Соғлиғим яхшилангунча енгилроқ ишга ўтишим мумкинми?
Шу йилнинг бошида тўсатдан оғир касалликка чалиндим. Тўла даволаниб чиққан бўлсам-да, соғлиғим олдингидек эмас. Даволовчи врачнинг кўрсатмаси бўйича камида бир йил ўзимни эҳтиёт қилишим керак экан. Шунинг учун раҳбариятдан соғлиғим яхшилангунча мени енгилроқ ишга ўтказишларини сўрасам бўладими?
Юлдуз УМИРОВА,
Тошкент шаҳри
Соғлиғингиз тўғрисидаги тиббий хулоса сизни вақтинча ёки доимий енгилроқ ишга ўтказишга асос бўлолади. Лекин бунда аввалги ишингиздан фарқли равишда иш ҳақи бироз камроқ бўлиши мумкин. Ана шундай ишга ўтказилган кундан бошлаб икки ҳафта мобайнида сизнинг аввалги ўртача ойлик иш ҳақингиз сақланади.
“Меҳнат” кодексининг 218-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ сил касаллиги ёки касб касаллигига чалинганлиги сабабли камроқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга вақтинча ўтказилган ходимларга шу ишга ўтган вақт учун, лекин икки ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида касаллик варақаси бўйича янги ишда бериладиган иш ҳақига қўшилганда ходимнинг аввалги ишидаги тўлиқ иш ҳақидан ошиб кетмайдиган миқдорда нафақа тўланади. Агар касаллик варақасида кўрсатилган муддатда иш берувчи бошқа иш топиб беролмаган бўлса, бунинг оқибатида бекор ўтган кунлар учун нафақа умумий асосларда тўланади.
Саволга Тошкент шаҳар 7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси
Ирода МУСТАФОЕВА жавоб берди.