Ёшлар иттифоқи ёшларга суянч бўла оладими?
Ушбу муҳим ҳужжат ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, келажагимиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган бўлиб, Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ўз ичига олган.
Таъкидлаш жоизки, собиқ “Камолот” ЁИҲ ҳам айнан ушбу эзгу мақсадларни кўзлаб ташкил этилган эди. Тугатилган Ҳаракатнинг асосий негизи бўлмиш умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари сони 15 минг 579 та бўлиб, улар атрофида 6 млн. дан ортиқ аъзоларни бирлаштирган эди. Афсуски, рақамлар қанчалик жимжимадор бўлмасин, вақт Ҳаракатнинг фаолияти ҳозирги кун ва ёшлар талабига жавоб бермаслигини, ташкилотни эса тубдан ислоҳ қилиш лозимлигини кўрсатди.
Шундай экан, ҳақли савол туғилади, тузилган янги иттифоқ йўл қўйилган камчиликларга барҳам бера оладими? Ёки аввалгидек қоп-қоп ваъдалар ва “аравани қуруқ олиб қочиш” орқали муаммолар “ўз ечимини топадими?”
Ўткир ШУКУРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари
– Ҳозирги ёшларимизнинг дунёқараши 5 йил олдинги тенгқурлариникидан бутунлай фарқ қилади. Уларни оддий гап, қуруқ ваъдалар билан келажакка ишонтириб бўлмайди. Шундай экан янги ташкил қилинган иттифоқ биринчи навбатда тарғибот ишларини тўғри йўлга қўйиши зарур. Ана шунда ёшлар бу ташкилот билан қандай натижаларга эришиш мумкинлигини тушуниб етади.
Шунингдек, иттифоқ уюшмаган ёшларни турли долзарб лойиҳалар атрофида қамраб олишга алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилган. Чунки, бугун биз фарзандларимизга дўст бўлмасак, уларга четдан албатта бошқа “дўст”лар топилади.
Камолиддин БЕКНАЗАРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари
– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мамлакатимиздаги 10 миллиондан ортиқ ёшларни ўз атрофида бирлаштиришни, улар ҳаётига чуқурроқ кириб боришни мақсад қилган. Аҳамиятлиси, ушбу ташкилот ўз олдига қўйган вазифаларни юқоридан бериладиган топшириқлар билан эмас, балки ёшларнинг ўз ғоялари, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширади. Бу жараёнда ёшларнинг долзарб ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун янги майдон яратиб берилади.
Ёшлар иттифоқи жонкуяр, ҳар соҳада илғор, Ватан хизматига шай бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишларни амалга оширади?
Ўткир ШУКУРОВ:
– Ватанга фидойи бўлган ёшлар табиийки, олий ўқув юртларида аъло баҳоларга таҳсил олади. ОТМларнинг бакалавриат ва магистратура босқичи талабаларига ўзлаштириш кўрсатгичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолатда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Қувонарлиси, фармонда бу каби рағбатга эга бўладиган ёшлар сони чегараланмаган.
Президентимиз “Камолот” ЁИҲнинг IV қурултойида “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг обрўси ва таъсирини ошириш учун мамлакатимизда ёшлар манфаатини таъминлашга қаратилган ишларда унинг иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш зарур. Ёшлар, ёш оилалар учун шахсий уй-жойга эга бўлиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда биз бу йўналишда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз керак. Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқиш ва 2018 йилдан уни бажаришни бошлаш лозим”, дея таъкидлаган. Хўш, бундай уйлар кимларга берилади?
Ўткир ШУКУРОВ:
– “Ёшлар уйлари” 30 ёшдан ошмаган ёш оилаларга берилади. Биз талабдан келиб чиқиб, арзон нархдаги 1 ёки 2 қаватли уйлар қуриш ва уларни имтиёзли равишда ёшларга бериш масаласини кўзда тутганмиз. Уй-жой бериш шартлари собиқ “Камолот” ЁИҲнинг талаблари сингари бўлиб, улар ўзгармаган. Аммо мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлган йигит-қизларга 2018–2021 йилларгача алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ фаол, ташаббускор ҳамда интилувчан ёшларга уйлар қуриб бериш режалаштирилган.
Ҳозир юртимиздаги касб-ҳунар коллежларининг барча битирувчилари тўрт томонлама шартномалар имзолаган бўлса-да, уларнинг аксарияти ишсиз қолмоқда. Ушбу масала ҳам юқорида қайд этилган қоғоздаги жимжимадор рақамларга бориб тақалади. Хўш, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи иттифоқ томонидан қандай ҳал этилади?
Камолиддин БЕКНАЗАРОВ:
– Тан олиш керак, ҳозирда ишсизлик глобал муаммолардан бири саналади. Бу масала юзасидан Ёшлар иттифоқи таркибида алоҳида йўналиш иш олиб бормоқда. Бунда ёшларимиз иттифоқнинг туман ёки вилоят бўлимлари ёки ҳаётимизга бевосита кириб келган рақамли технологиялар орқали марказий кенгашга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Бахтиёр МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “тадбиркорликни ривожлантириш” бўлими бош мутахассиси
– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бандлик масаласини ҳал қилишга қаратилган 58 банддан иборат бўлган катта лойиҳани амалга ошириш арафасида турибди.
Ҳақли савол туғилади, бугун ёшлар ўртасидаги ишсизлик қаердан келиб чиқяпти? Жавоб оддий, бу муаммо кўзбўямачилик орқали тузилаётган тўрт томонлама шартномалар натижасида юзага келмоқда. Яъни, ёшларимиз ўз мутахассисликлари бўйича иш топа олмаяпти. Эндиликда биз биринчи навбатда бундай шартномалар устидан қатъий назоратни олиб борамиз.
Фармонда яна бир муҳим масала бу – ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ёш тадбиркорларга имтиёз беришдир. Яъни, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида 2027 йилга қадар барча турдаги солиқлардан озод этилган шўъба корхоналари ташкил этилиб, уларга солиқ бўйича жуда катта имтиёзлар тақдим этилади.
Шунингдек, юртимиз шаҳарлари марказидаги барча шароитларга эга давлат объектларини “ноль” қийматда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзо бўлган ёш тадбиркорларга ижара ҳақисиз бериш, шу билан бирга мамлакатимиздаги эркин иқтисодий ҳудудларда агар у Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси бўлса, ҳеч қандай ижара ҳақисиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишга имконият яратиш белгилаб қўйилди.
Тан олиб айтиш керак, ҳозир юртимизда тадбиркорларнинг “оёғига болта урадиган” тўсиқлар мавжуд. Агар у ёш ишбилармон бўлса, масала янада қийинлашади. Аксарият қобилиятли ёшларнинг тадбиркорлик соҳаси билан шуғулланишига айнан қайси муаммолар тўсиқ бўлмоқда? Бу борада Ёшлар иттифоқи қандай режаларни амалга татбиқ эта олади?
Бахтиёр МАМАДАЛИЕВ:
– Ёшларимизни оммавий тарзда тадбиркорлик билан шуғулланмаслигига асосий сабаб уларда кафолат муаммоси бор. Ҳозирда иттифоқ ёшларнинг кредит фоиз тўловларини тўлаб бериш борасида бош қотирмоқда. Эртамиз эгаларини иттифоқ атрофида бирлаштириб, кўзбўямачилик учун қилинаётган меҳнат ярмаркалари ва тўрт томонлама шартномалар устидан қаттиқ назоратни йўлга қўймас эканмиз, бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Хуршида ҲУСЕНОВА ёзиб олди