Касб камолотга, фароғатга етказади

Бугун юртимизда ёш авлоднинг касб-ҳунар ўрганиши, ўз иқтидорини намоён этиши, бир сўз билан айтганда, уларни ҳар жиҳатдан баркамол инсон бўлиб вояга етишиши учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда. Ёшларимиз ҳам ўз навбатида бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, кўплаб соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритишмоқда.

Самарқанд педагогика коллежи нафақат вилоят, балки республикамизда ҳам энг кўзга кўринган таълим муассасаларидан бири саналади. Ҳозирда 1700 нафардан зиёд йигит-қизлар «Мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси», «Мусиқа ходими», «Хўжалик масалалари ҳуқуқшуноси», «Иқтисослаштирилган ва бошланғич таълим муассасалари тарбиячиси», «Жисмоний тарбия ва болалар спорти бўйича мураббий», «Тиббий ижтимоий ходим» каби йўналишларда таҳсил олаётган ушбу ўқув даргоҳида кўплаб малакали устозлар ёшларга фан ва касб сирларини қунт билан ўргатиб келишаётир. Таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган 115 нафар педагогларнинг 98,2 фоизи олий маълумотли бўлиб, улар ўз соҳасининг етук билимдонларидир.

Коллежда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спорт билан шуғулланиши, фан сирларини пухта ўзлаштириши учун 39 та фан ва спорт тўгараклари фаолият юритмоқда. Айниқса, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат, енгил атлетика, гимнастика, миллий кураш каби 10 дан ортиқ спорт тўгаракларида шуғулланаётган коллеж ўқувчиларининг эришаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ.

Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки эс-ҳуши ва касб-ҳунари бўлмаган киши камбағалдир.

Мажид ХАВОФИЙ

Хусусан, ўтган 2012 йилда спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича коллеж ўқувчиси Меҳрибон Шоимардонова республика чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, триатлон бўйича Комила Суярова Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Айни пайтда Комила Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибасидир. Шунингдек, 2013 йилда «Баркамол авлод» спорт мусобақаларининг вилоят босқичида ҳам коллеж ўқувчилари турли спорт йўналишлари бўйича ўз иқтидорларини намоён этиб, республика босқичида ҳам фаол иштирок этишди.

Таълим даргоҳининг яна бир иқтидорли ўқувчиси Парвина Эргашева мана бир неча йилдирки, халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. У спортнинг шотокан карате-до тури бўйича сўнгги ўтказилган жаҳон чемпионатида II ўринни, Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё кубогида эса I ўринни қўлга киритиб, устозлари томонидан билдирилган ишончни тўла оқлади.

– Президентимизнинг 2012 йил 12 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўқувчиларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқиш ва интилишларини янада оширди. Шу мақсадда ўқув даргоҳимизда қатор ибратли ишлар амалга оширилди, – дейди коллеж директори Саидаҳмад Усмонов. – Ўқитувчиларимиз ўқув машғулотларини замонавий ахборот технологиялари асосида, дарс­га янги педагогик услубларни жорий этган ҳолда ўтиши таълим сифатини тубдан яхшилади.

Яна ўқинг:  Навоий дунёси ва ёш мусаввир нигоҳи

Коллеж Ахборот-ресурс марказининг умумий китоб фонди 31 минг 900 та бўлиб, бадиий, илмий, методик адабиётлар, электрон дарс­ликлардан ташқари интернет тармоғига уланган. Бу ерда ўқувчиларнинг ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда мустақил равишда таълим олиши, ўз билимини мустаҳкамлаши учун барча шароитлар яратилган.

Таълим масканида вояга етмаганлар билан маънавий-ахлоқий ишларни олиб бориш ва улар иштирокида турли тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу борада «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, ҳуқуқ тарғибот органлари маҳалла фаоллари билан самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган «Саломатлик – туман бойлик», «Соғлом она – соғлом бола», «Вояга етмаганлар ўртасида эрта турмуш қуришнинг олдини олиш», «Ёшлар ўртасида гиёҳвандликни олдини олиш» мавзуларидаги давра суҳбатлари улар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти вакилларининг ўқувчи қизлар ва уларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда ўтказган бир қатор тадбирлари ҳам юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, билим даргоҳида олиб борилаётган барча эзгу ишлар ёш авлоднинг етук мутахассис бўлиб камолга етишишига хизмат қилмоқда.

Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,

Самарқанд вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: