Тошкент тақдиримизда

Гўзал ва бетакрор мамлакатимиз пойтахти – Тошкент сўзини эшитиш биланоқ ҳар бир юртдошимиз қалбида юксак ғурур уйғонади. Она Ватанимизда бу кентни севмайдиган, ундан фахрланмайдиган бирор ўзбек бормикан?!

Асрлар оша тарихнинг не-не синовларига бардош бериб, доимо янгиланиш ва юксалиш тарафида бўлган қадимий Шош! Сенинг ҳар бир маҳалланг, ҳар бир кўчанг, бир сўз билан айтганда ҳар қарич еринг қадрли ва муқаддас.

Водийнинг сўлим боғларида ёки Хоразмнинг қадим гўшасида ширали овозда қўшиқ хиргойи қилаётган йигит-қизларнинг дилидаги “Насиб этса, Тошкентга бориб ка-а-т-та санъаткор бўламан!” деган эзгу орзуси қачондир ушалган. Сурхон ёки Қашқадарёнинг қир-адирларида қўй боқиб, тендошлари билан кураш тушишдан ўзгача завқ оладиган ёш, абжир полвоннинг нияти ҳам мактабни тугатгач, Тошкентдаги катта ўқишга кириш. Устоз полвонларга шогирд тушиш, халқаро мусобақаларда қатнашиб чемпион бўлиш, юртимиз байроғини баланд кўтариш! Бухоролик илмга чанқоқ боланинг тушларига ҳам Тошкент киради. У сирли оламда сузаётгандек, гўё… Билим булоғидан тўйиб-тўйиб сипқоради. Буюк аждодларимиз ишини давом эттириб, фан ва тараққиёт, янгиликлар кашф этиш ниятида ўқиб-ўрганади, изланади. Йиллар ўтиб ниятлари мустажоб бўлади. Улуғ олим сифатида эътироф этилади. Беғубор боланинг туши ўнгидан келади. Бир сўз билан айтганда қайси соҳада бўлмасин ўзини намоён этишни истаган одам сен томон талпинади.

Сен азалдан бағри кенг, сахий кентсан. Бўлмаса, Иккинчи жаҳон урушининг қирғинбарот жанггоҳларига айланган узоқ Шарқдаги вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқлардан қанчадан қанча ота-онасиз болаларни, гўдакларни эшелонга жойлаб, сен томон юборармидилар?! Сенга шунчалик ишонишдими-а?! Сен уруш болаларини бағрингга босдинг. Сенинг эзгуликларинг олдида дунё лол қолди!

Тошкент сени яхши кўрмаган инсон бормикин?!

Сира эсимдан чиқмайди. Ўқувчилик пайтларимда негадир Тошкентга ўқишга киришни дилимга туккан эдим. Ўша даврда акам ва унинг бир нечта жўралари пойтахтда талаба эдилар. Улар қишлоғимизга келсалар, барча катта-ю кичик “пойтахтлик меҳмон”ларга ҳурмат-эътибор кўрсатишарди. Уларнинг кийинишлари, муомаласига биз ёшлар ҳавас билан қарардик. “Тошкентда ўқиганлар зўр одам бўлишади!” Бу фикр беихтиёр хаёлимиздан ўтарди. “Катта бўлсам, албатта пойтахтда ўқийман!” дердим.

Орзулар ушалди. Бош кентга ҳам келдик. Осмонўпар бинолар, ер ости транспорти… Хуллас, ҳар бир манзарадан ҳайратимиз ошарди. Телевизорда учратиб юрганимиз бирор бир шоир ёки санъаткорни тасодифан учратиб қолсак, унга ҳайрат билан боқардик. Уларга тикилиб қолардик. Қишлоққа бориб дўстларимизга мақтанишга сабаб топиларди-да.

Яна ўқинг:  Бизда ҳам қўллаш мумкин-ку!

Ўқидик. Мазза қилиб ўқидик. Устозлар сабоғи, изланиш ва ўқиб-ўрганиш учун имкониятлар… Булар биз – талабаларни тоблади. Ҳаётда ўз йўлимизни топишимизга йўлчи юлдуз бўлди. Ижарада турганимизда онамиз бўлиб қолган бувижонларнинг жонсараклиги, худди ўз онажонимиздек бизларни авайлаши, бироз кеч қолсак, дарвоза олдида мунғайиб кутиб туриши, соғ-омон келганимизни кўриб, уларнинг юзида қувонч пайдо бўлиши… Яхши одамларнинг панд-насиҳатлари… Буларни унутиб бўлармикин?! Асло!

Ижод. О, ижод! Олий ўқув юртини тугатиб, қишлоқда иш бошлагач, яна пойтахтга интилдим. Яна Тошкент менга бағрини очди. Ҳамма имконият, шароит бор. Газета-журнал, нашриёт, радио, телевидениеда ишламоқчимисан, марҳамат?! Фақат, бу даргоҳларнинг эшигини қоқиш учун китобларда, бирор бир жойда ёзилмаган ўз қонунлари бор. Бу истеъдод, билим, ирода, яна, яна,.. фидойилик! Ҳа, яна муҳими, яхши одамларга ёндошиш!

Қўлим беихтиёр кўйлак чўнтагида букланган қоғозни оча бошлайди. Шимим киссасидаги ручкани авайлаб бармоғим орасига қистираман. Хаёлга келган мисралар қоғозга тўкила бошлайди:

Юрагимда армон йиғламасин деб,

Қадим Шош шаҳрига урдим ўзимни.

“Адабиёт қалбим, садоқатим!” деб

Қоғозларга тўкдим эзгу сўзимни.

О! Қалбим бир ширин орзуни туйди,

Не бахтки, беминнат нур сочар офтоб.

Элнинг назаридан қолмасак, бўлди,

Дерлар: Яхши ният бўлар мустажоб!

Ҳа, ниятларни амалга ошишига Аллоҳ мададкор бўлди. Шукроналар бўлсин, яхши одамларга дуч келдим: болалигимда бир марта бўлса-да саломлашиб, суҳбатини олишни орзу қилганим, эл ардоғидаги журналистлар, шоир ва адибларнинг гурунгларини тинглаш бахтига муяссар бўлдим.

“Бир гап бўлар” ҳажвий ҳикоялар тўпламим устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов сўзбошиси билан нашр этилди. “Отам ёди” шеърлар тўпламим Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида босилди.

Тошкент ҳамма учун бирдек қадрли. Турли шаҳар ва қишлоқларда туғилиб, Тошкентда юзлашган ижодкорлар бир-бирига устоз, бир-бирига шогирд. Уларни фақат ижод олами бирлаштириб, дўст тутинтирган.

Тошкент! Бу эзгуликларнинг барчасида сенинг ҳиссанг бор! Сен ҳаммани яхши кўрасан, сени ҳамма яхши кўради.

Ўзбекистонимиздан, юртимиз пойтахти Тошкенти азимдан, қадди тик, қадри баланд халқимиздан бир умр қарздормиз.

Абдулла АЙИЗОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: