Ҳомиладор аёлда қандли диабет аниқланса…
Ҳар куни кўплаб ҳомиладорлар ва уларнинг яқинлари билан мулоқотда бўламиз. Улар орасида турли ёндош касалликларни бошдан кечираётганлар ҳам бор. Айтайлик, қандли диабет билан хасталанганлар. Айрим ҳомиладорлар ниҳоятда қўрқув ичида бўлишади, баъзилар мутлақо эътиборсиз қарашади. Аслида бу икки ёндашув ҳам нотўғридир. Қандли диабет қайд қилинган ҳомиладор аёл шифокор тавсияларига бекаму кўст амал қилиши лозим.
Ҳомиладорликда прегестацион ва гестацион қандли диабет қайд қилинади. Прегестацион, яъни ҳомиладорликдан олдин аниқланган қандли диабетдир. Одатда, эрталаб наҳорга текширилганда қонда қанд миқдори 3,3–5,5 ммоль/л, овқатланиб 1 соат ўтгач аниқланганда эса 7,0 ммоль/л дан кам бўлиши керак.
Бугунги кунда 2015 йил «NICE»(National Institute for Health AND CLINICAL EXCELLENCE) тавсияларига асосан наҳорга қонда қанд миқдори 5,6 ммоль/л ёки ундан юқори (7,0 ммоль/л гача) ёки глюкоза толерантлик тестини ўтказиб, 2 соатдан сўнг қанд миқдорини текширганда 7,8 ммоль/л ёки ундан юқори (11,1 ммоль/л гача) бўлса, гестацион,
яъни ҳомиладорлик вақтида аниқланган қандли диабет ҳисобланади.
Гестацион қандли диабет учраши мумкин бўлган хавф гуруҳига семизлик (тана вазни индекси 30 кг/м2), қариндошларида қандли диабети бўлса, ушбу ҳомиладорлигида ёки олдинги туғруқларида йирик ҳомила бўлган (4500 г)лар, кўпсувлик аниқланган ҳолатлар, ўлик ҳомила туққанлар, нуқсонли ҳомила туққанлар киради.
Қандли диабет аниқланган ҳомиладор аёллар қуйидаги текширувлардан ўтиши керак бўлади: умумий қон таҳлили, умумий пешоб таҳлили, пешобда ацетонни аниқлаш, биохимиявий таҳлил, қон ивиш вақтини аниқлаш, қонда гликирланган гемоглабинни текшириш, Реберг синамасини ўтказиш. Шунингдек, ҳомила ультратовуш, доплерометрия текшируви, буйраклар ультратовуш текшируви, оёқлар доплерометрия текширувлари қилиниши лозим. Тор мутахассислардан эндокринолог, окулист, терапевт, кардиолог, нефролог, невропатолог кўрикларидан ўтказиш зарур.
Ҳомиладорликда қанд миқдорининг ошиши қон айланиш жараёни ўзгаришига, қон ивиш тизими бузилишига, қон томирлар деворларида ўзгаришларга, кўз тўр пардасидаги ўзгаришларга, кўриш қобилиятининг бузилишига, буйраклар функцияси бузилишига, кома ҳолатларига ва энг оғир асорат моддалар алмашинуви бузилиши натижасида диабетик кетоацидозга олиб келади.
Оддийроқ қилиб айтганда, ҳомиладорликнинг биринчи 8-10 ҳафталарида қондаги глюкоза (қанд) миқдорининг баланд бўлиши ҳомиланинг нуқсонлар билан ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки она қонидан ҳомила қонига инсулин, глюкагон ўтмайди, глюкоза, кетон таначалари эса бемалол ўтади. Она қонида қанд миқдорининг кўпайиши ҳомила қонида инсулини миқдорининг ошишига, кейинчалик ҳомилада гипогликемия (қанд миқдорининг камайиши)га олиб келиши мумкин. Бу эса ҳомила нобуд бўлишига ёки чақалоқ гипогликемия билан туғилишига сабаб бўлди.
Хўш, бундай оғир оқибатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Ҳомиладор аёлдан қандай меъёрларга риоя қилиш талаб этилади? Агар аёлда олдиндан қандли диабет бўлса, ҳомиладор бўлишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиши, зарур муолажаларни олиши ва бутун ҳомиладорлик даврида назоратда бўлиб, ўз соғлиғини тез-тез текширтириб туриши ва шифокор тавсияларига тўлиқ амал қилиши зарур. Қайси шифокорлар кўригидан ўтиб туриши кераклигини юқорида айтиб ўтган эдик. Ҳомиладордаги ўзгаришларга қараб шифокор тавсиялари ҳам ўзгариб боради. Парҳез, жисмоний ҳаракатлар тартиби ҳам ўзгариши мумкин. Баъзида қанд миқдорини бир кунда бир неча бор текшириб кўришга тўғри келади. Бундан ташқари, ҳар бир триместрда инсулинга эҳтиёж турлича бўлади. Инсулин дозасини эндокринолог тавсия қилади.
Шунингдек, даволаш жараёнида диета муҳим аҳамият касб қилади. Қандли диабет аниқланган ҳомиладор аёллар қуйидаги маҳсулотларни доимий истеъмол қилиб боришлари лозим: кунига 3-4 бўлак қора нон, гречка, перловка, 200 грамм ёғсиз творог, 30 грамм қаттиқ пишлоқ, 2 ош қошиқ сметана, 1 стакан қатиқ, помидор, бақлажан, бодринг, кўкатлар, қовоқ, карам, мошхўрда, мастава, нўхат шўрва, борш, қиймали шўрва, ёғсиз гўштли, кўкатли шўрва, димлама, дўлма, ёғсиз гўштлитефтел, нордон олма, киви, олча, нашвати, беҳи, ёғсиз мол гўшти, товуқ, курка гўшти, ёғсиз барча турдаги балиқлар, қуруқ мевалардан компотлар, чой, айрон. Ҳафтада бир марта қабул қилиш мумкин бўлган маҳсулотлар: макарон, 10-12 та чучвара, кўк сомса, 1 дона қовоқли сомса , 1 стакан сут, манти, ярим порция палов, хурмо, ўрик, шафтоли, қулупнай, тарвуз, апельсин, мандарин, олхўри, анор, 200 гр. гилос, 6-7 та туршак.
Қандли диабет аниқланган аёлларга қуйидаги маҳсулотлар мумкин эмас:
пряниклар, булочкалар, қуймоқлар, гўштли сомса, картошка, манний қурпаси, музқаймоқ, қаймоқ, печеньелар, тортлар, пишириқлар, банан, узум, қовун, ғоз, ўрдак гўштлари, колбаса, майонез, анжир, газли ичимликлар.
Қандли диабет аниқланган аёлларга кун давомида 30-90 дақиқа давомида юриш тавсия қилинади. Ушбу тавсияларга амал қилинса, ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаб, шунга яраша зарур тадбирлар амалга оширилса, ҳомиладорлик даври енгил кечади.
Қандли диабетли аёлларда туғруқ жараёни бошланиши билан инсулинга бўлган эҳтиёж ортади. Шунинг учун соатига қонда қанд миқдорини назорат қилиб туриш керак. Қанд миқдорига қараб, туғруқ вақтида ҳам муолажалар тавсия этилади. Бу муолажалар чақалоқнинг соғлом туғилишига сабаб бўлади.
Англашиладики, қандли диабетли ҳомиладор аёл биринчи навбатда таомномасига эътибор қаратиши, тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтиб туриши лозим. Шунда бехатар оналик ва болалик таъминланади.
Бугун тиббиёт ривожланган. Кўплаб касалликларни асоратсиз даволаш имконияти бор. Соғлом фарзанд кўриш истагидаги аёллар тавсияларимизга амал қиладилар деган умиддамиз.
Феруза РЎЗМЕТОВА,
Хоразм вилояти перинатал маркази шифокори