МТМга қамраб олинмаган болаларга китоблар тарқатилмоқда
Халқ таълими вазирлиги томонидан қишлоқ жойлардаги мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3–6 ёшли фарзандлари бўлган оилаларга 7 номдаги китоблар бепул тарқатилмоқда. Ушбу тўпламга қизиқарли эртак ва шеърлар жамланган бўлиб, ҳар бир эртак, ривоят ва шеърдан сўнг берилган савол ва топшириқлар кичкинтойларнинг асар ғоясини чуқурроқ англашига, воқеа-ҳодисалар ҳақида мулоҳаза юритиб, фикрини эркин айта олиши, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришига ёрдам беради.
Китоблар тўплами биринчи босқичда 200000, иккинчи босқичда 153000 оилага тарқатилади. Шу мақсадда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари томонидан оилаларнинг рўйхати шакллантирилди. Бунда улардаги мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3–6 ёшли болалар сони, оила жойлашган маҳалланинг туман марказидан узоқлиги, оиланинг кам таъминланганлиги каби жиҳатлар ҳисобга олинди.
Китоблар тўплами оилаларга энг яқин жойлашган мактабгача таълим муассасалари орқали тарқатилади. Бунинг учун республика бўйича 2144 та мактабгача таълим муассасаси танлаб олинди. Тегишли тавсияномага кўра, тўплам ота-оналарга муассасада тузилган ишчи гуруҳ томонидан тарқатилади.
Ишчи гуруҳ аъзолари китобларни ота-оналарга тарқатиш чоғида фойдаланиш методикаси юзасидан тушунча беради. Лойиҳага кўра, мактабгача таълим муассасасининг педагоглари ҳар ойнинг белгиланган кунлари болалар билан учрашиб, ҳар бир китобдан тўғри фойдаланиш бўйича машғулотлар ўтказади.
Айни пайтда барча китоблар белгиланган мактабгача таълим муассасаларига етказиб, оилаларга тарқатиш жараёни бошланди.
Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати