Ёшлар иттифоқи том маънода ёшлар манфаатини ҳимоя қиладиган, орзу-умидлари, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган тизим бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 июль куни “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги тарихий фармонни имзолади. Шу кундан эътиборан мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати билан шуғулланадиган янги тузилма – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолият бошлади.

Ташкилот олдида турган муҳим вазифалар ва уларни рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан суҳбатлашди:

– Қаҳрамон Қўчқорович, янги ташкилотга аксарият ёшлар хайрихоҳлик билдирмоқда. Лекин бироз шубҳа билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. Буни ўз вақтида катта орзу-мақсадлар билан ташкил этилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати барча ёшларнинг том маънодаги таянчи ва суянчига айлана олмагани билан изоҳлаш мумкин. Бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги учун Ёшлар иттифоқи нима ишлар қилмоқчи?

– Аввало, ёшларни тинглаш механизмини йўлга қўямиз. Баландпарвоз гапларни бугун замон кўтармайди. Бундай усул билан ёшларнинг қалбига йўл топиш қийин. Амалий ишлар керак. Илгари ёшлар ташкилоти ёшлар ҳаётидаги қандай долзарб муаммоларни муҳокама этмасин, уларнинг аксарияти ўша ташкилотдан нарига ўтмас эди. Бир марта дардини, ташвишини айтган йигит ёки қиз мана шундай муносабатни кўргач, қайтиб бундай ташкилотга ишонмас, ўз билганича йўлида давом этаверарди. Ёшлар иттифоқи ташкилий тузилмасида юқоридан пастга қараб эмас, ҳар томонлама ҳаракатлана оладиган механизмни жорий қиляпмиз. Яъни ёшларнинг фикри, орзу-интилишлари, мақсади, энг муҳими, муаммоларини тинглаб, уларни ўз ўрнида ҳал қилиш принципи асосида иш тутилади. Ташкилотнинг энг қуйи бўғинидаги йигит ёки қизнинг фикри, ўртага ташлаган муаммоси, таклиф ва тавсиялари, аввало, ўша туман, вилоят даражасида ҳал этилиши зарур. Унда ҳал бўлмаса, Президент девони, Олий Мажлис Сенати доирасига олиб чиқилади. Бундан буён муаммони фақат ўрганиш эмас, балки уни ҳал этиш, келгусида олдини олиш йўлидан борамиз! Ёшлар биздан шуни кутяпти. Бугунги глобаллашаётган ҳаёт қанча мураккаб бўлмасин, биз ўз келажагимиз ҳақида чиндан қайғурсак, Ўзбекистон фуқароси бўлган бирорта ёшни эътибордан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ.

– Куни кеча Ёш олимлар ва Ёш тадбиркорлар ассоциациялари, Ижодкор ёшлар уюшмасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Йил охиригача шунга ўхшаш тузилмалар сони 30 га етиши кутилмоқда. Ҳар бирининг фаолиятини ташкил этиш ва юритиш тўлиқ ёшлар ихтиёрига бериляпти. Бундай кенг кўламли ишни уддалашнинг масъулияти ҳам шунга яраша бўлади.

– Президентимиз ёшларга бунёдкор куч сифатида қараб, уларнинг имкониятларига катта ишонч билдирди. Ҳаммамизни бир мақсад, бир ғоя бирлаштиради. Ҳамма нарса бошида қийин. Ёшлар ёшларга таъсир кўрсатадиган, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган, ўзлари ўзларига кўмак, далда беришига имкон яратиш вақти келди. Президентимиз Ёшлар иттифоқи таркибида Ёш олимлар уюшмаси, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази каби тузилмаларни ташкил этишни таклиф қилганида мана шу ғоядан келиб чиққан эди. Албатта, Иттифоқ янги уюшмаларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб, ишини мувофиқлаштириб боради. Қолаверса, ҳар бирига улар билан бевосита ишлайдиган ҳукумат аъзолари ҳам бириктириб қўйилиши унинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Масалан, таълим тизимидаги ёшлар билан Бош вазир, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълими вазирлари, ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Бош вазир ўринбосари ва Савдо-саноат палатаси раиси, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш билан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ва маданият вазири доимий иш олиб бориши белгиланди.

Шундай имконият ва шароитлар яратилган бўлса-да, барча ишларнинг ҳаракатлантирувчи кучи – жойлардаги ёшлар иттифоқи тузилмасидир. Ёшларнинг истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқаришга ҳаракат қилмаса, турган гапки, жамиятда обрў-эътибор қозонолмайди. Аммо бу фақат истеъдодли ва жонкуяр ёшлар теграсида ўралашиб қолиш керак, дегани эмас. Олдинги хатолардан хулоса чиқариб, ҳар бир ёш билан алоҳида ишлаб, уларни ўрганиб, индивидуал ёндашган ҳолда фаоллар сафига қўшмагунимизча мақсадимизга эришдик, дея олмаймиз. Бизнинг барча режаларимиз шунга қаратилган. Дейлик, касб-ҳунар коллежида ўқийдиган йигит замонавий ахборот технологияларини яхши ўзлаштирган, компьютер дастурларини яратишга қодир. Уни Ёшлар иттифоқига жалб этиб, замонавий электрон қурилмалар учун янги дастурлар ёзиш, шу соҳадаги тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш айни муддао. Агар бу ишни биз қилмасак, четдаги ғаразгўй кучлар фарзандларимизнинг билими ва қобилиятидан ўз мақсади йўлида фойдаланади. Шунинг учун янги уюшмани ташкил этиб, энди ишни юрита олармиканмиз, деган ҳадик билан яшашдан кўра, бор имкониятларни ишга солиб, эртага юзага келиши мумкин бўлган катта-катта муаммоларнинг олдини олган маъқул.

– Президентимиз “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги маърузасида ёшларни манфаатдор қилиш тўғрисида гапирди. Бу борада қандай амалий чоралар кўриш мўлжалланган?

– Биз ёш авлодга шунчаки расмий ташкилот аъзолигини эмас, уларнинг манфаатини том маънода ҳимоя қила оладиган муассаса тўғрисида гапиряпмиз. Бошқа томондан, Иттифоққа бирлашувчи биронта ҳам йигит-қиз бошқа сафдошларидан кам масъулият билан яшамаслиги, ишламаслиги керак. Ёшлар учун ҳамиша интиладиган бир маёқ зарур. Шундагина биз уларни ишонтиришимиз, бир мақсад сари йўналтиришимиз мумкин. Карьера кўплаб ёшлар учун ана шундай жозибадор маёқ вазифасини ўташи табиий. Зеро, ёш кадрлар салоҳиятидан оқилона фойдаланган, уларга ишонган мамлакат ҳамиша тараққиётга юз тутган. Бунга мисолларни ўзимизнинг тарихимиздан ҳам истаганча топишимиз мумкин.

Яна ўқинг:  ТИББИЙ ТАВСИЯЛАР

Президентимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак, дея алоҳида таъкидлади.

Фикрлаш бир жойда тўхтаб турмагани каби замон, тараққиёт ҳам мудом ҳаракатда. Мана шу жараён билан қадам-бақадам юриш, ҳатто эртага нима бўлишини олдиндан кўра билиш учун, аввало, янги фикр, янгича қараш зарур. Катта орзу-умидлар билан кириб келаётган ҳар бир йигит-қизда ана шу янги фикр, ижобий маънода “портлаш эффекти” мавжуд. Улар мамлакат ҳаётини, ҳатто тараққиёт мурватини зарур томонга буришга қодир бўлади. Шунинг учун бу улкан салоҳиятдан оқилона фойдаланиш катта ижтимоий аҳамиятга эга. Фидойи ёш раҳбарларнинг мамлакат бошқарув тузилмаларига келиши чинакамига янгича руҳ, янгича нафас олиб келади ва бутун ижтимоий ҳаётга таъсир кўрсатади. Бундай ғайратли ёшларни давлатимиз раҳбари қўллаб-қувватлаб, ишонч билдирмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотларида ўзини ижобий жиҳатдан кўрсатган ходимлар Давлат бошқаруви академиясида билим ва малака ошириб, ҳокимлик ва вазирликлар тизимида раҳбарлик лавозимлари учун асосий номзодлар бўлади, деди. Бу йўлда дастлабки амалий қадам ташланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилмоқда. Бу институт нафақат билимли, ташаббускор ва ташкилотчи кадрлар захирасини, балки ёшлар муаммоларини ўрганишнинг бутун бошли бир тизимини яратади. Демак, юқорида айтилганидек, ёшларни қийнаётган муаммолар нафақат жойида ҳал этилади, балки улар илмий асосланган тарзда ўрганилади, мониторинг қилинади ва келгусида бундай муаммоларни жамиятимиздан бутунлай супуриб ташлаш имконияти пайдо бўлади.

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “ёшлар етакчиси” вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида уч йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилади.

Ушбу дастурда барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, қишлоқ туманларида – 1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб қурилиши назарда тутилган.

– Ёш авлодга эътиборсиз қараб бўлмайди. Уларнинг тақдирига бефарқликнинг товони катта бўлиши шубҳасиз. Айни пайтда ёшларни қийнаб келаётган бир қанча долзарб муаммолар бор. Масалан, ишсизлик…

– Ҳақиқатни айтдингиз. Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи биз учун энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ҳар ўқув йили тугаши арафасида турли вазирлигу идоралар, давлат ташкилотлари ва корхоналари, тадбиркорлик тузилмалари коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича ўз имкониятидан келиб чиқиб, шароит, имконият яратяпмиз, дейди. Таълим муассасалари мутасаддилари ҳам битирувчиларни ишга жойлаштириш учун елиб-югуради. Битирувчининг қўлида тўрт томонлама шартнома, ишли-жойли бўляпти. Бу, албатта, расмий маълумотларда шундай. Амалда-чи?

Бугун юртимизда ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш борасида катта ишлар қилинаётганини инкор этмаган ҳолда, айтиш мумкинки, уларнинг меҳнатда тобланиб, ҳалол ризқ топиши, ўз оиласи, ота-онасига нафи тегиши учун ҳамма ҳам бирдай ҳаракат қилаётгани йўқ.

Давлатимиз раҳбари ушбу аччиқ ҳақиқатни бежиз эслатмади. Ахир ўзингиз ўйланг, ишсизларнинг аксариятини коллеж битирувчилари ташкил этади. 2016 йили 477 минг 743 йигит-қиз коллежларни битириб чиққан ва уларнинг 438 минг 503 нафари иш билан таъминланган, деган статистика берилган. Президентимиз ҳақли саволни ўртага қўйди: «Бу рақамлар қанчалик тўғри? Агар барча коллеж битирувчилари ишга жойлашаётган бўлса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўляпти? Коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаб, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?»

Давлат ёш йигит-қизни ишга жойлаштириш учун шунча қайғуриши нима учун? Таълим муассасаси қоғозбозлик учунгина ҳар қандай корхонага битирувчини ишга жойлашни гаплашиб берса, битирувчи дуч келган ташкилотдан шартномага муҳр қўйиб беришни илтимос қилса, корхона ўзида йўқ бўш иш ўрни учун сўраб келган одамнинг шартномасини имзоласа – бундай кўр-кўрона ёндашув кимга фойда, кимга зарар?

Ҳаётда ким яхши яшайди? Қўлида ҳунари бор ҳеч қачон қоқилмайди, бировдан кам бўлмайди. Шу боис халқимиз азалдан фарзандини болалигиданоқ уддабуронликка, тадбир билан иш юритишга ўргатган. Ҳунар эгаллашига кўмаклашган. Бундай болалар кун келиб, ўзи мустақил меҳнат қилиб, ҳунари, тадбиркорлиги ортидан қаддини ростлайди, оиласини, давлатни бой қилади. Ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиб бериш, бу борада бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб берилишига эришиш Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг энг муҳим вазифаларидандир. Ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олиш учун кредит бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилиши бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиради.

Яна ўқинг:  Қовоқларингиз учаяптими?

Ана шундай ниҳоятда ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари олдимизга муҳим вазифа – ёшларни иш билан таъминлаш учун улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида ҳар бир туман марказида, шаҳарда Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифасини қўйди.

– Тадбиркорлик кластерлари нима?

– Кластер – умумий фаолият ва хизмат кўрсатиш йўналишига эга, бир-бирини тўлдирувчи, географик жиҳатдан бир-бирига яқин корхоналар гуруҳидир. Кластерлар одатда маҳаллий доирадаги турли ташкилотларнинг ихтисослашган тармоғи бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти иккинчисининг тижорат, товар айирбошлаш, илмий тадқиқот ёки истеъмол фаолияти билан узвий боғлиқ бўлади.

Президентимиз ана шундай тадбиркорлик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қийматда ижарага берилишини таъкидлагани бу борада жуда катта имконият яратади. Сабаби, бундан кейин барча ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади. Тасаввур қиляпсизми, ёш тадбиркорга ишини юритиб, ўзини ўнглаб олиши учун жуда катта имконият, имтиёз бу!

– Аччиқ бўлса-да, бир ҳақиқатни тан олишга тўғри келади: ҳозирги глобаллашув даврида на давлат, на жамоат ташкилотлари ёшларнинг онгу тафаккурини ёт ғоялар, бегона мафкура ва “оммавий маданият”дан тўла ҳимоя қилолмаяпти. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

– Ёшларимиз қалбига қулоқ тутиш, ўй-кечинмалари билан қизиқишга етарлича эътибор қаратмадик. Орзу-ниятларини сўрашни ўргандиг-у, уларни қийнаётган муаммоларни тинглашга, дардига қулоқ тутишга ҳафсала қилмадик. Энг ёмони, “тўртинчи ҳокимият” саналмиш оммавий ахборот воситалари ёшларнинг фақат ютуқларини ёритиш билан андормон бўлиб, уларнинг талаб ва истаклари, муаммоларини олиб чиқишни қарийб унутиб юборди.

Бу борада Президентимиз “Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?”, дея ҳақли эътироз билдирди. Бу бежиз эмас, албатта. Ростдан ҳам, қайси канални қўйманг, қайси радиони тингламанг, қайси нашрни варақламанг, “шаблон” материаллар – кўр-кўрона, юзаки ўтказилган тадбирлардан лавҳалар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарса йўқ. Энг ёмони, айрим ёшларимиз мақтанишга ўч бўлиб қолди. Уларда муаммога тик боқиш, уни ҳал этишга уриниш, тенгдошларини ҳам шунга ундашга жасорат етишмаётгандай. Ахир ёшларнинг дардини, муаммосини уларнинг ўз тенгдошларидан кўра яхшироқ биладиган ким бор?

Шу боис бундан буён ёшлар ичига кириб бориш учун тарғибот масаласига жиддий эътибор қаратилади. Бунда энг замонавий технологиялар асосида ёндашувни ўзгартирамиз, ғоя ва ташаббусларни фақат қоғозда эмас, амалда жорий этамиз. Чунки ёшларимизни оғзаки гаплар эмас, фақат ва фақат амалий иш, аниқ таклифлар билангина ортимиздан эргаштира оламиз.

– Бунга қандай эришилади?

– Аввало, яқин вақт ичида “Ёш лекторлар” гуруҳи ташкил этилади. Ёшларнинг ўзи тенгдошлари ичига кириб боради. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда олтита вагондан иборат “Тарғибот поезди” йўлга қўйилади. Ёш тарғиботчилар жойларга чиқиб, фақат тарғибот олиб бориш билан чекланмай, уюшмаган ёшларнинг ҳам фикрини ўрганиш, уларни фойдали юмушларга жалб этиш, амалий ишларга рағбатлантириш, ҳар томонлама ёрдам бериш билан шуғулланади.

Бугун ёшлар деганда кўз олдимизга пўрим кийинган, бўйнида ё чўнтагида қимматбаҳо матоҳ, қуруқ савлат эмас, юзидан нур-зиё таралиб турган, одоб-ахлоқи сийратига балқиган, маънавияти юксак шахслар гавдаланиши керак. Олдимизда турган энг катта мақсад-вазифалардан бири ҳам шу аслида. Ёшларни маърифатга, китобга ошно қилиш. Токи фарзандларимиз мактаб, лицей ва коллеждаги ўқишдан ташқари ҳар куни, ҳар дақиқа бўш вақтини бадиий адабиёт, газета-журнал мутолаа қилишга, маърифатли бўлишга сарфламас экан, бу мақсадга эришиш қийин.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишларини, жумладан, электрон китобхонликни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Нега деганда, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз.

Ёшларимизни китобга қайтариш, мутолаага дўст қилиш асосий вазифаларимиздан бирига айланади. Бунинг учун ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказилади. Ғолибларга юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар мукофот тариқасида берилади. Бу, ишонаманки, китоб ўқиган инсон машина минади, деган гап эртакнамо, хомхаёл эмас, айни ҳақиқат эканини исботлайди ва ёшларда мутолаага иштиёқни кучайтиради.

Президентимизнинг “Китоб олами” дўконлари тармоғини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказиш, ёш ижодкорларнинг китобларини, ёшлар нашрлари – “Туркистон”, “Молодёжь Узбекистана” газеталари, “Ёш куч” журналларини чоп этиш учун “Ёшлар нашриёт уйи”ни ташкил этиш каби топшириқлари ижроси навқирон авлодимиз маънавий-маданий ҳаётида улкан ўзгаришлар ясаши табиий.

– Энди Ёшлар иттифоқи уюшмаган ёшлар учун ҳам жавобгар ташкилот ҳисобланади. Улар билан ишлаш механизми қандай бўлади?

Яна ўқинг:  Организм учун фойдали 11 маҳсулот

– Президентимиз “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” номли маърузасида уюшмаган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳақиқатан, жиноятчиликка мойил, профилактик ҳисобда турадиган ёшлар эътиборимиздан, меҳр-мурувватимиздан, назоратимиздан четда қолган эди. Уларнинг ҳар бири кўнглига ўз вақтида йўл топганимизда, меҳр-эътиборимизни амалда кўрсатиб, сўзимизга ишонтира олганимизда бугун уларни жиноятчи номи билан атамаган бўлардик. Лекин бир ҳақиқат борки, шуни ҳам ҳар ким ўз қалбида чуқур мушоҳада этишини хоҳлардим: боланинг ёмони, бегонаси бўлмайди. Ҳаммаси шу юртнинг фарзанди –бизнинг дилбандларимиз! Уларга ўз боламиздек муносабатда бўлишни ўрганмасак, кўп жиҳатдан ютқизамиз.

Яна бир тоифа ёшлар муқаддас динимизни нотўғри тушуниши оқибатида ножўя йўлларга қадам қўйди. Аслида дин нима? Унинг асл моҳияти нимадан иборат? Диндан мақсад нима? Бу каби тушунчалар ҳақида фарзандларимизга тўғри ва холис маълумот бера олдикми? Ҳеч бўлмаса, фарзандимиз хулқ-атворида оғиш пайдо бўлаётганини сезишимиз керак эмасмиди? Не-не буюк аждодларимиз инсоният тамаддунига жуда катта ҳисса қўшгани, Бухорий, Термизий, Мотуридий, Марғиноний каби зотлар айни шу таълимотни пухта ўрганиб, бутун инсоният учун манфаатли бой илмий мерос қолдиргани моҳиятини ёшларимизга тўғри тушунтириш бизнинг асосий вазифамиз эмасми? Ёшларимиз уларнинг номи билан қуруқ фахрланиб юравериш ўрнига амалий фаолиятга ўтиш пайти аллақачон келган. Бухорийнинг лоақал биргина китобининг тўлиқ номини айтиб беролмаган бола қандай қилиб ўзини Бухорий ворисиман ёки Бухорий авлодиданман, дея олади?

Президентимиз ўз маърузасида жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросига ҳурмат, унга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, бу бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган мазмундор, таъсирчан лойиҳаларни амалга оширишда Ёшлар иттифоқи ташаббус кўрсатиши зарурлигини таъкидлади. Биз эндиликда бу фаолиятнинг аниқ механизмини ишлаб чиқишимиз, аввало, шу тизимда фаолият юритаётганларга етказишимиз, сўнгра мамлакатдаги барча ёшлар онги ва тафаккурига сингдиришимиз зарур. Дунёда баъзи бир ғаразгўй тоифалар ўз манфур мақсадларига эришиш учун дин омилидан усталик билан фойдаланаётган нозик бир даврда аждодларимиз мероси мисолида ҳам динни, ҳам маънавиятни, ҳам одоб-ахлоқ ва хушмуомалаликни ўрганиш айни муддао бўлади. Бу бизнинг жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш воситамиз ҳамдир.

– Ёшларимизнинг маълум қисми хорижга чиқиб кетмоқда. Вазиятни ўнглаш бўйича қандай таклифларингиз бор?

– Айрим ёшларнинг ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетаётгани ва бу кўрсатгич йилдан-йилга ортиб бораётгани масаланинг моҳиятига тўлиқ етиб боролмаётганимизни кўрсатади. Кези келганда дарсга қатнашмаётган ўқувчисининг қаерда юрганини билмайди, деб ўқитувчини, ўсмирнинг ножўя оғишидан хабарсиз, деб коллеж психологини, ҳудудидаги оилалар аҳволи билан таниш эмас, деб маҳалла масъулларини айбдор санаймиз. Лекин бир оилада, бир уйда яшаётган ўғли ё қизининг бир неча кундан бери уйда йўқлигини ҳам “пайқамайдиган” ёки фарзандининг ножўя хатти-ҳаракатидан бохабар бўлса-да, бирон чора кўриб, уни тўғри йўлга бошлашга уқувсиз, бепарво, лоқайд ота-оналарни нима дейиш мумкин? Агар улар ўз фарзанди тақдири учун жон куйдирганда, бир нечта давлат ва нодавлат ташкилотлари учун жамиятда янги-янги муаммолар пайдо бўлмасди.

Айрим ёшлар хорижда ишлаш орқали ўз турмушини, оиласи ҳаётининг моддий фаровонлигини таъминлашни мақсад қилишади. Уй-жойга эга бўлиш, машина сотиб олиш, замонавий уй-рўзғор анжомлари, маиший техника, мебель жиҳозлари каби ҳаётий эҳтиёжларга ойлик маош билан эриш мушкуллигини рўкач қилишади. Бу борада давлат кўрсатаётган ижтимоий ҳимоя тамойили, афсуски, ёшлар аудиториясини тўла қамраб ололмаган. Қолаверса, давлатнинг ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги айрим мансабдорларнинг айби билан ҳамма жойда бирдай холис ва адолатли бажарилмаяпти. Бундай нохолисликни кўрган қони қайноқ, таъсирчан ёшлар бир зумда ўз хулосасини чиқариб, бутун бир давлатни адолатсизликда айблайди. Сўнгра ўзича адолат ва моддий фаровонлик қидириб ўзга юртларга равона бўлади. У ерларда ўз шаъни, обрў-эътибори, ғурури, ҳатто ор-номуси топталиб, сарсон-саргардон бўлишини мулоҳаза қилиб ўтирмайди.

Нажмиддин Кубро каби буюк аждодларимиз “Ё Ватан, ё саодатли ўлим”, деган ғояни ўз ҳаётида дастуриламал қилиб олиб, ҳар қандай танг вазиятда, ҳатто энг таҳликали дамларда ҳам юртдан оёғини узмаган. Яқин ўтмишимизда яшаган кишилар – Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир синовли йиллар изтиробини чекканлар ҳали орамизда кўп. Ана ўшалар бошидан кечирган, гувоҳи бўлган қора кунлар тафсилотини кўп эшитганмиз. Ҳатто бир бурда зоғора нонга зор яшаб, кунжара ейишгача бориб етганда ҳам одамлар бошқа жойга кетиш ҳақида ўйлаб кўрмаган. Уларда ғурур, орият кучли бўлган. Ўткинчи ҳою ҳавас, қорин қайғуси учун ўзга юртда саргардон бўлишни инсон учун номуносиб, деб билган. Бугун минглаб фарзандларимизнинг хорижда ноқонуний меҳнат мигрантлари бўлиб юриши уларга оилада аввалбошданоқ шу тарбияни беролмаганимиз оқибатидир.

Шундай экан, ҳар бир ёш тақдирига алоҳида эътибор билан қарашимиз, уларнинг муносиб шароитларда ўқиши, ишлаши учун барча зарур чораларни кўрмоғимиз керак. Зотан, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшлар ҳар қандай муаммони ҳал этишга, энг мураккаб вазифаларни ҳам бажаришга қодир бўлади. Бундай ёшлар қийинчиликлардан чўчимайди – иродаси мустаҳкам, ҳар қандай шароитда ҳам элу юртга содиқ бўлиб қолаверади. Бизнинг бош вазифамиз ёшларимизни ана шу руҳда камолга етказишдир.

Абу Бакир Ўрозов,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: