МАСТИТ чақалоқларда ҳам учрайдими?

Чақалоқлар сут безларининг ўткир йирингли яллиғланиши билан кечадиган маститнинг қўзғатувчиси асосан стафилококклар бўлиб, шикастланган тери ва киндик орқали ўтади, – дейди болалар жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Нозим Дияров. Дастлаб онадан йўлдош орқали қон билан бирга эстроген гормонларнинг ўтиши натижасида турли хил физиологик ўзгаришлар (масалан, кўкрак безларининг катталашиши ва таранглашиши) келиб чиқади. Сут безларининг катталашиши билан боғлиқ бўлган бу физиологик жараён, бола ҳаётининг 3-4 ҳафталарида ҳеч қандай асоратсиз ўтиб кетади.

Гигиена қоидаларига риоя қилинмаслиги, сут бези сиқилиши, иммунтанқислик ҳолати, тери ва киндикнинг йирингли яллиғланиш касалликлари ва сут бези соҳасида тери бутунлигининг бузилишлари, мастит ривожланишига мойиллик яратади.

Касалликнинг бошланиши

Боланинг умумий аҳволи ёмонлаша боради. У безовта, инжиқ, йиғлоқи бўлиб қолади. Уйқуси бузилади, тана ҳарорати ошади, иштаҳаси пасайиши натижасида она кўкрагини эммай қўяди. Чақалоқ кўкрагига эътибор берилганда, бир томонлама, камроқ ҳолларда икки томонлама сут безининг катталашуви ва терида қизаришлар кўзга ташланиб туради. Яллиғланиш жараёни бир-икки кун ичида сут безларидан ташқарига тарқалади, шиш катталашади, қизариш сатҳида тери кўкариши ҳам мумкин. Пайпаслаганда сут бези соҳасида ҳарорат ошиб, бола безовталанади. Даво муолажалари кечиктирилганда яллиғланиш марказида йиринг оқишининг бошланиши ва унинг тарқалиб кетиши билан боғлиқ бўлган септик ҳолатнинг юзага келишига олиб келади.

Йирингли мастит билан касалланган боланинг қон таҳлилларида лейкоцитлар миқдори ва эритроцитлар чўкиш тезлигининг ошиши кузатилади. Касалликнинг ривожланиши ва асоратланишида анемиякамқонлик учун хос кўрсаткичлар аниқланади. Антибактериал даво бошлашдан олдин, киндик чуқурчасидан ва яллиғланиш ўчоғидан олинган йирингли суртмани бактериологик текширувдан ўтказиб, унинг антибиотикларга сезувчанлигини аниқлаш мақсадга мувофиқдир. Асоратланмаган чақалоқлар маститида қўшимча текширув усуллари ўтказиш шарт эмас.

Илк аломатлар

Бир ёки иккала сут безларида қизариш, пайпаслаганда беморнинг безовталаниши ва тана ҳароратининг кўтарилишлари йиринглашнинг дастлабки аломатларидир. Бу эса комплекс даво муолажаларини бошлаш зарурлигини кўрсатади. Чақалоқлар маститининг абсцессли ва ёрилган турларида операция лозим, деб топилади. Шунингдек, йирингли маститнинг бошланғич даврларида жарроҳлик муолажасини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Чунки эрта ўтказилган кесишлар тўқима инфильтрациясини ва шу сабабли, сут бези тўқималарида ўзгаришларнинг камайишига имконият яратади.

Яна ўқинг:  ЎСПИРИНЛИК – НОЗИК ДАВР

Операциядан кейинги даврда яллиғланишга қарши антибактериал даво муолажалари ўтказилади. Болани она сути билан озиқлантириш йиринглаш жараёнини камайтиришда катта аҳамиятга эга. Ўз вақтида бошланган даволашдан сўнг боланинг бутунлай соғайиши кузатилади.

Хасталикнинг олдини олиш

Чақалоқлар мастопатияси ва унинг олдини олиш ҳақида оналарга тўлиқ тушунтириб бериш шарт. Бунда, айниқса, шахсий гигиенага эътибор катта бўлиши керак. Ёз ойларида, кичик ёшдаги болаларнинг йирингли касалликларга чалиниши бир неча баробарга кўпаяди.

Йирингли маститга чалинган чақалоқлар 12-18 ой мобайнида участка педиатри назорати остида бўлиши шарт. Бунда боланинг ёшига мос ривожланишига, қон кўрсаткичлари меъёрларига эътибор берилиши керак. Она сути билан озиқлантиришни таъминлаш ёки сунъий озиқлантиришнинг рационал йўлини танлаш мақсадга мувофиқдир. Йил фаслларига қараб тегишли чиниқтирувчи тадбирларни ўтказиш, сурункали йирингли ўчоқлар пайдо бўлишининг олдини олиш ва уларни самарали даволаш зарур. Шифохона муолажасидан 1-3 ойларда ўтказилган физиотерапия муолажаларининг қайта ўтказилиши жароҳат соҳасида пайдо бўлган чандиқлар сўрилишини тезлаштиради.

Сирожиддин ШОНАЗАРОВ ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: