Чўққиларнинг мангу чорлови

Бу дунёга ҳар бир инсон, энг аввало, меҳр истаб келади. Одам боласининг том маънодаги шахс бўлиб камолга етишида она меҳри, у туғилиб ўсган диёрнинг таровати, қон-қардошлик ришталари бениҳоя катта таъсир кўрсатади. Инсон дастлаб оиласида, сўнгра, ташқи муҳит таъсирида мулоқот сабоқларини ўзлаштириб боради. Бу даврдаги ҳис-ҳаяжонлар, орзу-ҳаваслар, армонлар, кейинроқ, унинг тақдир йўлини белгилаб беради, десак янглишмаймиз.

Она меҳри ва киндик қони тўкилган сўлим гўшага нисбатан алоҳида ҳурмат-эҳтиром, киши қалбида инсоний ҳис-туйғуларнинг туғён уришига сабаб бўлади. Бундай шахс ўзлигини англаб етиши замирида бор салоҳияти, куч-қудратини она Ватаннинг шону шавкатини юксалтиришга сафарбар қилади. Очеркимиз қаҳрамони, марҳум Илёс Тухватуллин ҳам ана шундай инсонлардан эди.

Халқаро миқёсдаги альпинист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси Илёс Тухватуллин мамлакатимизда узоқ вақт давомида Альпинизм ва қояга чиқиш спорт федерациясининг вице-президенти лавозимида ишлаб келган. Ўзи севиб танлаган ва бутун ҳаётини, бор куч-қудратини шу соҳа ривожига сафарбар қилган бу қалбидарё инсон ўз Ватани номини улуғлаш йўлида қилган беминнат хизматлари учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Илёс Тухватуллиннинг спорт соҳасида эришган ютуқлари ҳам анча салмоқлидир. У ўз вақтида В.Рицарк номидаги альпинистлар клубининг сардори сифатида «Олтин карабин» халқаро совринини қўлга киритган эди. Бундан таш­қари турли даврларда ўтказилган халқаро миқёсдаги мусобақаларда бевосита иштирок этиб, эришган зафарлари учун кўплаб олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлган эди. Хусусан, 2011 йилда унга «Қор қоплони» номи берилди ва у юртимиз довруғини бутун дунёга ёйди. Бу фидойи ватандошимизнинг жасорати туфайли икки маротаба республикамиз байроғи дунёнинг энг баланд чўққиларидан бири Жомолунгманинг (унинг баландлиги 8848 метр­ни ташкил қилади) шиддатли шамоллар эсиб турган чўққиси устига ўрнатилди. Бундан ташқари жасур альпинист Илёс Тухватуллин уч марта Чогори тоғидаги К-2 ­­чўққисини шимолий томондан забт этган fлпинистлар қаторига кирди. Бу чўққи Жомолунгмадан кейин дунёда иккинчи ўринда туради. 2003 ва 2012 йилларда бу фидойи инсоннинг қишда 7800 метрлик Чогори тоғига чиқишининг ўзи бир жасорат. Чунки, қаҳратон қишда бу жойда ҳаво ҳарорати — 70 Cо даражада бўлади. Илёс Тухватуллин бетакрор спорт устаси бўлиши билан бир вақтда ниҳоятда кўнгилчан, бировларнинг дардига бефарқ қараб туролмайдиган куюнчак инсон ҳам эди. Қаҳрамонимизнинг ҳаётий шиорида «Қалбингдаги меҳр чашмасидаги тароват ва саховатни одамлардан аяма. Шунда улар ҳам сенга нисбатан меҳр-оқибатли бўлишади», деган сўз мужассам эди.

Яна ўқинг:  ДЕМОКРАТИЯ ВА АДОЛАТ КАФОЛАТИ

Альпинистлар табиатан жуда зийрак, одамнинг қалбидаги оқу қорани тезда илғаб оладиган мардонавор одамлар бўлишади. Шундай одамлар орасида катта ҳурмат- эҳтиромга эга бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Альпинизм жуда мураккаб, ҳаёт учун ўта хавфли спорт тури саналади. Бироқ, улкан бўйсунмас тоғ тизмалари бўйлаб аста-секин одимлаб борар экан ҳар лаҳзада ўз ҳаётининг қил устида эканлигини чуқур идрок эта олувчи инсонгина ҳаёт ва мамот масаласини том маънода туяди. Шундай одамгина инсонларни чиндан қадрлай билади. Чунки, бундай инсон чинакамига севишни, ғанимат ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан завқланишни уддалай олади. Эҳтимол, шу боисдан Илёс Тухватуллин жуда хушчақчақ одам эди. Ҳаётга чанқоқ қалб соҳиби бўлмиш каҳрамонимиз тинчликни бениҳоя севар эди. Бу одам экология масаласига ҳам бефарқ қараб туролмасди. Илёс Тухватуллин одамларнинг она табиат билан уйғунликда яшашга ундаб, имкон борича уларни бунга даъват қилиб юрарди.

Табиатни асраб-авайлаш муҳим эканлигини англаб етган фидойи спорт устаси дарахтлар, турли кўчатларни экиб, экологик муҳитни барқарор бўлишига ўзини ҳиссасини қўшишга уринган. Илёс Тухватуллин дунё кезган, турли миллат ва элатлар ҳаётини яқиндан билган инсон эди. Кунлардан бир кун у шундай деди: «Биласизми, ўзбек халқи жуда бағрикенг ва меҳмондўст. Ватандошларимизни кўнгли ҳам, қўли ҳам жуда очиқ. Меҳмондўстликни ўрнига қўйишади. Бундай инсоний фазилатларни дунё халқлари орасида кам учратганман.»

Ҳар қандай вазиятда ҳам одам ва табиат ўртасида узвий алоқадорлик мавжуд бўлиб айрим инсонларда бу муносабат бутунлай ўзгача тус олади. Шу боисдан бўлса керак алоҳида тоифадаги одамлар борки, уларни турли хилдаги табиий унсурлар, олов, сув, ер ёки ҳаво оҳанрабодек ўзига жалб этаверади. Космонавтлар, учувчилар ўз ҳаётини бепоён осмонсиз, денгизчилар эса чексиз уммонларсиз тасаввур қила олмайди. Очеркимиз қаҳрамони Илёс Тухватуллин каби инсонлар эса ўз умрини осмонўпар чўққиларсиз тасаввур эта олмайдилар.

Биз одамлар яхши инсонлар оламдан кўз юмганида «Эҳ, аттанг, эрта ўтиб кетди-я!» деймиз. Лекин ўлим ҳақ экан. Илёс Тухватуллин ва унинг ҳамкасб дўстларини галдаги Анна пурна тоғ чўққисини забт этиш орзуси олис йўлга чорлади. Тоғларда ҳар хил кўнгилсиз воқеа­лар бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда альпинистлар ҳалокатли вазиятларга тушиб қоладилар. Шунда уларга ташқаридан ёрдам келиш эҳтимоли жуда оз. Фақатгина улар ўзи ва шерикларининг кучига ишониб, иш тутишига тўғри келади. Илёс Тухватуллин бундай лаҳзаларда ҳеч ҳам панд бермаганди. Ҳамиша ёрдамга муҳтож шерикларини оғирини енгил қилишга, бор кучини ва билимини сафарбар килишга интиларди. Афсуски, кутилмаганда рўй берган қор кўчкиси Илёс ака ва альпинист дўсти Иван Лобановни орамиздан олиб кетди.

Яна ўқинг:  Ёшлар диққатига!

Мард ўғлоннинг хотираси ҳамиша халқимиз ва яқин дўстлари қалбидан мангу ўчмайди. Жасоратли инсонларнинг фаолияти ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлади ва уларни ҳам улкан ишларни амалга оширишга чорлайди.

Ирода РАҲИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: