Мени ўзгартира оласизми?

Болалик хотиралари унутилмайди. Ўша беғубор дамлардаги яхши кунларни эслаганда дилингда ажиб ҳис туясан, ёмон кунлар эса оғир юк каби танангга оғриқ беради. Кези келганда бу каби азоблар инсоннинг феъл-атворига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Ҳафтанинг чоршанба куни эди. Тўққизинчи синф ўқувчиларидан бири хонамга кириб:

– Ассалому алайкум, сиз одамни ўзгартира оласизми? – дея бехосдан мени саволга тутди.

– Ва алайкум ассалом, агар чин дилдан хоҳласанг, ҳа, албатта. Хўш, айтчи, исминг нима? — сўрадим ундан.

– Исмим Акром, мени ёнингизга киришга мажбур қилишди, – деди у.

– Ким мажбур қилди, – ажабланиб сўрадим.

– Ўртоқларим, уларнинг айтишича, охирги вақтларда ўзгариб қолган эмишман, шунинг учун.

– Хўш, ўзинг нима деб ўйлайсан, чиндан ўзгарганмисан?

– Менимча, ҳаммаси жойида. Назаримда уларга шундай туюлган.

– Яхши, унда мана бу қоғозга ер юзида яшамайдиган бирор бир ҳайвоннинг расмини чизиб бер. Кейин кўрамиз, дея унинг олдига оқ қоғоз билан қалам қўйдим.

У нимадир демоқчи бўлиб юзимга тикилиб турди-да, сўнг индамай расм чизишга киришди. Орадан беш дақиқа ўтгач, олдидаги қоғозни менга узатди. У чизган расмни диққат билан кузатар эканман бола қалбини қаҳр, ғазаб, нафрат ва қўрқув эгаллаганини англадим.

– Ичингда шунча нафрат ва ғазаб бор экан-ку, демак ўртоқларингни сўзи тўғрига ўхшайди. Сўнгра бу гапларим унда қандай реакция беришини кузата бошладим. У жавобимдан менга «ялт» этиб қаради, бироқ, унда мен кутган ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади. Чунки Акром хотиржам ўтирарди.

– Билмадим – қисқа жавоб берди у.

– Агар истасанг сендаги руҳий ҳолатни бошқа усул билан аниқлашга ҳаракат қиламиз. Тасаввур қил, йўлда кетаяпсан. Бу йўл қандай эканлигини кўз олдингга келтир ва уни билганингча менга тасвирлаб бер.

Шу тариқа болага бир нечта психологик саволлар билан юзландим. Акромга қизиқарли тест саволлари маъқул келди шекилли, уларни жон қулоғи билан тинглаб, тўлиқ жавоб беришга интиларди. Гапларидан унинг ҳаётда кўп қи­йинчилик кўргани ва шу туфайли юрагининг туб-тубида қўрқув ва нафрат яшириниб ётгани маълум бўлди. Унга бу ҳақида айтганимдан сўнг ўзи ҳақида қисқача сўзлаб берди:

Яна ўқинг:  Кавказ тоғларида: ЎЗБЕКИСТОН

– Дадам тўғри иш қилсам ҳам нотўғри иш қилсам ҳам ҳар куни мени калтак­ларди. Қўлини мушт қилиб бошимга тинмай урарди. 4-синфни битирганимдан кейин бувамникида яшай бошладим. У ерда эса мени тоғам тинмай турли баҳоналар билан урарди.

Шу топда боланинг кўзига ёш тўлди. У мендан кўз ёшларини яширишга уринди.

– Ойинг ёки бувангга бу ҳақида айтармидинг?

– Йўқ, “агар айтсанг, ўзингдан кўр” деб қўрқитишарди. Шунинг учун ҳеч қачон бунга журъат қилолмасдим.

– Агар айтганингда балки улар сенга ёрдам берган бўлармиди, – дедим.

– Йўқ, улар барибир ёрдам бера олмасди. Биласизми, 7-синфда ўқиётганимда ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. Арқонни тайёрлаётиб, онамнинг дод-фарёд қилаётганини кўз олдимга келтириб, чидолмадим. Уларни ўйлаб бу ишни қилмадим.

– Баракалла, онангни ўйлаб яхши қилибсан, – дедим.

Шунда у бирдан жиддийлашиб:

– Ҳали тоғам билан дадамга ким эканимни кўрсатиб қўяман, – деди нафратдан кўзлари ёниб.

– Ахир у отанг-ку, баъзи оталар шунақа қаттиққўл бўлишади, – дедим уни фикридан қайтаришга уриниб.

– У менга ўгай.

– Ўзингни отангчи, у кишига нима бўлган? – хижолатомуз сўрадим ундан.

– Ажрашган.

– Отанг сендан хабар олиб турадими?

– Баъзида.

– Хоҳласанг онанг билан гаплашиб кўраман.

– Йўқ, мен уйдан кетмоқчиман, мус­тақил яшамоқчиман.

– Қандай қилиб?

– Катта бўлиб қолдим, ўзимни бемалол боқа оламан.

Унинг гапларини тинглаб, шаштидан қайтармоқчи бўлдим. Лекин бугунги суҳбатимиз унга етарли сабоқ бўлганини англаб, индамадим. Уни тез-тез олдимга келиб туришга кўндирдим.

– Яхши, фақат сўз бер, бирор бир иш қилишдан аввал мен билан албатта маслаҳатлашасан, хўпми? Сенга қўлимдан келганча ёрдам бераман, дедим.

У барчасига рози бўлди.

Биз Акром билан яна кўп маротаба учрашдик, машғулотлар олиб бордик. Бора-бора унинг руҳий ҳолати яхшилана бошлади. Маҳалла, мактаб аралашуви билан оиласидаги жанжаллар ҳам барҳам топди. Ҳозирда у ўз севган касби бўйича касб-ҳунар коллежида таҳсил олмоқда.

Психолог Матлуба ТАГАЕВАнинг суҳбатини Майна ҲАСАНОВА ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: