Тартиб ва меъёр яхши
Зиёфатли давраларда кўпинча бир гапни эшитиб қоламиз: одам ейиш учун яшайдими ёки яшаш учун ейдими? Бу, албатта, дастурхондаги нозу неъматнинг ҳаддан зиёд кўплиги-ю ҳар қандай одам ошқозонининг маълум ўлчови борлигига нисбатан пичингнамо ҳамда ҳазиломуз айтиладиган гап. Шундай пайтда Садриддин Айнийнинг асаридаги Қори Ишкамба образи ёдга тушади. Унинг очкўзлиги, нафсини тия олмаслиги ҳаётига ачинарли якун ясайди. Ҳажвга олинган маълум воқеалар ривожи бизни ҳушёрликка ундайди. Таом тановул қилганда уни билиб, тартиб ва меъёрга амал қилиб истеъмол қилайликки, токи таом танамиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилсин.
Ушбу мавзуда бекорга сўз очмадик, чунки инсон ўзини яхши ҳис қилиши, турли хасталикка чалинмаслиги кўп жиҳатдан овқатланиш тартибига боғлиқ экан. Бунда, айниқса, эрталабки нонуштанинг аҳамиятини алоҳида таъкидламасдан илож йўқ.
Мутахассислар овқатланиш рационида нонушта — 25 фоиз, тушлик — 35 фоиз, тушдан кейинги овқат — 15 фоиз, кечки овқат — 25 фоизга тақсимланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлашади.
— Унутмаслик керакки, нотўғри овқатланиш, одатда, саломатликнинг аста-секин бузилишига олиб келади ва кейинчалик унинг оқибатини бартараф этиш мураккаб жараёнларга сабаб бўлади, — дейди биз билан суҳбатда пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 30-оилавий поликлиника шифокори Муҳайё Эргашева. — Шу боис овқатланиш тартиби ва истеъмол қилинадиган маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Эрталабки нонуштада оқсил, углевод ва витаминларга бой озиқ-овқатларни тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Яъни, буғдой нон, жавдар нон, шунингдек, сабзавотлардан истеъмол қилиш, турли шарбатлар ичиш тавсия этилади. Чунки хомлигича ейиладиган сабзавот ва меваларда пектин моддалар бор. Пектин моддалар углеводлар тоифасидан бўлиб, ичаклардаги чиритувчи моддаларни камайтиради ҳамда заҳарли моддаларни бириктириб олиб, организмдан чиқиб кетишига ёрдамлашади. Бундан ташқари, витаминли маҳсулотлар рационнинг муҳим ва алмаштирилиши мумкин бўлмаган таркибий қисми бўлиб, организмнинг нормал фаолиятини таъминлаб туради. Нонуштада, асосан, енгил ҳазм бўладиган, лекин дармондориларга бой маҳсулотлар истеъмол қилган маъқул. Айниқса, дуккаклилар гуруҳига кирадиган донли ёрмалардан тайёрланган бўтқалар меъда-ичак фаолиятига яхши таъсир кўрсатади.
Айни пайтда юртимизда баҳор фасли. Бу кезлар танамиз турли витаминларга ҳар доимгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезади. Шу боис рационни ҳўл мевалар билан бойитишимиз саломатлигимизни мустаҳкамлабгина қолмай, иммунитетимизни кўтариб, иш унумдорлигини оширади. Мутахассислар фикрига кўра, эрталабки нонуштада сут ва сут маҳсулотлари истеъмоли кишини кун давомида тетик ва бардам қилади. Сутнинг таркибида 12 хил витамин мавжуд. Улардан А, Д1, Д2, В2 витаминлари ҳамда каротиннинг организмга фойдаси беқиёс.
Сир эмаски, баъзида ишга ёки ўқишга шошиб, нонушта қилишни унутамиз. Тушлик вақтида эса зўр бериб овқатланамиз. Бу ҳолат соғлигимизни йўқотишга, турли касалликлар юзага келишига сабаб бўлади. Айниқса, кечки овқатда қовурилган ёғли таомларни истеъмол қилиш семириб кетишга, қолаверса, меъда-ичак фаолиятининг бузилишига олиб келади.
Шу ўринда унутмайликки, ҳар бир оилада шириндан-шакар болажонлар, ўсмирлар вояга етмоқда. Уларнинг соғлом бўлиб улғайишини хоҳлаган оналар, албатта, фарзандларининг овқатланиш тартибига жиддий эътибор қаратиши жоиз. Мисол учун, мактабга ва коллежга йўл олган ўсмир кўпинча ярим тайёр “фас-фудлар”: гамбургер, хотдог кабиларни тановул қилиб, газли, рангли ичимликлар билан чанқоғини қондиради. Бу эса ўсмир танасига қувват бўлиб кириш ўрнига ошқозон ҳазм қилиш муаммоси ва турли ички аъзолари касаллигига олиб келади.
Шу боис оналар фарзандининг уйда фойдали овқатланиши учун етарли шароитни муҳайё қилишса яхши бўларди. Бунинг учун дастурхонда қайнатилган, буғда пиширилган таомлар ва кўкатлардан тайёрланган салатлар бўлгани маъқул. Фарзандимиз эрталаб уйдан чиқаётганда сумкасига олма, майиз ва ёнғоқ солиб қўйсак, бу маҳсулотлар ҳам болада очлик ҳиссини камайтириб, фикрлаш қобилиятини кучайтиради, камқонликнинг олдини олишга ёрдам беради.
Халқимизда шундай гап бор: эрталабки нонуштани ўзинг е, тушликни дўстинг, кечки овқатни эса душманинг билан бўлиш… Демак, катта-ю кичикда ҳам соғлом бўлиш ва тўғри овқатланишнинг асосий шарти рационда минералли, витаминларга бой таомлар хилма-хиллигини таъминлаш ҳамда тартиб ва меъёрга амал қилишдан иборат экан.
Гўзал БАХТИЁР қизи