Шавкат Мирзиёев: тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш – давр талаби
Давлатимиз раҳбари Юнусобод туманидаги “Shifo Nur” кўптармоқли тиббиёт марказида бўлиб, шифокор ва беморлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Катталар ва болаларни консерватив ва жарроҳлик йўли билан даволаш ишларини йўлга қўйиш, ушбу йўналишда хорижнинг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, малакали мутахассисларни жалб этиш лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида хусусий секторга кенг ўрин берилаётир. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Shifo Nur” кўптармоқли тиббиёт маркази 2013 йилда ташкил этилган. 36 ўринли марказда 60 дан ортиқ малакали шифокор офтальмология, пластик жарроҳлик амалиётлари, педиатрия, кардиология, неврология, гинекология, отоларингология, стоматология, физиотерапия ва оптика йўналишлари бўйича аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш керак, деди Президентимиз. Амалиётга энг замонавий технологияларни жорий этиш билан бирга, улардан самарали фойдаланишни ҳам таъминлаш, шифокорлар билими ва малакасини муттасил ошириб бориш зарур.
Умар Асроров,
ЎзА