БАХТ – АВВАЛО, ИНСОН УЧУН

– Нима қилишни, қаерга боришни билмай бошим қотиб юрган вақтлари бир танишимнинг маслаҳати билан “Соғлом авлод учун” фондига ёрдам сўраб бордим. Уларнинг кўмаги билан фарзандим бугун соппа-соғ. Тенгқурлари билан ўйнаб, болалик гаштини суриб юрибди…

Ўзаро суҳбатлашиб кетаётган икки инсоннинг суҳбатини беихтиёр тинг­лаганимдан сўнг “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди фаолияти билан кенгроқ танишиш истаги туғилди ва фонд томонидан амалга оширилган эзгу ишлар хусусида сиз билан ҳам ўртоқлашгим келди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мана йигирма икки йилдан буён оилалар фаровонлиги, турмуш хотиржамлигини таъминловчи энг улуғ восита – фарзанд саломатлиги ҳамда унинг камолотини таъминлаш мақсадида фаолият юритиб келаётир.

Мазкур йўналишда фонд томонидан турли хорижий давлатларнинг нуфузли ташкилотлари билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳам болалар саломатлигини тиклашда муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга она ва бола саломатлигини асраш, ёшларни соғлом турмуш тарзига ошно қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни кашф қилиш ва уларга кўмак бериш йўналишларида ҳам кўплаб самарали ишларни амалга оширмоқда.

Соғлом авлод – соғлом ҳаёт демакдир

Фарзанд – оила қувончи, жамият таянчи. Унинг соғлом, билимли ва салоҳиятли бўлиб улғайиши нафақат ота-оналар, балки давлатимиз сиёсатининг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Шу боис Истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ болаларга юксак меҳр ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз нуфузли халқаро ташкилот – “Save the children” томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра дунёнинг 161 давлати ичида юқори ўнликдан жой эгаллади. Бу юксак натижа ниманинг маҳсули? Албатта, истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини таъминлаш, айниқса, мамлакатимиз келажаги – ёш авлодни маънан ва жисмонан соғлом вояга етказиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар, шунингдек, кишиларнинг дунёқараши ўзгаргани, фарзанд таълим-тарбиясига эътибор кучайгани, энг муҳими, оилаларда ота-онанинг бола олдидаги масъулияти ортганидир. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар болаларнинг соғлом ва баркамол улғайишига замин ҳозирлаётир. Бу борада “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида фонд томонидан ногиронлик, туғма ва ирсий хасталикларнинг олдини олиш мақсадида республика скрининг марказлари билан ҳамкорликда 100 минг 273 нафар янги туғилган чақалоқлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган ҳолатларда беморлар Республика Скрининг марказида бепул тиббий хизмат ва дори-дармонлар билан таъминланди.

Яна ўқинг:  ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА ТЎРТ ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ СЎЗИ

Шу ўринда фонднинг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси томонидан амалга оширилган ишларни айтиб ўтиш жоиз. Жумладан, жорий йилнинг шу даврига қадар республика миқёсида 110 минг 910 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 55 минг 216 нафарини аёллар, 29 минг 657 нафарини болалар, 15 минг 363 нафарини ўсмирлар (шундан 12 минг 567 нафари ўсмир қизлар) ташкил қилган бўлса, тиббий текширувлардан ўтган эркаклар сони 11 минг 647 нафарга етди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаатлари учунлигини бугун бутун дунё эътироф этмоқда. Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўплаб хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш йўналишида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳам бунга мисол бўла олади.

Хусусан, Германиянинг “Friedensdorf International”, Жанубий Кореянинг “Vision Care Servise” халқаро ташкилотлари, “Junior Chamber International – JCI” ва Ча университети қошидаги Пундан Ча Госпитали ва кўплаб халқаро тиббий муассасалар билан болалар саломатлиги йўлидаги ҳамкорлик ишончли йўлга қўйилган ва бу эзгу анъана тусини олган. Бунинг натижасида “туғма юрак нуқсони”, “терининг куйишдан кейинги асоратлари” ва “лаб-танглай нуқсони” ташхиси қўйилган бемор болалар ҳорижий давлатларнинг тиббиёт муассасаларида саломатликларини тиклаб қайтишмоқда.

Улар сафида мамлакатимизнинг олис ва яшаш ноқулай бўлган ҳудуд фарзандларининг борлиги юртимизда ҳамма меҳр ва эътибордан четда қолмагани, ҳар бир боланинг тақдири, унинг келажаги давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яққол далилидир.

Миллий қадриятлар ва янги авлод камолоти

Оилада фарзанд туғилса, хонадон аъзоларининг, қавму-қариндош, қўни-қўшниларнинг қувончи чексиз бўлади. Очиқ юз, кўтаринки кайфият билан чақалоққа пешвоз чиқади. Унинг келажаги ҳақида яхши ниятлар қилади. Албатта, дунёда бундай аҳил ва ҳамжиҳат халқни топиш мушкул. Ҳаёти ширин бўлсин деб қўни-қўшнилар ширинлик улашади, қариндош-уруғ қозонга ўт қалаб меҳмонларнинг тадоригини кўради. Бу асрлар оша келаётган қадимий анъаналаримиздан. Бироқ туғилган боланинг тақдири, унинг келажаги ҳақида она Ватан қайғуриб туришидан ортиқ бахт борми?! Унинг ҳар томонлама етук вояга етишини таъминлаш борасида юртимизда барча имкониятлар муҳайё. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Юксак маънавият – енгилмас куч”. Шуларни инобатга олган ҳолда фаолият юритаётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам ёшларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш йўлида кўплаб самарали ишларни амалга оширмоқда.

Яна ўқинг:  Ҳамкорликнинг янги уфқлари

Жумладан, жорий йилнинг шу даврига қадар фонд ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан 1 минг 361 та маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилинди.

“Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Президентимиз истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ олға сурган мазкур ғоя бугун ўзини том маънода оқлади. Ватанпарвар, оилапарвар, меҳр-мурувватли, эл ишига камарбаста авлодни камол топтириш эзгу мақсадга айланди. Кўпгина ташкилотлар қатори “Соғлом авлод учун” фонди ҳам бу борада хайрли ишларни бош-қош бўлаётир.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун кўнгилочар тадбирлар, мамлакатимизнинг тарихий обида ва қадамжолари, Самарқанд, Бухоро, Хоразм сингари бой маданий меросга эга шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан болаларда Ватанимиз тарихи, улкан маданий ва маънавий меъросимизга эҳтиром туйғуларини шакллантириш билан бир қаторда турли ёт ғояларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни ҳосил қилишга ёрдам беради. Шу мақсадда Ҳар йилги анъанага кўра “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу йил ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳат ташкил этилди. бу эзгу ишлар йил якунигача давом этади.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда тажрибали рассомлар ва ёш ижодкорларнинг бадиий турли кўргазмалари ташкил этиб келинмоқда.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Халқ таълими, Маданият ва спорт, Ташқи ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда 1–халқаро “Наврўз садолари” фестивали ташкил этилди. Мазкур фестивалда 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 1000 нафардан ортиқ бола иштирок этди.

“Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда ўтказилган “Камалак юлдузлари” расмлар танловида 1 минг 500 нафар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари иштирок этди.

СПОРТ – ОЙДИН келажак кафолати

“Болам чемпион бўлди”. Биргина гап. Аммо бунинг замирида оиланинг, ота-онанинг, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйнинг юзи ёруғ бўлади. Бизнинг қишлоқдан ёки маҳалладан чемпион чиқди. Бу эсини таниган боладан ёши улуғ нуронийнинг қалбигача фахр туйғусини олиб киради. Чемпионлар жажжи авлодга ўрнак вазифасини ўтайди. Улар ҳам юқори марраларга эришишни олдига мақсад қилиб қўяди. Энг муҳими, ҳали мактаб остонасига қадам қўйишга улгурмаган боланинг қалбида ҳам улуғвор орзулар куртак очади. Ватан байроғини халқаро майдонларда юқори кўтариш уларнинг эзгу мақсадига айланади. Бунинг учун эса мамлакатимизда қулай муҳит яратилган. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг спорт соҳасида ўтказаётган турнирлари бунинг яққол мисолидир. Биргина болалар спортини ривожлантириш, уларни доимий соғлом турмуш тарзи билан ошно қилиш йўналишида фонд ва унинг ҳудудий таянч масканлари томонидан 2015 йилнинг ўтган вақти давомида 523 та спорт тадбирлари ўтказилди.

Яна ўқинг:  ШИОРЛАР ШИВИРЛАБ АЙТИЛМАЙДИ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – устувор мақсад

Дунёда инсонларга яхшилик қилиб яшашдан ортиқ фазилат бўлмаса керак. Зеро, бирор инсоннинг кўнглини кўтариш, яхшилик қилиш ҳар биримизнинг чин инсонийлик бурчимиздир. Давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳам ижтимоий ҳимоя эканлиги юртимизда бу масалага давлат аҳамияти даражасида эътибор қаратилаётганидан дарак беради. Мустақиллик йилларида “Ислоҳот ислоҳот учун эмас аввало инсон манфаатлари учун” шиори кенг ёйилди. Ушбу йўналишда қабул қилинаётган қарор, қонун, фармон ва давлат дастурлари мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси бўлди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ДАК билан ҳамкорликда анъанавий йилига икки маротаба ташкил этиладиган “Саломатлик” поездлари Қорақалпоғистон республикаси ва Навойи вилоятларнинг экологик ноқулай ва чекка, Қашқадарё ва Сурхандарё вилоятларининг тоғли ҳудудларига мурувват юклари олиб бориш, у ердаги аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларга зарурий ёрдамларни кўрсатиш сингари вазифаларни бажариб келмоқда.

“Фарзанд омон бўлса миллат саломат”, дейди доно халқимиз. Болалари соғлигини ўйлаган элнинг эса келажаги буюк бўлади.

Серқуёш Ўзбекистон заминида ўсаётган ҳар бир ниҳол унинг меҳрли тафтидан озуқа олганча мағрур бўй чўзаётир. Истиқлол шу табаррук бобо Қуёш каби саховатли. Унинг қайноқ меҳрини ҳис қилиб улғаяётган фарзандларимиз дунёдаги энг саодатли ва бахтли авлоддир. Зеро, бу юртда бахт – аввало, инсон учун.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Sog’lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: