БИЛЛУР ФАВВОРАЛАР ЗАВҚИ

“Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим-қадим замонда, қалин бир ўрмонда сеҳрли уйча бўлган экан, – дея эзгуликни тараннум этиб бошланувчи эртакни эслайсиз-а? Ахир эртакларни, болалик хотираларни ёд олмай бўларканми? Дарҳақиқат, сўлим Тошкентнинг Хадра майдонидаги Ўзбекистон Давлат цирки биносига туташ болалар майдончасига кўрк бўлиб ярашиб турган ана шу сеҳрли мўъжаз уйчани кўрсангиз худди ўша узоқ қалин ўрмондаги мўъжазгина кошонанинг ўзи эканига яна бир бор амин бўласиз.

Президентимиз ташаббуси билан янада кўркам чирой очиб, гулу гулзорга бурканган Хадра майдонидаги замонавий йўллар ва кўркам кўприклар қатори болажонларни эртаклар оламига чорловчи болалар майдончаси кичкинтойларнинг ҳақиқий дам олиш масканига айланган.

Болалар майдончасига кираверишда жойлашган ранго-ранг чироқларга бурканган, биллур сувларини кафтларида завқ билан узатиб худди бир-бири билан кимўзарга ўйнаётгандек қарама-қарши ҳолда жойлашган фавворалар киши кўнглига ажиб бир хуш кайфият бағишлайди.

Биз ҳам куйловчи фавворалар қўйнидаги гавжум кўнгилочар масканда бўлиб бувижонлару бобожонлар ва набиралар суҳбатидан баҳра олдик. Кичкинтой дўстларимизнинг сўзларини тинглар эканмиз, уларнинг донолигидан ҳайратланамиз. Буларнинг билағонлигини-чи… “Замонасига яраша”, дегани шу бўлса керак.

– Бувижон, мен катта уйнинг расмини чиздим. Энди сиз ҳам, бобом ҳам меникига кўчиб келасиз. Шунда Ширин иккаламиз дадажонимга ҳар куни “бизни қишлоққа –бувижонимга олиб боринг”, – деб хархаша қилмаймиз. Набираси Аббоснинг чизган расмига нигоҳ қадаган Рухсора буви бошини сарак-сарак қилганича: “Ўзим ўргилай билағон набирамдан, – дейди жилмайиб. “Бувижон тўхтаб туринг, уйни икки қават қилиб чизаман, шунда яна ҳам кўркамроқ бўлади”. Буви мамнун қиёфада набирасининг бошини силаб қўяди.

– Бобожон келинг сиз ҳам ёнимизга ўтиринг бу тепловоз тез юради, биргалашиб янги кўприкка чиқамиз, кейин сизга чироқлари кўп янги йўлни ҳам томоша қилдираман, – бобосини шоширади Гулшаной. – Хўп бўлади асал қизим, бу янги кўпригинг ва янги йўлинг қаерда экан?, – ажабланади бобоси. – Улар-ми-и? Ана Хадра майдонида-да бобожон,– ҳаяжондан энтикиб сўзлайди набираси. Атрофга разм солиб шоду хуррам қувнаётган болажонларни кўриб, уларнинг завқидан мамнуният билан боқиб турган катталарни кузата туриб Нусрат бобо беихтиёр бир энтикиш билан астагина етказганингга шукур, ҳа бу Мустақиллик меваси-да болам, бунинг қадрига етиш кексаю ёшнинг бурчи саналади,– деганича набирасининг елкасига қоқиб қўяди.

Яна ўқинг:  ХУШХАБАР, РАҚАМЛАР (2015-31)

– Бобожон кетманг, бизникида қолинг эртага сизни боғчамга олиб бораман. У ерда ҳам шундай майдончамиз бор.

Сизга ҳам боғчада ширин кулчалар беришади. Мазза қилиб еймиз. Боғча опамиз Ватан ҳақида шеър ёдлатган. Сизга айтиб берайми?

– Қани-и…? Эшитайликчи болам.

Дониёрнинг дона-дона сўзларига қулоқ тутган Анвар бобо болалар майдончасидаги ўтирғичга суяниб олди.

Бу гул Ватан ғунчалари биз бўламиз,

Улғаямиз бағрида кучга тўламиз.

Бобом- бувим, ота-онам бир оила,

Кўнгиллар шод опа-сингил, ака- ука.

– Ватан, бир оила дейсизми?, – атайлаб ажабланади бобоси Дониёржонни саволга тутиб. – Ватан бу бизнинг уйимиз, оила дегани сиз, бувижоним, дадажоним, ойижоним ҳамда ёнимизда ўтирган Мирҳамид укам ва бешикдаги Гулҳаё синглим-да бобожон.

Мазкур болалар майдончасидан чиқиб Олмазор тумани Қорақамиш даҳасида жойлашган кичкинтойлар билан гавжум кўнгилочар дам олиш масканига йўл оламиз. Ушбу болалар майдончасида турфа ранг қушлар ва ёввойи ҳайвонлар сиймоси акс этган ҳайкалчалар диққатимизни тортади. Бағрида шодон болалар билан гоҳ осмонга, гоҳ замин сари тебраниб учаётган ҳалинчаклар гўё тинчлик куйини тараннум этаётгандек. Болажонларнинг қиқирлаган завқли кулгуси кўкни тутади. Улар билан хайрлашиб тенгдошлари билан гавжум бўлган Тошкентимизнинг Юнусобод туманининг 4-даҳасида жойлашган “Болалар майдончаси”га кириб борамиз. Кичкинтойларнинг шодлигидан бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнашлари, айниқса болалар майдончасида мўъжизавий тезюрар поездчаларга ўтириб қувонч билан катталарга қўл силкитиб кетаётганини кўриб завқимиз ошади. Гўёки улар болаликнинг сеҳрли оламига саёҳат уюштираётганидек.

Ҳа, юртимизга бундай бахт эпкинини сочган тинчлик сўзи, ҳурлик ўзи ва озодлик каломидир. Биз эса ўша олис болалик сари етакловчи эртаклардаги сеҳрли уйчаси бор ўрмонларни энди юртимизнинг ҳар гўшасидаги болалар масканларида кўриб болалик билан бот-бот юзлашаверамиз. Бундан эса ўзимизнинг кўнглимиз янада тоза туйғуларга бурканади.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: