўшасига борманг, эл яшайдиган уйлар ҳам, рўзғорию турмуш шароитларидан тортиб уй жиҳозларигача ҳар кун, ҳар соатда янгиланаётгани, руҳиятию кайфияти, онги ва тафаккуригача шу янгиланишлардан баҳраманд ва мамнунлигини ватандошларимизнинг юз-кўзлари, қиёфасию ёруғ чеҳраларидан кўриб, ишонч ҳосил қилиш мумкин…
…Шу эл, шу халқ бўлмаса биз киммиз?! Шу халқ, шу Ватан учун яшаймиз-да, бўлмаса яшашнинг нима кераги бор?…
…Дунёни биз ҳар кун, ҳар соатда юрагимиздан ўтказиб яшашимиз керак…
…Жаҳолатга қарши маърифат. Ёшларга билим, билим бериш, ўқитиш, билим, билим, фақат билим билан жаҳолатнинг йўлини тўсиш мумкин!
…Бир варақ ёзиш учун аждодларимиз қанча-қанча мерос ўрганган… Тарбия, тарбия, яна бир марта тарбия!…
…Сохта алдовларга учиб умрини хазон қилаётган фарзандларимизни кўриб, рости гап, кечалари уйқум келмайди. Азоб, бу азоб менга! Бу аччиқ ҳақиқат ханжар бўлиб юрагингизга санчилиши керакмасми?! Керак!…
…Уйимизни асрашимиз керакдир, лекин болани асраш, боламизни асраш – биринчи галда!… Боламиз – қўлимизда омонат, ўқитмасак, тарбия қилмасак, маърифат ва таълим бермасак – у бола кетиб қолади.
…Китобсиз келажак йўқ. Китобга қайтган эл, халқ, одамзот ҳеч қачон кам бўлмайди!…
…Барчамизни тарбиялаган, вояга етказган шу халқ… Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ…
…Ватанни севиш керак! Бошқа гап йўқ!…
Давлатимиз раҳбарининг юртдошларимиз билан бўлган турли учрашувлар ва мулоқотларда айтган сўзларидан келтирилган иқтибосларни ёзув дафтарларимдан кўчириб мисол қилиб олдим.
Бу иқтибосларда бутун бир мамлакат, халқ ва миллат тақдири ва юкини ўз зиммасига олган бедор ва беором, доимо уйғоқ ва беҳаловат Раҳнамонинг юраги ўттиз икки миллионлик юртдошларимизнинг қалблари билан дилдош ва қондош бўлиб ураётганига имон келтирасиз.
Устоз Ҳамид Олимжоннинг “Кўзларимни юммасман асло – Дарё каби уйғоқ ўтурман” деган сатрларининг мазмуни ҳам шу эмасми…
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган кенг қамровли учрашуви ҳам мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида том маънода туб бурилиш ясаган катта ижтимоий-маънавий воқеа сифатида янги тарихимизда бир мунаввар саҳифа бўлиб қолиши шак-шубҳасиздир.
Давлатимиз раҳбари маънавий бурчини, ўз бурчи ва садоқатини англаб, ўзини аямай меҳнат қилаётган замондош ижодкорларимиздан мен мамнунман, дея таъкидларкан, ўсиб келаётган авлоднинг маънавий тарбияси жамиятнинг ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласи эканига алоҳида эътибор қаратди.
Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган давру замонамиз ҳам, бурч ва масъулиятимиз ҳам ҳар биримиздан дарё мисол уйғоқликни талаб қилаётган экан, ибрат ва муқоясани кимдан олиб, қалам ва қадамларимиз суръатини кимнинг қадамларига қараб мослашимиз кераклигини ҳам жиддий ўйлаб кўришимиз, янги тонг отишини кутмасдан, ишни бугунданоқ, ҳозирнинг ўзидаёқ бошламоғимиз, бўлмаса эртанги тонгимиз бир пасда кечаги кунга айланиб қолишини, бахту имкониятларимиз бекор кетган вақтнинг чангу тўзонларида совурилиб кетмоғини ҳам, бир зум бўлса-да, эсдан чиқармаслигимиз шарт ва зарур…
Истиқлолнинг туғроси,
халқу Ватан Ҳумоси
Бекорга Ҳақдан Буюк
Меъморга келган эмас.
Фармонларда ул зотдан
“Зиммасига юклансин…”
Деган сўзлар ҳам асли
бекорга келган эмас.
Дўстим, у йилларни сен
кўргил аста уринмай,
Қанча ранжу меҳнатнинг
дош бердик ҳаммасига.
Халқ юкин, миллат юкин
эл кўзига кўринмай,
Шунча вақт олиб келган
зотлар бор зиммасига.
Буюклик – буюк бу юк
Бунёдкорга қийиндир,
Осонми бу дунёда
юрт қурмоқ, Ватан қурмоқ.
Жонфидо фарзандларнинг
вазифаси тайиндир:
Миллат юкин, юрт юкин
миннат қилмай кўтармоқ.
Боболаринг хокига
эгилиб бор, юкиниб,
Қалбинг соф бўлмаса гар
иймонинг ҳам иймонмас.
Давру замон юкини,
ору виждон юкини
Елкага ҳам юракка
олиб юрмоқ осонмас.
Кечани кеча демай,
кундузни кундуз демай,
Юлдузларга ҳам тонгда
дам берган, ором берган,
Халқ бормикан дунёда
ҳалол, заҳматкаш сендай:
Тоғ келса гар – емирган,
сув келса гар симирган.
Қамчиқдан токи Зомин,
Бойсун тоғларигача,
Сарибийдан тортиб то
Сариосиё қадар –
Туташгандай кўрингай
жаннат боғларигача,
Бир Ватанким, нур сочгай
Овро, Осиё қадар.
Юкинг ерда қолмагай,
Она юрт, ота макон,
Дилбандлар ҳам улғайиб
соҳиби даврон бўлгай.
Эл бошига кўтаргай
улуғларин ҳар қачон,
Давлатинг пойдор, шаъну
шавкатинг жаҳон бўлгай.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.
ЎзА