Чўлда даромаднинг чорасини топган азамат

Тадбиркорлик осон иш эмас. У билан шуғулланиш учун инсон сабр-тоқатли, режали, энг асосийси келажакни олдиндан кўра олиши керак. Бу қобилият оилада шаклланса янада яхши.

Ҳали ёш бўлишига қарамай деҳқончилик соҳасида талай ютуқларга эришган Қобилжон Ғуломовга ишбилармонлик, меҳнатсеварлик ва ерни эъзозлаш каби хислатлар отаси Дилмурод Ғуломов, онаси Замира аядан ўтган. У мактабда ўқиб юрган йилларидаёқ ҳовлисидаги бир парча ерни боғга айлантириб, қиш-қировли кунларда ўзи ташкил қилган кичик иссиқхонада помидор, бод­ринг, кўкат каби қиш­лоқ хўжалик маҳсулотларини етиштира бошлади. Бу иши орқали Қобилжон эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга оила бюджетининг юксалишида ота-онасига катта ёрдам берди.

У ёш ниҳолни парваришлашдан тортиб, то ҳосилга киргунича ерга ишлов бериш,ўсимликни чанглатиш, сув ва озуқасидан хабардор бўлиш, етиштирилган ҳосилни бозорга олиб чиқишгача бўлган жараёнларда иштирок этиб, деҳқончиликнинг ҳадисини олди. Танлаган касбига меҳр қўйди.

– Ота-онамнинг “Ерни севсанг, меҳнат қилсанг, кам бўлмайсан”, деган насиҳатларини эшитиб катта бўлдим. Шу боис, мен ва акаларим болаликдан ҳалол меҳнат қилиб улғайдик, ерни ардоқладик, – дейди ёш тадбиркор Қобилжон Ғуломов. – Деҳқончилик борасида орттирган тажриба ва кўникмаларим, қолаверса тадбиркорлик борасида ўзимга бўлган ишонч туфайли туғилиб ўсган юртим Ғиждувонда “Азиз-Агро-Транс-Файз” МЧЖ фаолиятини ташкил этиб, 5 нафар яқинларим билан иш бошладим. 2016 йил Қашқадарё вилояти, Муборак туманидаги лалми ерларда иссиқхона қуриб, у ерда ҳам мустақил тадбиркорлик ишимни йўлга қўйдим. Режаларимни самимий қўллаб-қувватлаган туман ҳокимилигининг масъул раҳбарлари 2 гектар ер ва давлатдан кредит олишимда беғараз амалий ёрдамларини аямади. Сидқидилдан қилган меҳнат ва изланишларимиз туфайли айни қиш чилласида элимиз дастурхонига иссиқхонамизда етиштирилган сархил помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулотларини етказиб бера бошладик. Дастлабки йилнинг ўзидаёқ ҳосилнинг чўғи ёмон бўлмади. Шу боис, олинган кредитни муддатидан илгари қоплашга эришдик.

Айни пайтда қўшимча иссиқхоналар қурилишини бошлаб юборганмиз. Қувонарлиси, ўзим каби 20 нафар ёшларни доимий иш билан таъминладим.

Бугунги кунда тадбиркор Қобилжон Ғуломовнинг ишбилармонлиги туфайли бир вақтлар қаровсиз ҳолда ётган ерда етиштирилган сархил сабзавот маҳсулотлари нафақат туман, балки Қарши ва Ерқўрғон шаҳарлари, ҳатто пойтахтимиз аҳолисига ҳам етказиб берилмоқда.

Яна ўқинг:  Мени ўзгартира оласизми?

Ишни самарали ташкил этиш, интизом, меҳнатга муносабат ва жонкуярлик туфайли жамоа ҳурмат-эътиборини қозонган иш юритувчи Аваз Савриев Қобилжонга бизнес соҳасида яқин маслакдош, ҳамкордир.

“Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган халқ мақолини шиор деб билган аҳил жамоа айни пайтда бир тану бир жон бўлиб, янги иссиқхона қурилишида фаоллик кўрсатишмоқда. Миришкорлар айни август ойининг охирларида елим халтачаларда ерга уруғ қадайдилар. Ниҳоллар ўз-ўзидан ўсмайди, уларни парваришлаб, макро ва микро элементлар билан озиқлантириш, турли зараркунандаларга қарши дорилаш зарур. Ўз вақтида ишлов бериб, ўғитланган ҳар бир туп помидордан 2,5-3 килограммгача, бодринг тупидан 3,5-4 килограмгача ҳосил олиш мумкин.

Ана шундай машаққатли меҳнат самараси туфайли бодринглар 40-45 кун, помидор ва булғори қалампирлар эса 90 кунда ҳосил беради.

Қарабсизки, айни янги йил кириши арафасида юртдошларимиз дастурхони ёз неъматлари билан янада тўкин бўлади.

Тадбиркор бу йил етиштирган маҳсулотларини нафақат ички бозорга, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилишни мақсад қилган. Энг муҳими, қишлоқ хўжалиги соҳасида сифатли уруғ етиштириш нияти ҳам бор. Агар бу режа амалга ошса деҳқонларимизнинг чет давлатлардан уруғ олиб келишига сира ҳожат қолмайди.

Айни пайтда жамоанинг Дилшод Рўзиев, Маҳмуд Ярашев, Маҳбуба Файзиева, Ҳусан Фатхуллаев каби самарали меҳнат қилаётган ёш ишчилари бошқа ҳамкасбларига ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда. Жамоа бепул 2 маҳал иссиқ овқат, махсус ки­йим-бош билан таъминланган.

Ҳа, ҳалоллик бор жойда файз-барака бўлади. Бунга ёш тадбиркор Қобилжон Ғуломовнинг фаолияти мисолида яна бир бор амин бўлдик.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: