Умр саодати

Шундай инсонлар борки, уларнинг эл-юрт олдидаги хизматлари кўзга дарҳол ташланмайди. Умр бўйи шогирдларига бағрикенглик, ҳалоллик, юртга содиқликдан сабоқ беришади. Ибратли фазилатлари билан халқ назарига тушган, бутун умрини илм-маърифатга бағишлаган камтарин инсон, моҳир педагог Очилди Эшимов ҳаёт бўлганида 72 ёшни қаршилаган бўларди…

Беш ярим ёшли қизалоқ эдим. Бувим билан чой ичиб ўтирсак, дарвоза очилиб баланд бўйли бир киши кириб келди. Бувим югуриб бориб, унинг елкасига қоқиб кўришди. «Ўзим ўргилай, муаллим ўғлимдан,» — деб уни тўрга ўтқазди. Мурғак ақлим билан англадимки, муаллимлик улуғ мақом. Муаллим бувим билан обдон сўрашгач, менга юзланди:

– Яхшимисан, Саида қизим, мактабга боришни хоҳлайсанми?

Бошим билан «Ҳа» ишорасини бердим. Хаёлимда «бу киши исмимниям биларкан,» дея ўйладим.

Муаллим савол беришда давом этди.

– Нечагача санашни биласан?

– Юзгача.

– Санаб берчи.

Санадим.

– Бу ўқишниям билади, — суҳбатга аралашди бувим. Аллақачон ҳарфларни ҳам билиб олган.

Муаллим мулойим кулимсираб, онасига ўхшайди-да, — деди.

Шу тариқа янги ўқув йилидан мактабга қатнай бошладим. Очилди ака эса менинг энг севимли устозларимдан бирига айланди.

Тажрибали педагог, ташаббускор раҳбар Очилди Эшимов 1941 йилда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган бўлса-да, 35 йиллик меҳнат фаолиятини Жарқўрғон туманида олиб борди. 1959 йилда 10 йиллик ўрта таълимни якунлаган Очилди ака Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг «Физика ва умумий техника» факультетига ўқишга кирди. 1964 йилдан у кишининг педагогик фаолияти бошланди.

– Очилди ака, ҳаётни синов деб биларди. У шогирдлари, фарзандларига виждонли бўлиш, жамият ва эл-юрт олдида бурч­ли эканлигини уқтирарди,– дейди у кишининг шогирдларидан бири Бобомурод Қурбонов. – Буни ёшликдан идрок этсангиз, ҳаёт синовларига бардош бериб, ўз йўлингизни топишга интилсангиз, ниятингизга эришасиз, дерди у киши бизга.

Ғайратли раҳбар, меҳрибон устознинг хайрли ишларини у 12 йил раҳбарлик қилган Жарқўрғон туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳурмат билан эслайди. Устоз мактаб директорлигига тайинланганида жамоада педагог кадрлар етишмас, бу эса таълим сифатига жиддий таъсир кўрсатарди. Узоқни кўра билган директор ўқитувчиликка иштиёқи баланд ёшларни билим юрт­ларига эргаштириб бориб, ўқишга кириши, етук педагог кадр бўлиб етишиши учун қўлидан келган ёрдамини аямасди.

Яна ўқинг:  Бола ҳам ниҳолга ўхшайди

– У киши ободончиликни яхши кўрарди. Менга доим турли гул кўчатларини олиб келишимни тайинлар, табиатни севарди. Устоз яратган манзара таълим масканимизга ҳали ҳамон ўзгача чирой бағишлаб турибди, – дейди 50-умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Зумрад Қўзиева.

Очилди ака нафақат менинг, балки устозларимнинг ҳам устозидир. Рафиқаси билан 10 та фарзандни олий маълумотли, ўқимишли, эл-юрт хизматига камарбаста қилиб тарбиялади, воя­га етказди.

Вақт — олий ҳакам дейишади. Очилди Эшимовдан эзгу ишлар, қобил фарзандлар, шогирдлар қолди. Шундай экан у кишининг ёди ҳеч қачон унутилмайди.

Саида ИБОДИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: