Ободлик – обод қалблардан нишона

Нукус шаҳрига борганмисиз? Кенг ва равон йўллар, файзли кўчалар, муҳташам бинолар, шинам уйлар, истироҳат боғлари-ю, болалар майдончалари, хуллас, яшашга иштиёқни янада оширадиган маскан. Қувонарлиси, кейинги йилларда шаҳар янада чирой очиб, бутунлай ўзгача қиёфа касб этмоқда. Кўплаб замонавий иншоотлар, турар жой бинолари, спорт иншоотлари қад ростлади. Бу янгиланишлар эса Нукус кўркига янада кўрк бағишламоқда.

Албатта бундай эзгу ва хайрли ишларга кўплаб яхши инсонларнинг заҳматли меҳнати сингган. Ана шундай фидойи юртдошларимиздан бири Байрам Утегеновдир.

Қаҳрамонимиз 1982 йил Нукус шаҳрининг Кебровул маҳалласида туғилган. Отаси Қувончбой ака 35 йил қурувчи бўлиб ишлаган. Онаси Турсуной опа мактабда 35 йил ёшларга таълим берган. Қувончбой ака ва Турсуной опа 6 нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, эл орасига қўшди. Ўзларидаги бор билимни фарзандларига ҳам улашиб, уларни жамиятга фойдаси тегадиган инсонлар этиб тарбиялади. Ҳозирда катта ўғли Марат ўқитувчи, Байрам қурувчи-инженер, Дамир эса дизайнерлик соҳасида фаолият олиб бормоқда. Қизлари Венера ва Элмира ҳам ўқитувчилик касби орқали она Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилмоқда. Яна бир қизи Раиса эса бола тарбияси билан машғул. Бир сўз билан айтганда бу оилани Нукусдаги энг ибратли хонадонлардан бири, дейиш мумкин.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат унверстетитининг инженерлик-қурилиш факультетида таҳсил олган Байрам ака ўз касбининг етук мутахассиси бўлиш учун устозлари ёнида бир муддат меҳнат қилди. Шундан сўнг тадбиркорлик фаолиятини бошлади. У 2011 йилдан ҳозирги кунга қадар “Акмангит Парахат” қурилиш корхонаси раҳбари сифатида ишлаб келмоқда.

Айни кунларда Байрам Утегенов раҳбарлигидаги корхона қурувчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ давлат дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрсида”ги қарори асосида Нукус туманидаги “Бақаншакли” ОФЙда аҳоли учун намунали уйлар қурмоқда. Қолаверса, ҳудудда жойлашган 26-умумтаълим мактаби таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Энди ўқувчилар кенг ва шинам синфхоналарда чуқур билим олиш имкониятига эга. Шунингдек, жорий йил қурувчилар томонидан маҳалладаги 240 та уй-жойни таъмирлаш, болажонлар учун янги мактабгача таълим муассасаси биносини қуриш режалаштирилган.

 

– Байрам ака билан узоқ йиллардан буён қадрдонмиз, – дейди Маденбой Эсбуғанов. – У билан ишда ҳам, ҳаётда ҳам ҳамфикрмиз. У қўл остида меҳнат қилаётган инсонларнинг хонадонидаги шарт-шароитидан хабар олишни ўзининг бурчи деб билади. Ёрдамга муҳтож инсонлардан сира кўмагини аямайди. Шу боис ҳам барча ишчилар Байрам акани ўз оғасидек яхши кўради. Улар бирор ишни ярим йўлда қолдирган эмас. Қишнинг изғиринида ҳам, ёзнинг жазирамасида ҳам ишчилар билан ёнма-ён меҳнат қилади.

 

Яна ўқинг:  САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ – ДАВР ТАЛАБИ

Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз ўз касбига масъулият билан ёндашади. Ишда ҳам, оилада ҳам ҳаловат топган Байрам ака бугун Бибигул опа билан бахтли ҳаёт кечирмоқда. Улар Аббос, Бегиз, Юнус исмли уч ўғилнинг меҳрибон ота-онаси. Фарзандлар ҳам келажакда отасидек ҳалол, элпарвар, ишбилармон ва самимий инсонлар бўлишни ният қилишади. Биз эса қаҳрамонимизнинг келгусидаги ишларида омад ёр бўлишини тилаймиз.

 

Ойгул РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: