Терининг турига қараб юз парвариши: жараён қандай кечади?

Юз терисини парвариш қилишга киришишдан олдин, терининг қандайлигини билиб олиш зарур. Тери ундаги чиқиб турадиган ёғ ва нам миқдорига қараб шартли равишда нормал тери, ёғли тери, қуруқ тери ва мураккаб (аралаш) тери каби хилларга бўлинади. Уларни қандай парвариш қилиш ва нималарга эътибор бериш керак?

Юз терисини парвариш қилиш деганда, терини тоза тутиш, озиқлантириш ва ташқи зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш тушунилади. Бунинг учун тавсия этиладиган косметик воситалар ва усулларни терининг анатомик тузилишини, жумладан, тери йўлларини ҳисобга олиб, уларни тўғри қўллангандагина ижобий натижа беради.
Терининг энг кам чўзиладиган йўналиши тери чизиқлари деб аталади. Бу чизиқларнинг ҳаракат йўналишлари қуйидаги тартибда бўлади:
• иякда – тери чизиқлари иякнинг ўртасидан бошлаб пастки жағ бўйлаб қулоқнинг тугмачасига томон йўналади;
• лунжда – оғиз бурчагидан қулоқ тешигига томон, устки лабнинг ўртасидан ва буруннинг ён юзасидан қулоқ супрасининг тепа қисмига томон;
• кўз атрофида – кўзнинг ички бурчагидан устки қовоқ бўйлаб кўзнинг ташқи бурчагига томон, сўнгра (тескари йўналишда) кўзнинг ташқи бурчагидан пастки қовоқ бўйлаб кўзнинг ички бурчагига томон;
• пешонада эса пешона ўртасидан чаккаларга томон, яъни қош йўналишида кетган бўлади.
Бурунда тери чизиқлари бурун қаншаридан бошлаб бурун устидан бурун учигача келади, бурун устидан унинг ён юзаларига тушади.


Юзга крем суриш усулини билиш муҳим аҳамиятга эга. Терини чўзиб юбормаслик учун кремни юзга босиб-босиб ва тери чизиқлари йўналишида секин-секин уриб чапимоқ керак. Юзга суриш олдидан кремни икки кафт орасида ишқалаб бармоқларнинг ички юзига суриш, сўнгра пешонага, лунж терисига, бурунга, устки лабга ҳамда иякка босиб-босиб ва секин-секин уриб чапиш лозим. Шу ҳаракатлар вақтида юз терисига бутун кафтнинг ва бармоқларнинг тегиб ўтиши тўғри ҳисобланади, ўзингизга ҳам ёқимли бўлади. Бу вақтда панжалар жуда буш тушиши керак.
Кўз атрофидаги терига кремни босиб-босибгина суриш лозим. Ияк терисига ва унинг атрофига секин-секин уриб ўрта чизиқдан қулоқларга томон чапиб бориш тавсия этилади.

Нормал тери


Нормал тери етарлича нам ва ёғ ажратиб туради, тоза, силлиқ, тиниқ бўлади, мойлангандек ялтираб турмайди. Бундай терида ёғ безларининг йўллари (майда тешиклар) билинмайди, қора нуқталар ва ажинлар деярли бўлмайди.
Нормал тери қуруқ ва ёғли териларга ўхшаб алоҳида парвариш талаб қилмайди. Бундай терини сув ва атирсовун билан ювиш, ухлашдан олдин, албатта, юзни пардоз-андоз бўёқларидан тозалаш, қуёш нурининг ўткир ва узоқ вақт таъсир қилишидан сақланиш, шунингдек, таркибида юқори даражадаги спиртли бўлган сувлардан фойдаланганда эҳтиёт бўлиш керак. Ҳафтада бир марта тухум сариғи билан ўсимлик мойидан ёки асал билан тухум сариғи аралашмасидан тайёрланган ниқобни юзга суртиш нормал терини парвариш қилиш учун етарлидир.
Эрталаб юзни совуқ сувга ювиш тавсия этилади, совуқ сув терининг ташқи таъсирларга чидамлилигини оширади. Нормал терини тозалаш мақсадида юзни ҳафтасига 1-2 марта совунлаб ювиш мумкин. «Қаттиқ» сувни ичимлик сода ёки танакор (бура) қўшиб юмшатиш керак. Юзни қайнаган сувга ювган маъқул. Сувни «юмшатиш»нинг иложи бўлмаса, юзни ювиб бўлгач унга намлигидаёқ юпқа қилиб юмшатувчи крем суриш, кейин майин сочиқ босиб намини қуритиш тавсия этилади, сўнгра салгина упа қўйилади. Крем билан упа биргаликда ҳимоя қатлами ҳосил қилиб терини ташқи таъсирлардан сақлайди.
Уйқуга ётиш олдидан ҳам юзни парвариш қилишнинг гигиеник аҳамияти бор. Кечқурун уйқуга ётишдан олдин юзни ювмасдан лосонлар ёки суюқ кремлар ва ўзингиз тайёрлашингиз мумкин бўлган эритмаларнинг биридан фойдаланиб артиш лозим.

Юзни ювиш ўрнига бодринг дамламаси ёки лимон сувига пахта ҳўллаб артиш ҳам мумкин. Бодринг дамламасини тайёрлаш учун барра бодринг олиниб, қирғичдан ўтказилади. Сўнг қирилган бодринг устига баравар миқдорда спирт ёки одеколон қуйилиб, икки ҳафта сақланади. Шундан сўнг уни эзиб сузгичдан ўтказилади.

Дамлама ишлатиш олдидан баравар миқдорда сув қўшиб суюлтирилади, сўнгра 100 г. дамламага 5 г. глицерин қўшилади. Лимон сувини тайёрлаш ҳам осон: яримта лимоннинг суви сиқиб олиниб сузиладида, бир чойқошиқ глицерин ва
50 г. сув қўшилади.
Ёғли тери мойлангандек ялтираб туради (ёғ кўп ажралиб чиқади), дағал бўлади, баъзан кир кўринади. Ёғ безлари йўлларининг кенгашидан ёғ чиқадиган тешиклар жуда билиниб туради, уларни кўпинча қора нуқталар беркитиб қўяди. Ёғли терига баъзан яллиғланган йирик ҳуснбузарлар тошади.

Яна ўқинг:  Тарвуз

Ёғли тери


Ёғли тери ҳам алоҳида парваришни талаб қилади. Терининг ёғ босиши ёғ безларининг зўр бериб ишлаши натижасидир. Унинг ёғли бўлишига нерв системаси, ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши, меда-ичакларнинг сурункали касаллиги, модда алмашинувининг бузилиши ҳам сабабчидир. Шунинг учун бундай кишилар меъда-ичак тракти (ҳазм қилиш аъзолари)нинг фаолиятига бефарқ қарамаслик­лари, соғлом ва оқилона тарзда турмуш кечиришлари, очиқ ҳавода имкони борича кўпроқ бўлишлари керак. Ёғли терини яхшилаб тозалаш, лекин юзни иссиқ сувга камроқ ювиш лозим, чунки иссиқ сув ёғ безларининг фаолиятини кучайтиради.
Юзни иссиқ сувга ҳафтада бир марта ювиш, сўнг кетидан 2-3 марта совуқ сув билан чайиш лозим. Қолган кунлари юзни эрталаб совуқ сувга ювиш тавсия этилади; совуқ сув тери тўқималарининг яшаш қобилиятини оширади, терини чиниқтиради, ёғ чиқадиган тешикларни торайтириб, ёғ чиқишини камайтиради. Кечқурун ёғли терини махсус лосонлар билан пахтада артиб тозалаш тавсия этилади. Юз териси ёғли бўлиши билан бирга пўст ҳам ташласа, совуқ сувга ювишдан олдин бундай терини ўсимлик мойи, қатиқ (кефир) ёки махсус суюқ крем билан артиш керак.

Юз терисини жуда майда қилиб туйилган ош тузи билан тозаласа ҳам бўлади; бунинг учун ҳўл пахтани совунлаш ва устига туз сепиш, кейин юз терисининг ёғли жойларини шу пахта билан (ортиқча босмай, доиравий ҳаракат қилдириб, тери чизиқлари йўналишида) совунлаш керак, совунли шўр кўпикни ўзи қуригунча юзда қолдириш, сўнгра совуқсув билан ювиб ташлаш лозим. Совунлаб ювгач юз териси қуришадиган кишилар юзига намлигидаёқ юпқа қилиб махсус крем суришлари зарур. Терининг қуруқ жойларига эса қуруқ тери учун чиқарилган кремдан суриш керак.

Ёғ безларининг ёғ чиқадиган тешиклари жуда билиниб турадиган, ёғли кишиларга оқсилдан, мевалардан, сабзавотлардан ва хусусан бадягадан ниқоб тортиш фойдали. Юз териси ёғли бўлган кишиларга ичини юриштириб туриш, кўпроқ ҳўл мева, сабзавотлар ейиш, сут-қатиқ ичиш, ўткир зираворли таомлардан воз кечиш, овқатга қўй ва мол ёғи ўрнига кўпроқ ўсимлик ёғи ишлатиш, ширинликлар (хусусан шоколад, асал ва ширин нонлар)ни камроқ истеъмол қилиш, шу билан бир вақтда дорихоналарда сотиладиган поливитаминлардан (В1, В2, C, PP) еб туриш, бадан тарбия ва гимнастика билан шуғулланиш тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Сурункали милк яллиғланиши Альцгеймер касаллигига сабаб бўлади

Қуруқ тери


Қуруқ тери ёшларда ҳам, ўртача ёшдаги ва ёши улғайган кишиларда ҳам учрайди. Ёшларда ва ўртача ёшдаги кишиларда юз терисининг қуруқ бўлиши табиий ҳолдир. Бундай тери нозик, юпқа, тиниқ бўлади, ёғ чиқиб турадиган тешиклар билинмайди, лекин пича сезиларли ажинлар (ёшларда ҳам) бўлиши мумкин.
Махсус парвариш қилинмаса бундай тери баъзан пўст ташлайди, унга иссиқ ва совуқ, совун, турли мой (маз)лар ҳамда баъзи бир юмшатувчи кремлар дарҳол таъсир қилади. Ёш улғайгач, теридаги ёғ ва нам миқдори камайиши натижасида нормал, ҳатто ёғли тери ҳам қуруқ бўлиб қолади.
Ёғ безларидан ёғ доимо бир хилда чиқиб турмайди; бу кишининг ёшига, турмуши ва меҳнат шароитига, ейдиган овқатига, витаминлар камлигига, нерв системасининг, ички секреция безларининг, меъда-ичак системасининг фаолиятига боғлиқ.
Ёғ етарлича чиқмаса тери қуришиб қолади. Шамол таъсиридан, ҳароратнинг кескин ўзгаришидан ҳам тери қуруқлашади. Юзнинг қуруқ терисини парвариш қилишда унинг қуруқлиги нимаданлигини ҳисобга олиш лозим. Юзининг териси болалигиданоқ қуруқ бўлган кишилар крем суриб юзининг терисини ёғ билан қўшимча таъминламоқлари лозим.
Организм қариётганлиги сабабли қуришаётган терини қўшимча равишда ёғ билангина эмас, балки нам билан ҳам таъминлаб туриш керак. Шу сабабли қуруқ терини тозалашнинг муҳим аҳамияти бор. Қуруқ терили кишилар эрталаб юзини совуқ сувга (совунсиз) ювишдан 3-5 минут олдин қатиқ, ўсимлик мойи ёки суюқ крем суриб юз терисини юмшатишлари, ювинганларидан кейин эса нам терига ёғли кремлардан биронтасини суришлари лозим.
Кремдан кейин юзга қуруқ тери учун чиқарилган упа салгина қўйилгани маъқул. Кечқурун қуруқ терини пардоз-андоз суви билан ёки суюқ кремлар ёхуд ўсимлик мойи билан артиб тозалаш тавсия этилади. Ёзда юзни бодринг лосони билан артиш керак. Баъзи бировлар кечаси юзга крем суриш зарарли, уни барвақт буриштириб қўяди дейишади. Крем мўл қилиб сурилса ва эрталабгача терида қолиб кетсагина шундай зарар етказиши мумкин.
Ёши улғайганлиги сабабли териси қуришаётган кишиларга юмшатувчи ёғли кремни «нам усул»да суришни тавсия этамиз. Бунинг учун пахтани бир озгина туз солинган сувда ҳўллаш, сувини салгина сиқиш ва шу пахтага ёғли крем қўйиб босиб-босиб ва секин-аста уриб-уриб сингдириш керак. Шунда тери ҳам ёғланади, ҳам намланади. Қуруқ терига мой қўшилган тухум сариғидан, мойсут, хамиртурушдан ва мева-сабзавотдан ниқоб тортиш фойдали.

Яна ўқинг:  Игна билан даволаш озишга ёрдам беради

Аралаш ёхуд мураккаб тери


Бундай терили кишилар кўп учрайди. Юзнинг турли қисмларида терининг қандай хилда эканлигини аниқлаш ва қайси жойда қуруқ ва ёғлилигига қараб, унга мос воситалардан фойдаланишга алоҳида аҳамият бериш керак. Масалан, кишиларнинг бурни, пешонаси ва ияги ёғнинг кўп ажралиб чиқиши сабабли кўпинча ялтираб туради, аксинча уларнинг теварак-атрофи, жағ ва лунж терилари қуруқ бўлади, баъзан пуст ташлайди, буришади. Шунинг учун бундай терини парвариш қилишда қуруқ қисми қуруқ териники каби, ёғли қисми ёғли териники каби парвариш қилинади.

Бўшашган (салқиган) тери


Бундай тери рангсиз, ёғсиз бўлиб, бўшашиб, буришиб ва осилиб туради. Бундай бўшашган терига қуйидагича даво қилинади: тирноқ гулни қайнатилган сув билан баробар миқдорда қўшилади. Эрталаб юзни ювиш ўрнига шу дамламага шимдирилган пахта билан артилади.
Агар тирноқгул топилмаса, бир стакан сувга бир чойқошиқ майда туз солиб эритиш ва тайёрланган намакобни пахта ёки сочиқ учига шимдириб юз ва бўйинга суриш керак. Кейин юзни бир оз шапатилаш лозим. Агар тери юпқа, яъни нозик бўлса туз ўрнида ярим чойқошиқ танинни бир стакан сувга қўшиб юзга суртилади, юз бир оз шапатиланади, куни билан ювилмайди, кечқурун совуқ сув билан ювилади.
Юз териси бўшашган тақдирда қишда лимондан, ёзда эса бодрингдан, помидордан, ҳўл мевалардан ниқоб тортиш яхши натижа беради. Бундан ташқари, гимнастика, бадан тарбия билан шуғулланиш, очиқ ҳавода сайр қилиш ҳам фойдали. Бундай кишилар Б витамини еб туришлари керак. Бу чоралар сезиларли натижа бермаса юз терисини массаж қилдириш лозим. Даволаш даврида жами 15— 20 марта массаж қилинади, даволаш йилига икки марта ўтказилади.

Дилрабо МУРОТАЛИЕВА,

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: