“Саломатлик” поезди Бухоро ва Навоий вилоятларининг чекка ҳудудларига жўнаб кетди

Аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарасини ошириш давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Буни ҳар бир юртдошимиз ўзининг кундалик турмушида сезиб, кўриб яшамоқда.

6 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилишда ҳам инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда кўплаб вазифалар қатори ҳудудларда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун “Саломатлик” поездларини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилган эди.

Президентимизнинг мазкур топшириғи ижроси доирасида 24 июль куни Бухоро ва Навоий вилоятларининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини юқори малакали тор соҳа мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш мақсадида “Саломатлик” поездлари Тошкент шаҳридан жўнаб кетди.

Ушбу кўрикларни ҳар томонлама юқори савияда ташкил этиш ва аҳолининг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож қатламини тўлиқ қамраб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида пухта тайёргарлик кўрилди. Ҳар икки ҳудудда ҳам 25 июль куни ихтисослаштирилган марказлар директорлари бошчилигида ўнга яқин тор мутахассислардан иборат гуруҳлар ўз ишини бошлади. Улар таркиби республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари, тиббиёт фанлари докторлари ва юқори малакали шифокорларидан ташкил топгани айниқса эътиборли.

“Саломатлик” поездларини Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга юборилишини таъминлаш ҳамда тиббиёт ходимлари учун зарур шарт-шароитларни яратишда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳар жиҳатдан кўмак бермоқда.

Дарҳақиқат ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни вилоят аҳолисига янада яқинлаштириш, энг чекка туманларда яшовчи фуқаролар ҳам юқори технологик тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш бугун тиббиёт олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Шу мақсадда жорий йилнинг 20 июнида “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017—2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди ва зарур вазифалар белгилаб берилди.

Айтиб ўтиш ўринлики, тизимли ислоҳотлар натижасида маълум натижаларга ҳам эришилди. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди. Қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириб, қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиши бирламчи тиббий ёрдамни янада яхшилаш билан бирга, республика марказларига хос сифатли тиббий хизматни қишлоқ аҳолисига яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Яна ўқинг:  Инсон ва саломатлик

Янгидан ташкил этилаётган Қишлоқ оилавий поликлиникалари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Эътиборли томони, қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори ва ўрта тиббиёт ходимларидан ташқари, хирург, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, ультратовуш текшируви мутахассиси каби тор мутахассислар фаолияти йўлга қўйилгани энг аввало, ихтисослаштирилган тиббий хизматни олис қишлоқлар аҳолисига яқинлаштириш имкониятини яратади. Қолаверса, аҳолини тиббий кўрик ва маслаҳат олиш учун туман марказига, кўп тармоқли марказий поликлиникага қатнаб юришининг олдини олмоқда.

Президентимиз топшириғига кўра, Бухоро ва Навоий вилоятларида ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳам айни шу сай-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Бу кўрикларда ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тўшакда ётиб қолган қариялар ва беморлар ҳолидан зарур тиббий асбоб-ускуналар билан уйига бориб хабар олинмоқда. Кўриклар натижасида аниқланган беморларнинг амбулатор шароитда вилоят ва республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида ва республика ихтисослаштирилган марказларида ўрнатилган тартибда соғломлаштирилиши ҳам кўзда тутилган. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ва кексаларга чуқурлаштирилган текширувлардан олинган натижаларга қараб санатор-курортларга тавсиялар берилмоқда.

Эътиборли томони, ушбу тадбир фақатгина тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилмаган. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан борган малакали мутахассислар маҳаллий шифокорларга мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва даволаш усуллари бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтишмоқда.

Тиббий кўриклар доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ва мулоқотлар ҳам олиб борилмоқда.

Республика марказларининг малакали мутахассислари томонидан ўтказилаётган сайёр консультациялар, мураккаб операциялар туман аҳолисига ўз ҳудудидан чиқмаган ҳолда республика даражасидаги сифатли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиб бергани айниқса диққатга сазовор. Бу эса, беморнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежашга хизмат қилади.

Одамлар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган “Саломатлик” поезди кўплаб беморларнинг оғирини енгил қилмоқда. Буни тиббий кўрикка келиб, малакали хизматдан баҳраманд бўлиб қайтаётган одамларнинг юз-кўзидан ҳам билиш мумкин.

Президентимиз ўринли таъкидланганиидек, соғлиқни сақлаш масаласи ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор бўлиб, бу борадаги муаммолар аҳолининг саломатлигига, охир-оқибатда жамиятимизнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатадиган соҳадир. Шундай экан, энди тиббиёт ходимлари бемор келишини хонада кутиши эмас, жойларга чиқиб, лозим бўлса, хонадонма-хонадон юриб кўрик ўтказиши, бевосита халқ билан мулоқот қилиб, аҳоли эҳтиёжи нуқтаи назаридан фаолиятини ташкил этиши лозим. Шундагини халқ тиббий хизматдан рози бўлади. Эл-юртимизнинг розилиги эса ишимизга унум, касбимизга барака бағишлайди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон шифокорлар терма жамоаси 1/8 финалга чиқди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Aхборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: