УШОҒИ КЎЗГА ТЎТИЁ НОН

Супа саҳнидаги райҳонларни майин тебратаётган еллар дилга бир олам ҳузур бағишлайди. Оппоқ ҳарир дастурхон атрофига жамулжам оила аъзоларининг нигоҳлари хонадон улуғларига қадалган, уларнинг дуолари баробарида энг аввало ушатилган нон яна бир янги оиланинг бунёд бўлишида қўйилган илк қадамдир. Беморлар дардига шифо, танага қуввату дармон бўлган бу улуғ неъматнинг жон қадар эъзозланишининг сири ана шундан бўлса керак? Ногоҳ оёқ тагига тушган биргина ушоқни ҳам авайлабгина олиб кўзга суртган, сизу бизни ҳам шунга ўргатган бобо-ю бувижонларимиз бунинг сабабини жуда яхши билишади. Шовуллаган буғдойзорлар ризқ қўшиғини куйлаганида, бобо деҳқон бир даста каҳрабо доналаридек товланиб бўй тортган буғдой бошоғини кўзга суртиб, дарвоза устуни тепасига илиб қўяр экан тўкинликка шукроналар айтиб хирмонга барака тилайди.

Онамнинг беозор фаришталари

Қия очиқ дарвозанинг бир табақасини очиб ичкарига қадам қўйишим билан димоғимга ёқимли ҳид урилди. Нон ҳиди бунчалар хушбўй бўлмаса… Минг бир гуллар ифоридан-да тотли. Ҳа, бу ўша менга қадрдон онажонимнинг қадоқли қўлларидаги ҳамиша бизга илиниб тутадиган, шарқироқ ариқчага укаларим билан оқизоқ қилиб тотган кулчаларимиз ҳиди. Хаёл бир дам шўхчан болалик томон тортади. Эҳ-ҳе ўша қадрдон дилга яқин ариқчада қанча сувлар оқиб ўтди экан-а..? Ўғлим ва қизимни “Бувижон, бу-ви-ж-о-он биз келдик”, дея тандир ёнида бирин-кетин иссиқ нонларни саватга солаётган онамнинг бағрига отилиши бир зумда хаёлларимни тўзғитиб юборди.

– Вой, ўргилайин ўзимнинг дуру гавҳар, ширин набираларимдан, бувисини кўргани келишибди. Мана бу катта кулча Нуриддинжонга, кичкинаси эса Моҳинуройга, – деганича худди болалар каби қувонаётган онажонимнинг тандир ҳовуридан қип-қизил тусга кирган юзларига боқар эканман, болалигим тутиб мен ҳам ассалому алайкум онажон, менга-чи, менга-чи – деб эркаланиб бағрига бош қўйдим. – Сенгами? Майли саватдагиларнинг ҳаммаси сенга, – таъкидлайди бош ирғаб онажоним. Ва бирдан “Кўзинг оғрибдими, шамоллатдингми? – минг бир хавотирда жавобимни ҳам кутмасдан, – Тандирда охирги нон қолган. Шошмай тур, уни узиб олай, устидаги сув билан кўзингни ювасан”, – дейди куюнчаклик билан. Дарвоқе, ўзи кечадан буён ўнг кўзим сал қизариб, санчиб турувди. Янги узилган нон тандирдан чиқиши биланоқ устига одатдагидан сал кўпроқ сув пуркаган волидам нон юзидаги сувни кафтларим сари сал қийшайтириб авайлаб қўяди. Кафтимдаги сув билан авайлабгина қизарган кўзимни ювишга киришаман. Яна аввалгидек бутун танамга бир ором югуриб кўзим равшан тортади. “Нон суви билан уч марта кўзингни ювсанг кўрмагандай бўлиб кетасан. Чунки, фаришталар тандирга ўт қалаётган аёлнинг елкасига қўниб, нон узаётганида унинг юзига биргалашиб сув пуркашаркан. Нон юзига сепилган сув оддий эмас, балки фаришталарнинг шифобахш суви”, онажоним ҳар галги гапларини яна бир бор такрорлаб қўйишни асло унутмайди.

Яна ўқинг:  ҚАНОТ ЁЯЁТГАН ТАШАББУС

Умр ўтаверар экан. Энди эса баъзида кўзлари қизариб, ногоҳ оғриб қолган фарзандларимга бу сўзларни такрорлар эканман, елкамда ўша онажонимнинг фаришталари, ёнгинамда эса волидамнинг ўзи тургандек бўлади.

Фойдали хусусиятлари

Қадим-қадимдан бебаҳо неъмат аталиб ҳатто ушоғи ҳам минг бора эъзозланиб кўзга суртилувчи, дастурхон кўрки ана шу шифобахш ноннинг фойдали хусусиятлари ҳақида Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология назорат маркази бўлим мудири Шуҳрат Юсуповдан қуйидагиларни билиб олдик.

Инсон бир кунда ўртача 300 граммдан 500 граммгача нон истеъмол қилиб унинг ҳисобига 800-1000 ккал. энергетик қувват, 25-35 грамм оқсил ва 150-200 грамм углеводларга бўлган организмнинг эҳтиёжи қопланади. Бундан ташқари нон маҳсулотлари таркибида В гуруҳига мансуб витаминлар, РР ва Е витаминлари, калий, кальций, магний, натрий, фосфор ва хлор макроэлементлари ҳамда темир, мис, йод, марганец ва фтор микроэлементлари мавжуд. Ушбу маҳсулотнинг озуқавий ва биологик қиймати, фойдаланилган уннинг (буғдой, арпа, маккажўхори, нўхот) тури ва унга қўшилган озуқавий (сут, ўсимлик ёғи, жизза, майиз, ёнғоқ ва бошқалар) қўшимчаларга боғлиқ. Ушбу неъматнинг сифати – намлик, кислоталик ва ғоваклик каби физик-кимёвий кўрсаткичларга ҳам боғлиқдир. Намлиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган ноннинг сифати пасайиб, ҳазм бўлиши қийинлашади. Шунингдек, кислоталиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган нон, меъданинг шира ишлаб чиқарувчи безларини фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ширанинг кислоталиги ошишига олиб келади. Ғоваклиги кам бўлган нон маҳсулотлари истеъмол қилинганда эса, меъда-ичак тизимида ишлаб чиқарилган ҳазм қилиш шираларининг таъсири пасайиб, нон маҳсулоти тўлиқ парчаланмай, унинг таркибидаги организм учун фойдали бўлган моддалар тўлиқ сўрилмайди.

Намлиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган нон маҳсулотлари ҳамда уларни нотўғри сақлаш натижасида, улар Penicillim glaucum, Aspergillus glaucum, Mucor mucedo ва бошқа моғор замбуруғлари билан зарарланиши мумкин. Бундай зарарланган нон маҳсулотларини асло истеъмол қилиб бўлмайди. Чунки, сифати бузилган нон маҳсулотларини истеъмол қилиш оғир (микотоксикоз) хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Ишлаб чиқаришга нигоҳ ташланг

Халқимизнинг дастурхонида биринчи ўринда турадиган шоҳ таом – нон ҳисобланади, – дейди “Тошкент нон” нон ишлаб чиқариш уюшмаси бош технологи Гулчеҳра Ҳошимова. – Айни вақтда уюшма тизимида 45 та корхона фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу корхоналарда Германия, Россия, Чехославакия, Туркия ҳамда Хитой давлатларидан келтирилган жиҳозлар ўрнатилган. Мазкур корхоналарда “Тошкент дон маҳсулотлари” ва “Ғалла-Алтек” тегирмонларида ишлаб чиқарилаётган ва темир, рух, фолий кислотаси ва В гуруҳидаги витаминлар билан бойитилган биринчи навли ун келтирилиб вазни 0,6 кг. қолипли нон (буханка) ишлаб чиқарилмоқда. Унни бойитиш нон маҳсулотлари сифати ва таъмига асло таъсир кўрсатмайди. Нон ёпишда бойитилган ун ўзининг фойдали моддаларини 95 фоизгача сақлаб қолади. Бойитилган ундан тайёрланган ушбу маҳсулот оила аъзоларингизни нафақат анемия (камқонлик)дан ҳимоя қилиб қолмасдан, балки фарзандларингизнинг мия ва бутун вужуди фаолиятини тўлақонли ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Углеводлар манбаи ҳисобланмиш ушбу неъматни истеъмол қилганда бирваракайига чой ва қаҳва истеъмол қилмаган маъқул. Акс ҳолда улар организмнинг овқатдаги темир моддасини ўзлаштиришига 70-100 фоиз тўсқинлик қилади. Ваҳоланки, буларни орадан 30 дақиқа ўтгандан сўнг ичиш тавсия этилади. Нон тайёрлашда ишлатиладиган унинг навига қараб унда 56,2 фоизгача углевод, 9,0 фоизгача оқсил ва 2,0 фоизгача ёғ моддаси бўлади.

Яна ўқинг:  ВАТАНПАРВАР ЁШЛАР – МУДОФАА ТАЯНЧИ

Айни вақтда аҳоли ўртасида қалқонсимон без хасталигини олдини олиш мақсадида йод элементлари билан бойитилган батонлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, буғдой кепаги қўшиб тайёрланаётган нонлар қандли диабет билан оғриган беморлар учун фойдалидир. Улар ич қотиши ва йўғон ичак хасталигини олдини олишда қўл келмоқда. Шунингдек, “Иштаҳа”, “Аромат”, “Шодиёна”, “Лаззат” каби жавдар ва буғдой унлари аралашмасидан тайёрланган мазкур тансиқ неъмат меъда ва ичак йўлларини фаоллаштириб ортиқча семириб кетишнинг олдини олишда тавсия этилади. Жавдар унидан тайёрланган нонлар буғдой унидан тайёрланган нонларга нисбатан энергетик қиймати паст, лекин озиқ толаларида витаминлар кўп ва ичакларда ҳаракат функциясини яхшилайди. Шунинг учун уларни истеъмол қилганда қабзият (ич қотиши) ёки ичак ҳаракатини сусайиб қолиши туфайли юз берадиган нохуш ҳолатлар кузатилмайди.

Кўпчилик севиб истеъмол қиладиган ширин кулчалар асосан олий навли ундан тайёрланади. Унинг таркибига хамиртуруш, шакар, тухум, туз, сут, кунжут, маргарин каби хомашёлар қўшиб тайёрланади. Вазни 0,05 кг. дан 0,2 кг.гача бўлган ширин кулчалар инсон организмида ҳазм бўлиши қийинроқ бўлсада, кўпчиликка хуш ёқади. Бундай кулчалар кўпроқ ёшларга тавсия этилади.

Ўзига хос аҳамиятга эга бўлган қотган нонлар ҳам инсон организми учун муҳим ўринга эга. Уларда кўп миқдорда клечатка мавжуд. Қотган нонда киши организми учун зарур бўлган натрий, калий, кальций, фосфор, темир микроэлементлари бор. Шу билан бирга бундай нон таркибида углевод миқдори кўп бўлиб, меъда-ичак тизимида жуда тез ҳазм бўлади. Юмшоқ нонга нисбатан қотган ноннинг афзаллик томони шундаки, катта ёшдаги ва ёш болаларда учраб турадиган метереоизм (ичакларда газ ҳосил бўлиши) касаллигини олдини олишда ёрдам беради. Бундан ташқари овқатдан заҳарланган организмга қотирилган нонлар меъда-ичак йўлларини фаоллаштиришда ва унинг қувватини тиклашда ёрдам беради. Нонларни қотириш жараёнида ундаги витаминлар ўз кучини йўқотмайди ва инсон организмидаги амино кислоталарни ва ферментларни тиклаб беради. Шунингдек, улар ортиқча вазнни йўқотишда қўл келади. Меъда ва 12 бармоқли ичак хасталикларида ушбу нонларни эҳтиёт қилиб истеъмол қилиш тавсия этилади.

Нон ва нон маҳсулотларини сақлайдиган хона алоҳида, қуруқ ва тоза бўлиши лозим. Яхши шамоллатиладиган, зараркунандалардан ҳимоя қилинган энг иссиқ ва совуқ вақтларда хона ҳарорати 6 даражадан кам бўлмаган, яхши ёритилган, махсус ёғоч полкаларда сақланган нон истеъмол учун яроқлидир.

Яна ўқинг:  БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ЭЪТИБОРДА

Уй шароитида эса махсус нон сақлагичлардан фойдаланиш тавсия этилади. Ёз мавсумида ушбу неъматни целофан пакетларда сақлаш мумкин эмас. Шунинг учун уни ўз эҳтиёжига қараб харид қилиш ва уларни музлаткичларда сақлаш лозим.

Гулчеҳра опа таъкидлаганидек ҳар бир нарсада меъёр зарур. Унга амал қилган киши нафақат ўзини балки оила аъзоларининг ҳам саломатлигини асраган бўлади.

Дарҳақиқат, тириклик манбайи бўлмиш нон қадри жон қадар азиз. Уни асраб-авайлаб, қадрига етишимиз ва фарзандларимиз, набираларимизга бу муқаддас неъматнинг улуғворлигини бот-бот эслатиб туришимиз ҳам фарз ҳам қарздир. Зеро, ВАТАН, ОНА, НОН, ОБИ ҲАЁТ қадри эъзози ҳамиша улуғдир.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Соғлом авлод” мухбири

SHU O‘RINDA

Қолипли (булка) нонларни сақлаш муддати 24 соат, батон ҳамда ёпилган нонни эса 16 соатгача сақлаш тавсия этилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: