Бир дарахт соясида

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Кадиобод маҳалласи, Қорасарой кўчасининг 34-хонадонини маҳалла аҳли «катта ҳовли» ёки «дўхтирлар ҳовлиси» деб атайдилар. Бу хонадонда ўтган асрнинг 80-йилларига қадар учта катта оила – шифокорлар сулоласи дарғаси Абдураҳмон ака Абдураҳимов, укаси Абдусаттор ва синглиси Халимахонларнинг оиласи билан тинч-тотув, ҳамжиҳат яшаганлар.

Катта ҳовлидагиларнинг аъмоли одамларга ёрдам бериш, уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш эди. Бу масканда тиббиёт соҳаси билан ўз ҳаётини боғлаган неча инсон вояга етди. Бугунги кунда бу оиланинг фарзандлари, келинлари, куёвлари, неваралари ҳам катталар қилган ишларни давом эттиришмоқда.

Биз филология фанлари номзоди, Тошкент Тиббиёт Академиясининг «Ўзбек тили, педагогика ва психология» кафедрасининг мудири вазифасида фаолият кўрсатган, шу ҳовлининг келини Нодира Дўстхўжаева билан қайнотаси Абдураҳмон ака ва амакиси Абдусаттор Абдураҳмоновларнинг ёрқин хотирасини ёдга олишни ният қилдик. Чунки, Н.Дўстхўжаеванинг ҳаёт ва фаолияти йўлида ушбу шифокорлар сулоласи дарғаларининг муносиб ҳиссаси бор…

Нодира опанинг қайнотаси Абдураҳмон Абдураҳимовнинг талабалик даври Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган, билимга чанқоқ, изланувчан талабанинг имкониятларини илғаган устозлари талабалар ўртасида ўтказилган катта танлов асосида уни профессор Ф.Детенгоф раҳбарлигидаги “Психиатрия” кафедрасида ишга олиб қолишади. У қатор йиллар ўзи севган касбида сидқидилдан меҳнат қилди. Аспирантурага ўқишга киргач, А.Абдураҳимов ички касалликлар натижасида келиб чиқадиган руҳий касалликлар, уларни даволаш ва дифференциация қилишга оид номзодлик ишини ёқлайди. Эътиборлиси, бу илмий иш Ўзбекистонда психиатрия йўналишида қилинган илк илмий изланиш эди. Шундай қилиб, Абдураҳмон ака меҳнат фаолиятида тиббиёт фанлари номзоди, доцентлик даражасигача кўтарилади.

Абдураҳмон ака ҳам амалиётчи-шифокор, ҳам ўша вақтдаги ТошМИ (ҳозирги Тошкент Тиббиёт Академияси)нинг “Психиатрия” кафедрасининг доценти сифатида талабаларга дарс берар эди. Дарс жараёнида «Ҳар бир бемор ўзгача олам, уларга алоҳида ёндошиш керак», – деб уқтирар, беморга ижобий таъсир қилиш сираларини ҳам ўргатар эди.

Абдураҳмон ака кўплаб шогирдлар етиштирган, бир неча фан номзодларига илмий раҳбарлик қилган. Шогирдлари — тиббиёт фанлари доктори, профессор Баҳодир Абдураҳмонов, тиббиёт фанлари номзоди Ҳайитбой Абдуллаев ва бошқалар устозлари ўгитларига амал қилиб келишмоқда.

Абдураҳмон аканинг укаси Абдусаттор Абдураҳимов 1970 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, 30 йил раҳбарлик лавозимида фаолият олиб борган.

Яна ўқинг:  Янги телеканал ишга тушди

Бугунги кунда ака-ука шифокорларнинг эзгу ишларини уларнинг фарзандлари давом эттиришмоқда. Абдураҳмон аканинг қизлари Озода Ибрагимова, Адолат Йўлдошева, ўғли Абдуворис Абдураҳимов болалар шифокори касбини танлашди. Невара қиз Мунира Зупарова ҳам катталарга ҳавас қилиб, шифокор-педагог бўлди. Невара келин Дилдора Абдураҳимова чаққонқўл ҳамширалик касбига меҳр қўйди.

Укаси Абдусаттор аканинг ўғли Абдуғаффор Абдураҳимов, келини Гулчеҳра Абдураҳимова, қизлари Саида Ёқубова, Шоҳиста Абдураҳимовалар ҳам терапевт- шифокор. Куёви Юсуфжон Ёқубов тиббиёт фанлари номзоди, онколог. Невараси Дилдора Ғозиева стамотолог касбида фаолият олиб бориб, эл дуосини олишмоқда.

Моҳир раҳбар Абдусаттор ака ходимларнинг тартиб-интизомига, билим олишига, тиббий деонтология (шифокорларнинг беморларга бўлган муомала маданияти)га катта эътибор берарди. Унинг адабиётга, ижодга ихлоси баланд бўлгани боис, тиббиётга оид 60 дан зиёд илмий-оммавий мақолалари республикамиз газета ва журналларида, «Кўнгил мулки» ва «Ишқ-муҳаббатсиз ҳаёт йўқ экан» номли шеърий китоблари нашр қилинди.

Ташкилотчилик қобилияти, инсонлар қалбига йўл топа олиши билан кўпчиликка ўрнак бўлган А.Абдураҳимов саккиз йил маҳалла оқсоқоли вазифасида жонбозлик кўрсатди. Бундан ташқари, пойтахтимизнинг турли худудларида боғлар яратиб, ободонлаштириш ишларига катта ҳисса қўшди.

Ана шундай ўз ишининг фидойилари бўлган одамохун Абдураҳмон ака ва Абдусаттор акаларнинг ёрқин хотираси шогирдлари ва яқинлари хотирасида мангу яшайди. Хусусан, улардан қолган эзгуликлар фарзандлари ҳаёт йўлини доимо ёритиб туришига ишонамиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: