Бобом босган излар
XIX аср. Бухоро. «Пўшт, пўшт» Қора Қурбон келяпти. Қора Қурбон келяпти «пўшт» деганча сарбоз одамларни у четдан бу четга чиқишга даъват этарди. Ва ниҳоят узоқдан туя карвони кўринди. Карвоннинг олдидаги туянинг устида ёши улуғроқ киши билан 10 — 12 ёшлардаги бир бола бор эди. Четга чиқиб карвон ўтишини кузатиб турган одамлар ўртасида эса ўзаро мунозара бошланди.
Бу бола ким экан? – деб сўради бир киши ёнидагилардан.
– Менимча бу амирнинг Афғонистондаги қариндошларидан бири бўлса керак, – деди бир ёш йигит.
– Назаримда бу узоқдан келаётган карвонга ўхшамайди, – деди унинг ёнидаги йигит ва сал нарида карвонни кузатиб турган ўрта ёшли одамни кўрсатиб.
– Буни устадан сўраш керак, ҳарқалай биздан кўра кўпроқ билади, – дея ҳалиги киши томон юрди. Яқинлашгач, “уста бу бола ким”, деб сўради ҳалиги йигит. Карвон томон жилмайганча қараб турган уста йигитнинг гапидан чўчиб тушди.
– Туянинг устида келаётган болани сўрашяпти, – деди устанинг ёнида турган киши.
– Ҳа, бу болами? Ўрта чўлдан чорвадор Муқимбойнинг ўғли Қурбонбой. Муқимбой амирнинг яқин танишларидан. Ўғли эса отасининг савдо карвони билан ҳар замон келади. Бадавлат-да қоракўл тери мўл, – дея йигитга қараб бошини ирғаб қўйди.
– Шунақа денг, чўлдан эканда. Бу дейман, бойлар бойлик орттириш йўлида ёш боласини ҳам аямайди, чоғимда.
– Йўқ, аксинча, Муқимбой жуда ишбилармон одам. У қишлоғининг кўпгина одамларини иш билан таъминлаб, уларга ҳақ ҳам бераркан. Ўғлининг ҳам ишбилармон бўлишини хоҳлайди. Ахир шундай қилмаса, «Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди-да». Бойлик ҳам ўзидан ўзи келмайди.
Бу ҳикояни болалагимда, эртак мисоли эшитардим. Чунки онам отам раҳматли Қурбон Муқимов ҳақидаги хотираларни бизларга кечқурунлари эртак каби айтиб берарди. Мен бу воқеаларни отам ҳақида эканлигини ҳатто билмасдим, ҳам. Буни эса ёшим ўтгач, билдим. Отам эса ўзи, бобом ҳақида деярли гапирмасди. Онамнинг айтишича, отам бир умр қийналиб, атрофга жовдираб, ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғлар қолаверса, туғилиб ўсган қишлоғи бағрини соғиниб ўтган эканлар.
Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқамайди. Ўшанда 1976 йил 12 январь ойи эди. Мен 10-синфда ўқир эдим. Эрталаб мактабга кета туриб, одатдагидек анчадан буён бетоб ётган отамнинг хонасига кирдим. Мени кўриб отам назаримда нимадир демоқчидек кўзларимга мўлтираб қарарди. Аммо ҳеч нарса демади. Мен ҳам хайрон бўлиб турдим-да ҳеч нарса демагач, хонадан чиқдим. Отам эса ўша алфозда ортимдан қараб қолди. Мактабга келдим, лекин дарс давомида отамнинг ҳолати кўз олдимдан сира кетмади. Нуқул “нега бугун бундай қаради, нима демоқчи эди, нима учун ўзим сўрай қолмадим”, деган савол қийнарди. Дарс тугагач, уйга қараб чопдим. Афсус, қайтиб келгунимча отам бу дунёдан кўз юмган экан. Ана ўша кундан буён отамни эсласам биринчи бўлиб, ўша кунги ҳолати кўз олдимга келаверади. Ўшанда отам раҳматли ҳойнаҳой қатағон бўлган отасининг номи оқланмай қолганлигини армон билан сўзлаб бермоқчи бўлган бўлсалар керак.
Мустақиллигимиз шарофати билан Президентимиз Ислом Каримовнинг «Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинганда оиламиз билан Тошкентга янги кўчиб келгандик. Хабарни эшитиб, йиғлаб юбордим. Ўғлим билан қизим қўшни хонадан югуриб келиб, нима бўлди деганча хавотирланиб менга қарарди. Уларга хушхабарни айтгач, севиниб кетишди. Чунки, фарзандларим ҳам мендан катта бобоси ҳақида кўпгина қизиқарли воқеаларни эшитишганди. Шундай бўлса-да, отамнинг отасининг аслида ким бўлганлигини, у кишининг оиласига нима бўлганини, нега бедарак кетганлигини билмасдик.
Мен ҳам юзлаб ватандошларимиз қатори бобом хотирасини абадийлаштириш мақсадида «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармасига ариза билан мурожаат қилдим. Орадан бир қанча вақт ўтгач эса қўлимга бобом Муқим Раҳмонов ҳақидаги маълумотномани олишга муваффақ бўлдим. Унда шундай ёзилганди:
«Раҳмонов Муқим эл-юрт ўртасида Муқим чўлоқ номи остида машҳур бўлган. У 1931 йил 10 июнь куни қамоққа олинган. Бу вақтда у 49 ёшда бўлган. Самарқанд вилояти Нарпай тумани (ҳозирда Қашқадарё вилояти Косон туманига қарашли) Майдаёбу қишлоғида яшаган. Оиласи Бухор Бекбўтаева, укаси Тўхтамурод, Қурбон, Нарзулла исмли 7 фарзандидан иборат бўлган. Раҳмонов Муқим қишлоқнинг обрўли ва бадавлат кишиларидан бўлган…
«Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармаси».
Кўзим яна ёшга тўлди. Чунки, мен ариза бергач, кунларни жуда ҳаяжонда ўтказгандим.
Бобом хотирасини абадийлаштириш, қолаверса, отамнинг армонларини ушалтириш мақсадида бобом яшаб ўтган Қашқадрё вилоятининг Косон туманига йўл олдим. Болалигимда кўп бориб турадиган Косон туманидаги Майдаёбу қишлоғи мен учун жуда азиз эди. Чунки, бу ерда отамнинг барча қариндош-уруғлари яшашарди. Улар бизларни ҳар гал жуда илиқ, гоҳида йиғлаб кутиб олишарди. Сабаби жигарининг ҳаёти уларни доимо ташвишлантириб турарди. Уларга ҳам бу хушхабарни етказганимда ҳурсандчиликлари бутун қишлоқни тўлдириб юборди. Шу хабардан кейингина улар юрак ютиб, бобомни билган нуронийларнинг уйларига олиб боришди. Биз жуда кўплаб инсонларнинг хонадонларида бўлдик. Шулардан бири Али бобо Раҳматов ўтган асрнинг 40-йилларидан 60-йилларигача шу хўжаликка раҳбарлик қилган, хўжаликнинг оёққа туришига анчагина ҳисса қўшган инсонлардан бўлиб, ҳозирда 90 ёшга кирган, фарзандларини барчасини ўқитган пири-бадавлат зиёли киши эди. У инсон гапни бошлагунча ҳар доимдигидек мен яна ҳаяжонда турдим. Али бува: – Ўҳ-ҳў, Муқимбой чўлни титратган, юракли элпарвар одам эди — дея гапни бошлагач, мен ўзимни тутиб олиб «Худога шукур» деб қўйдим.
Бу инсон билан узоқ суҳбатлашдик ва бобом ҳақида кўп илиқ гапларни эшитдим. Сўнгра бобомни кўрган билган кишилардан бири Султон бобо Сафаровникига келдик.
Султон бобо 1911 йилда туғилган бўлиб, у киши ҳам 90 ёшга кирган экан. Буни қарангки, биз кириб келганда у киши китоб ўқиб ўтирган экан. Бақувват, гавдали, кенг елкали, истараси иссиқ бу кишининг 90 ёшга кирсада юз-кўзидан, гапларидан ҳали руҳи анча тетиклиги кўриниб турарди. Мақсадимизни билган Султон бобо бобом ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берди.
– Муқимбой Раҳмон жуда яхши инсон ўтган. У киши аввал кичкина, сўнгра катта мачит қурдириб, Бухородан, Самарқанддан домлалар олиб келиб, болаларнинг саводини чиқарган. Мен ҳам шу мачитда ўқиганман.
Биз уйларига ташриф буюрганимизда Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадий» асарини ўқиб турган Султон бобонинг китоб жавони анчайин қимматбаҳо китобларга бой эканига гувоҳ бўлдик. Шундай қилиб, пурмаъно бу кишидан бобом ҳақида бир дунё маълумотларга эга бўлдим.
Хуллас, Майдаёбудан чексиз қувонч билан қайтдим. Мен бобомнинг ва отамнинг хотираларини абадийлаштиришга тўла муваффақ бўлгандим. Отамнинг пок руҳлари шод бўлганидан мамнун эдим. Эндиликда барчамиз отам ва бобом чиндан-да элпарвар, ҳақиқий юрт ўғлони бўлганига ишончимиз комил эди. Биз муносиб аждодларнинг авлоди эканимиздан ва кейинги авлод ҳам шу инсонларнинг зурриёди эканидан кўнглим хотиржам эди.
Ойжамол МУҚИМОВА