Яхшиликлар шаҳри

Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири

Асл фарзанд оқил бўлар,

Эгри йўлдан кетмайди…

Тўғри йўлдан кетган фарзанд

Билинг, элдан кетмайди.

Ким айтади бу куч-қувват

Бир кун белдан кетмайди?

Бир яхшилик, бир ёмонлик

Асло дилдан кетмайди.

Боболардан қолган боғу

Бўстонларнинг нақшидир.

Яхшиликлар шаҳридир бу,

Яхшиликлар шаҳридир.

Бозорига кирсанг кўзинг

Қамаштиргай расталар.

Расталардан қиқирлайди

Сенга хандон писталар.

Айниқса шод, бахтиёрдир

Сумак сотган усталар.

Бир мўйсафид сумак олар

Бир эмас, саккизталар.

Ёшми қари, мардми, жувон

Бир ниятнинг аҳлидир.

Яхшиликлар шаҳридир бу,

Яхшиликлар шаҳридир.

Инсон умри бу оламда

Бир имтиҳон, бир синов.

Қўрғонларининг кечалари

Тушимга кирар, Денов.

Майли, кимдир ер ҳайдасин

Уй қуриб ўтсин биров.

Қолсин дейман ҳар одамдан

Бир машъала, бир олов.

Орзуларинг булоғидир,

Уммонидир, наҳридир.

Яхшиликлар шаҳридир бу,

Яхшиликлар шаҳридир.

Ердан фақат дон унсину

Меҳр ёғсин осмонлар.

Деразалар алла айтсин,

Нур таратсин айвонлар.

Бу масканда иқбол топар

Яхши аҳду паймонлар.

Чунки, бунда яхшилик бор,

Яшар яхши инсонлар.

Улуғ юртнинг бир тимсоли,

Камолидир, фахридир.

Яхшиликлар шаҳридир бу,

Яхшиликлар шаҳридир.

Яна ўқинг:  Танбеҳ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: